Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:25

Қаердасан, Беҳзод?


Сўнгги пайтларда Қозоғистонда ишлаётган ўзбек муҳожирларининг асоратга тушиб қолиш ҳоллари кўпайиб бормоқда.
Сўнгги пайтларда Қозоғистонда ишлаётган ўзбек муҳожирларининг асоратга тушиб қолиш ҳоллари кўпайиб бормоқда.

Бир йил аввал Қозоғистонда қулликка тушиб қолган хоразмлик Беҳзод Икромовнинг қаерда экани ҳануз номаълумлигича қолаётир. Бу ҳақда “Нажот” инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабар қилади.

Хоразм вилояти Хива тумани Шоҳимардон маҳалласида яшовчи Беҳзод Икромов отаси билан бирга Қозоғистонга мардикорликка отланганида 17 ёшда эди.

Беҳзоднинг онаси Зулайҳо Қаландарованинг Озодликка айтишича, эри билан ўғлини қўшниси иш топиб бериш ваъдаси билан алдаб Қозоғистонга олиб кетган.

- 2008 йилнинг 12 май куни Беҳзодни қўшнимиз Бахтиёр Бекжонов олиб кетган. Беҳзоддан ташқари яна ўн нафар одам бор эди. Улар орасида эрим ҳам бор. Бахтиёр Бекжонов ўн бир одамни Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилояти Жалағаш овулида яшовчи Нурлибек Мамбаев исмли кишининг уйига ишлашга олиб кетди.

Бахтиёр Бекжонов Нурлибекка “ўн одам олиб келаман, 5 минг доллар берасан”, деб айтган экан. Кейин хивалик ўн бир одамни олиб бориб, пулни олган ва кейин ўзи қочиб кетган, дейди Зулайҳо опа.

Суҳбатдошимизга кўра, орадан маълум муддат ўтгач, хиваликлар ўзларининг алданиб қолганини сезиб, қозоқ хўжайинларининг уйидан қочиб кетишган.

- Ўн бир одамнинг ҳам паспорти Нурлибекнинг қўлида қолган. Уларнинг ҳаммаси турли ёқларга қочиб кетишган. Эрим бир амаллаб уйга етиб келди. Қўшнилардан қарз олиб, йўл кирасини тўладик, дейди Зулайҳо Қаландарова.

Маълум бўлишича, Нурлибек исмли қозоқ хўжайини Беҳзодни тутиб олиб, уни гаров сифатида ушлаб турган.

- Беҳзод қочиб кетганидан кейин Нурлибек уни тутиб, уйига олиб келган. “Сени гаров сифатида ушлаб тураман, ота-онанг ёки полиция ёрдамида Бахтиёрдан пулимни оламан” деб, боламни уйида гаровда сақлаган, дейди Зулайҳо Қаландарова.

Озодлик мухбирлари Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилояти Жалағаш овулида Беҳзод гаровда ушлаб турилган оила билан боғланишга муваффақ бўлди.

Ўзини Нурлибек Мамбаевнинг рафиқаси деб таништирган Лена Мамбаева Озодлик билан суҳбатда ҳақиқатан хоразмлик ўн бир нафар одам уларнинг уйида ишлагани ва уларнинг паспортларини олиб қўйишганини тан олди.

- Уларнинг паспортлари бизда. Чунки улар ишлаш учун келишди. Лекин улар пулни олиб, қочиб кетишди, дейди Лена Мамбаева.

Шунингдек, Лена Мамбаева хиваликлар қочиб кетгач, уларникида ёлғиз Беҳзод қолганини ҳам тан олди.

- Беҳзод отаси билан келди. Аввал отаси қочиб кетди. Беҳзод бизникида қолди. Икки-уч ой ўтгандан кейин Беҳзод ҳам қочиб кетди. Ҳозир Беҳзод бизникида эмас, деди Лена Мамбаева.

Хоразмдаги “Нажот” ташкилоти раҳбари Ҳайитбой Ёқубов Беҳзод Икромов тақдири юзасидан хавотир билдиради.

- “Нажот” ташкилотига Бекзод Икромовнинг онаси мурожаат қилди. Биз Беҳзод Икромовнинг қаердалигини аниқлаш мақсадида маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга аризалар топширганмиз. Шунингдек, нодавлат ташкилотлари билан ҳам ҳамкорликда Беҳзодни қидириш ишларини олиб бораяпмиз. Лекин ҳозирча ҳеч қандай ижобий натижа бўлмаяпти, дейди Ҳаётбой Ёқубов.

Яна унинг билдиришича, ҳозирда Хоразм вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан хивалик ўн нафар фуқарони алдаб Қозоғистонга олиб кетган Бахтиёр Бекжонов устидан жиноий иш қўзғатилган.

- Ҳозирда Хоразм вилоят ИИБ томонидан Бахтиёр Бекжоновга нисбатан қидирув эълон қилинган. Унинг расмлари барча постларга тарқатилган, деди Ҳайитбой Ёқубов.

Зулайҳо Қаландарова эса ўғлининг тақдиридан хавотир олиб, ҳатто Қозоғистонга бориб ҳам келган.

Бироқ Қозоғистондан ўғли тўғрисида ҳеч қандай маълумот топа олмасдан қуруқ қайтиб келган.

- Бир йилдан ошди, болам ҳақида умуман бирор хабар йўқ. Менга пули ҳам, паспорти ҳам керакмас. Болам соғ-омон уйга кириб келса бўлди, дейди йиғлаб онаизор.

Ҳайитбой Ёқубовнинг билдиришича, “Нажот” ташкилотига жорий йил июл ойининг ўзида қулликка тушиб қолган хоразмлик ўн олти нафар фуқаронинг яқинларидан ариза тушган.
XS
SM
MD
LG