Линклар

Душанбеда портлашлар содир этилди

  • Гулнора Равшан

25 июл куниги портлашлардан биринчиси Титова кўчасидаги 38 уй ёнида содир этилган.

25 июл куниги портлашлардан биринчиси Титова кўчасидаги 38 уй ёнида содир этилган.

25 июл куни Душанбедаги марказдаги “Тожикистон” меҳмонхонаси ҳамда шаҳар аэропорти яқинида рўй берган портлашларда бинолар қаттиқ зарар кўрган бўлса-да, қурбонлар бўлмади.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотларига кўра, 25 июл кечки соат тўққиз ва ўнлар орасида Душанбе аэропортидан тахминан 150 метр нарида жойлашган Титова кўчасидаги 38 уй ёнида кучли портлаш рўй берган.

Иккинчи портлаш эса 26 июл тонгга яқин, тахминан соат учларда “Тожикистон” меҳмонхонаси ёнида юз берган.

Ҳар иккала портлашларда ҳам фақат биноларнинг дереза ойналари тўкилган, қурбонлар бўлмаган.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида биринчи портлаш рўй берган Титова кўчасидаги аҳоли билан суҳбатлашдик.

- Хўжайиним намоз ўқиш учун масжидга чиқиб кетган эди. Уйимга опам келган эдилар, у киши ҳам “Соат тўққиз бўляпти, бориб намоз ўқий”, деб ичкари уйга кирган эдилар.

Мен ошхонада эдим, идиш ювмоқчи эдим, бирдан нимадир гумбиллаб кетди. Дереза шишалари синди. Кейин кўчага югириб чиқдик.

Рўпарамиздаги ресторанда газ портладими, деб ўйладик. Лекин ҳамма ёқ тутун бўлиб кетган эди, - дейди ўзини Мақсудахон деб таништирган бу аёл.

Тўрт қаватли бинонинг биринчи қаватида яшайдиган суҳбатдошимиз портлаш ўта кучли бўлганини ва уй биноси қаттиқ силкинишидан қўрққиб кетган қўшниларининг кўпчилиги тонгни кўчада оттирганини билдирди.

Давлат тегишли идоралари масъуллари ҳозирча портлаш сабаблари аниқланмаганини ва бу ҳодиса ўрганилаётганини таъкидлашди.

Бироқ бундан бир неча кун аввал Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Тожикистоннинг Бадахшонида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг уч аъзоси қўлга олинганини ва улардан қурол яроқ ҳамда портловчи моддалар мусодара қилингани тўғрисида маълумот берган эди.

Душанбедаги иккала портлаш ҳам Тожикистон, Афғонистон, Покистон ва Россия президентларининг 28 ва 30 июл кунлари Душанбеда бўлиб ўтадиган тўрт ёқлама учрашувларига тайёргарлик арафасида юз берди.

Расмий манбаларнинг хабар қилишича, тўрт ёқлама учрашувлар чоғида Имомали Раҳмон, Ҳамид Карзай, Осиф Али Зардорий ва Димитрий Медведев минтақа хавфсизлиги масалалари, Афғонистон ҳамда Покистондаги сўнгги вазият, унинг минтақага таъсири борасида фикр алмашишади.

Кузатувчилар бу портлашларнинг амалга оширилишидан мақсад, олдинда турган сиёсий тадбирга халақит бериш бўлиши мумкинлигини тахмиин қилишмоқда.

Айни шундай фикр билдирган мустақил таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов бу портлаш ортида Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзолигида айбланган собиқ қўмондон Мирзо Зиёев тарафдорлари турганини таъкидлайди.

- Тожикистонда миллий ярашув ҳақида битим имзоланган эса-да, мамлакатимизда тинчлик барқарорлигини истамаётган гуруҳлар ҳали ҳам бор.

Тавилдарадаги июн воқеалари ва Душанбедаги июл портлашлари буни яна бир марта исботлади.

Ўтган кечада пойтахтимизда рўй берган портлашларда Мирзо Зиёев тарафдорларининг қўли бўлиши мумкин,- дейди сиёсий таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Айни пайтдаТожикистон Ички ишлар вазирлиги Толибон ва Ал - Қоида аъзоларининг Афғонистон ҳамда Покистондан Тожикистонга ўтиши мумкин эканини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Тожикистон Ички ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров 22 июл куни журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида НАТО кучларининг Афғонистонда олиб бораётган махсус амалиётлари ва Афғонистонда президентликка сайловлар тадбирларига тайёргарлик ортидан “террористлар минтақа давлатлари, жумладан, Тожикистонга қочиб ўтиш эҳтимоли борлиги”ни таъкидлаган эди.
XS
SM
MD
LG