Линклар

Эркин микрофон

  • Садриддин Ашур

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан йўлланаëтган SMS-хабарлар, бўлаëтган қўнғироқлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Собиқ иттифоқ тарқалиб кетган 90-йилларда Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида иқтисоди тез ривожланиб кетадиган ва минтақада етакчи давлатлардан бирига айланиши башорат қилинган эди. Бироқ, тингловчиларимизнинг айтишларича, шунча табиий бойликлари бўла туриб, мамлакат аҳли қашшоқликда кун кечирмоқда. Бу ҳақдаги фикрларини эркин микрофонга фарғоналик Ғанижон ака айтди. У Ўзбекистонни шундоққина қўшни бўлган Қирғизистон билан солиштиради:

- Мана, Қирғизистон билан бирга ëнма-ëн яшаймиз. Бундай қарасангиз¸ Қирғизистонда ҳамма ëқ етарли. Қирғизистоннинг ҳеч нарсаси йўқ. Бизда ҳамма ëғимиз бор. Еримиз¸ пахтамиз¸ олтинимиз¸ ҳамма ëғимиз бор-ку¸ лекин яшашимиз яхшимас. Яхши яшаëтган одамлар Кореяга борган¸ омади чопиб қолган ëки ҳаромдан бўлган одамларда. Ҳаромдан топаëтган одамлар яхши яшаяпти. Қолган одамлар қийналаяпти-да.

Бундай қарасангиз¸ 80 фоиз одам ишсиз. Қирғизистонда-чи? Ҳамма нарсаси бор мисол учун. Хитойдан ҳамма нарса келаяпти. Ўзбекистонга ҳам ҳамма нарса Хитойдан ўтаяпти. Бўлаëтган ишларга бундай қараб туриб бўғиласиз-да. Бизнинг бойлигимиз қаëққа кетаяпти - ҳайронмиз. 20 йилдан бери ўсмадик-да. Пулимиз умуман бир чатоқ. Бизнинг 42 сўмимиз қирғизнинг бир сўми бўлаяпти-да¸ дейди фарғоналик Ғанижон ака.

Унинг айтганлари ҳозир Россиянинг Тула шаҳрида меҳнат муҳожиротида юрган бухоролик Акбаралининг гапларига ҳамоҳангдир. Акбарали илгари фермер бўлган экан. Лекин у хўжалигидаги саккизта қорамолини сотиб бўлса ҳам фермерлик ишини юриштиролмаган. Охир-оқибат, у мардикорлик қисматини танлашга мажбур бўлган:

- Бухорода фермер хўжалик раҳбари бўлиб ишладим. Иш юритиш жуда қийин у ерда. Тепадан босим кўп. Ихтиëр ўзингизда эмас. Планни тўлдирасиз¸ пулингизни вақтида ололмайсиз. Йил охирида келаси йилга қарз билан чиқасиз. Уйимда саккизта қорамолим бор эди. Ўшаларни сотиб ҳам фойда кўра олганим йўқ. Кейин ташлаб бу ëққа келишга мажбур бўлдим.

Икки йилдан бери Россияда ишлаяпман. Қурилишларда ишлаб юрибмиз. Тўртта болам бор. Каттасини ўқишга қўя олмадик. Иккинчисини коллежга олиб боришса¸ 300 доллар пул сўрабди. “Нима учун сўрашди?” десам¸ “Коллежлар олдинлари бепул эди, ҳозир пулли бўлди” деб айтишибди¸ дейди Акбарали.

Унинг айтишича, бугун Россиядаги энг кўп меҳнат муҳожирлари – ўзбекистонликлар. "Айниқса, ўзбек аёлининг бу ердаги хўрланишини кўриб, куйиб кетасан", дейди Акбарали.

- Битта Бухоронинг ўзидан битта жойда 20 киши ишлаяпмиз. Хоразмдан келган аëллар бор¸ эр-хотинлар бор. Қийналиб¸ жой топа олмай юрибди бечоралар. Ўзбек аëллари жуда кўп. Кўпчилиги озарбайжонларнинг қўлига тушган. Улар кунига 200-300 рублга ишлатиб юришибди. Менинг бу бечораларга раҳмим келади¸ лекин уларнинг қўлидан паспортини олиб қўйган. Ҳеч қаерга бориб дардини айта олмайди. Икки-уч йиллаб қолиб кетган йигитлар бор бу ерда. Паспортини залогга олиб қўйган¸ бермайди. Мен ўшаларни кўриб жуда ачиниб кетдим. Шу эр-хотинларга ҳам¸ аëлларга ҳам раҳмим келиб кетади¸ дейди Акбарали.

Москва вилоятида ишлаётган Расулжон эса Ўзбекистон ва Россиядаги пенсия тизимларини бир-бирига солиштиради. Унинг айтишича, Ўзбекистонда пенсия тизимининг мукаммал эмаслиги у ёқда турсин, одамлар ҳатто пенсияларини ойлар давомида ололмаяпти:

- Россияда одамлар пенсиясини ҳам 100 фоиз олади¸ ишласа¸ иш ҳақини ҳам тўлиқ олади. Бизнинг Ўзбекистонда 50 фоиз олади. Ишламайдиган пенсионерларга пенсиясини почта ходимлари олиб бориб берса¸ ишлайдиган пенсионерларга пенсия пули ташкилот томонидан берилади. Биласиз¸ ҳозир барча ташкилотлар банкрот бўлиб ëтибди. Кўпи ўзининг ишчиларига иш ҳақини бера олмай ëтибди-ю¸ пенсияни қаердан топиб беради. Энг ками олти-етти ой¸ баъзилар йиллаб пенсиясини ололмаяпти¸ дейди Москва вилоятида ишлаётган Расулжон.

Тожикистоннинг Ғончи туманидан қўнғироқ қилган Давлатбек мамлакатда халқ турмушининг оғир эканлигини айтар экан, қашшоқлик олий ўқув юртларига ўқишга кирмоқчи бўлган болалар келажагига ҳам соя солаётганини айтади:

- Бизда ҳозир ўқишга кирадиган болалардан 95 фоизи ўқишга кирмайди¸ беш фоизи киради. Ўқишлар қимматлашиб кетгани учун пулга муҳтож одамлар кира олмаяпти¸ дейди Давлатбек.

Айни пайтда ўзбекистонлик талабалар ҳам олий ўқув юртларидаги контракт пулларининг яна 30 фоизга оширилганини айтмоқдалар.

***

Озодликнинг "Эркин микрофон"и сиз учун доимо очиқ.

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг ёки SMS йўлланг. Қўнғироқ ва SMS хабарларингизни кутиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG