Линклар

Руслар тожик президенти ташаббусидан норози

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари Россия ОАВда Имомали Раҳмон ташаббусига муносабат ўлароқ чиқаётган танқидий мақолаларни Дмитрий Медведевнинг июл ойи охирига белгиланган Душанбе сафари олдидан бошланган кампания сифатида баҳоламоқдалар.

Тожик расмийлари Россия ОАВда Имомали Раҳмон ташаббусига муносабат ўлароқ чиқаётган танқидий мақолаларни Дмитрий Медведевнинг июл ойи охирига белгиланган Душанбе сафари олдидан бошланган кампания сифатида баҳоламоқдалар.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг рус тилини расмий муомаладан чиқариб ташлаш ташаббуси Россия расмийлари ва жамоатчилиги танқидига сабаб бўлмоқда.

“Тожикистон рус тилини таъқиқлайди”, “Фақат она тилида”, “Тожикистон президенти рус тилига ҳужум қилмоқчи”, “Тожикистон президенти тожик халқини рус тилида сўзлашмасликка чақирди”, “Тожикистон тилини кўрсатди”, “Русча сўзлашмаймиз”. Булар тожик президенти Имомали Раҳмон Давлат тили куни муносабати билан парламентни “Тил тўғрисидаги қонун”ни тезроқ қабул қилишга чақирганидан сўнг Россиянинг “Коммерсант”, “Независимая газета”, “Московский Комсомолец” каби ўнлаб таниқли нашрларида чоп этилган мақолалар сарлавҳалари эди.

Давлат тилининг 20 йиллиги муносабати билан тожикистонликларга мурожаатида Имомали Раҳмон янги қонун лойиҳаси давлат бошқарувчининг замонавий талаблари ҳамда тожик халқининг миллий ўз-ўзини англаши ва ватанпарварлик ҳиссини ошириш мақсадида ишлаб чиқилганини таъкидлади.

- Миллатнинг буюклиги, энг аввало, унинг ўз тилини қанчалик асрай олиши ва ҳурмат қила билишига қараб белгиланади, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистоннинг “Давлат тили тўғрисидаги қонун”и эски варианти бўйича рус тили ҳозирга қадар Тожикистонда миллатлараро мулоқот тили мақомига эга бўлиб, ҳар бир фуқаро давлат идоралари билан мулоқот қилиш учун мустақил равишда тил танлаш ихтиёрига эга эди.

Хусусан, бу мамлакатда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманлар, суд жараёнлари рус тилида ўтказилиши, фуқаролар давлат ва суд ҳокимиятларига рус тилида ариза ёзишлари мумкин эди.

Аснода, янги қонун лойиҳасига мувофиқ, давлат ва бошқарув идоралари, корхона ва муассасаларда сўзлашув ва ёзишмалар фақат давлат тили - тожик тилида олиб борилади. Бунинг учун эса ҳар бир тожикистонлик давлат тилини билиши шартлиги таъкидланмоқда.
Янги қонуннинг Тожикистонда рус тили мақомини бекор қилиши россиялик сиёсатчилар ҳамда рус оммавий ахборот воситалари ғашига теккан кўринади.

Имомали Раҳмон ташаббусини қаттиқ танқид қилган Россия Давлат думаси МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раҳбари Алексей Тожикистондаги янги тил сиёсати тожикистонлик меҳнат муҳожирлари аҳволига салбий таъсир этиши мумкин, дея тахмин қилади.

- Президент ўз халқини қандай боқади, у ўзининг бу қарори қандай тўполон келтириб чиқариши мумкинлигини тушунаётганмикин? дея савол ташлайди россиялик депутат Островский.

Россия либерал-демократик партияси лидери Владимир Жириновский эса Имомали Раҳмоннинг бу қарорига жавобан Россия тожикистонлик муҳожирлар учун виза режимини жорий этиши зарурлигини таъкидлаган.

Айни пайтда тожикистонлик сиёсатчилар россиялик касбдошлари ўз хулосаларида шошқалоқлик қилаётганларини ва аслида уларнинг иддаолари асоссиз эканини билдирмоқдалар.

- Тожикистонда рус тили мақоми бекор қилинаётганига доир иддаоларда асос йўқ. Зеро, Конституциямизда рус тилига берилган мақом бунинг исботидир. Бир неча кундан сўнг Душанбеда бир қатор сиёсий тадбирлар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Менимча, бу ўша тадбирлар арафасида амалга оширилаётган бир сиёсий ўйин, деб ҳисоблайман, дейди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Давлат Назриев.

Ташқи ишлар вазирлиги расмийсининг маълум қилишича, 28 ва 30 июл кунлари Душанбеда минтақавий тадбир бўлиб ўтади ва унда Россия президенти Дмитрий Медведев ҳам иштирок этади.

Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси масъул ходимларидан бири Тожикистон “Давлат тили тўғрисидаги қонун”ининг янги лойиҳаси билан “Азия плюс” газетаси саҳифасида танишганини ва унда рус тили халқаро сўзлашув мақомини олиши ҳақида бирор-бир ишора йўқлигини билдирди. Исми ошкор этилмаслигини сўраган суҳбатдошимизга кўра, қонун лойиҳасида “ҳар бир тожикистонлик фуқаро тожик тилини билиши зарур”лиги таъкидлангани ва айнан шу банд руслар ғашига текканини қайд этиб ўтди.

Лекин тил тўғрисидаги қонун муаллифларидан бири, филология фанлари доктори Ғаффор Жўраев эски қонун ўтган асрнинг 80-йиллари охирида қабул қилингани ва ўшанда рус тилига халқаро мулоқот тили мақоми берилиши табиий ҳол эканини таъкидлайди.

- Аммо тил тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси мустақилликка эришган Тожикистонда қабул қилинади. Ҳар бир мустақил давлат ўз давлат тилига эга бўлиш ҳуқуқига эга, бунинг ҳеч бир ваҳима қиладиган жойи йўқ.

Менимча, бу қонун лойиҳаси атрофида шовқин кўтараётган кишилар Тожикистоннинг Россия билан муносабатларини бузишга уринмоқда. Ахир президентимизнинг мамлакатда рус ва инглиз тилларини чуқурроқ ўрганиш борасида имзолаган қатор фармонлари бор-ку. Бир нарсанинг моҳиятига тушунмай туриб, шунча машмаша кўтаришнинг нима кераги бор? дейди ҳукумат мулозими.

Ғаффор Жўраевниг таъкидлашича, Тожикистон Конституциясида тожик тили қаторида рус, ўзбек ва бошқа тиллар мақоми сақланиб қолади.

Мустақил таҳлилчилар Имомали Раҳмоннинг тил тўғрисидаги ташаббуси Россияда кескин норозиликка сабаб бўлаётганини ўзига хос сабаблари борлигини урғуламоқдалар. Уларга кўра, Россиядаги айрим доиралар иттифоқ тарқаганидан кейин мустақилликка эришган постсовет ўлкаларида ўз таъсирини сақлаб қолиш ғоясидан воз кечмоқчи эмас.

Бундан икки йил аввал Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов ўз исм-фамилиясини Имомали Раҳмонга ўзгартириб, тожикистонликларни ҳам ўз фамилиясидан -ов, -ев каби қўшимчаларни олиб ташлашга даъват этган эди. Ўшанда ҳам тожик президентининг бу ҳаракати Россия оммавий ахборот воситаларида танқидий чиқишларга сабаб бўлганди.
XS
SM
MD
LG