Линклар

logo-print

Бир челак сув юз сўм


Ўзбекистоннинг айрим туманларида ичимлик суви муаммо бўлганидан, аҳоли сувнинг челагини юз сўмдан сотиб олмоқда.

Ўзбекистоннинг айрим туманларида ичимлик суви муаммо бўлганидан, аҳоли сувнинг челагини юз сўмдан сотиб олмоқда.

Ўзбек расмийлари “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”да 60 миллион АҚШ доллари ҳисобига аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни ваъда қилишган бўлса-да, одамлар ҳануз ичимлик сув муаммосидан азият чекмоқда.

Сурхондарёнинг Музробод туманида яшовчи бир онахоннинг айтишича, ҳукумат томонидан жорий йилда ўзбек қишлоқларига тоза ичимлик суви ваъда қилинган бўлса-да, Сурхон қишлоқларида ичимлик сув муаммоси барҳам топганича йўқ.

- Бу йил “қишлоқ йили” дейди. Сувни ариқдан ичамиз¸ лойқа сувни. Касал кўпайиб кетган. Крантлар 10-15 йилдан бери ишламайди.

Одамлар узоқдан сув ташийди. Катталар умуман қарамайди. Биз қариялар президентга ҳам ëздик¸ юқорига ҳам чиқдик¸ ҳокимиятга ҳам бордик. “Ана қиламиз¸ мана қиламиз” деб алдаб юрибди булар.

Қандай яшаш мумкин¸ деб куйинади Сурхондарёнинг Музробод туманида яшовчи онахон.

Фарғона вилоятининг Риштон туманида яшовчи Ҳакимовлар оиласи бир кунда рўзғор учун 30-40 литр ичимлик суви сарфлайди. Оила бошлиғи Нуриддин Ҳакимовга кўра, риштонликлар бир челак сувни юз сўмдан сотиб олишади.

- Ҳозир сув муаммоси бизда жуда оғир. Ичимлик сувини тракторларда олиб келишади ва биз пулимизга сотиб олиб ичаяпмиз¸ дейди Нуриддин Ҳакимов.

Қаршилик Нодир Аҳатовга кўра, Қарши шаҳрида ичимлик сув муаммоси собиқ иттифоқ давридан буён ҳал этилмай келинаяпти.

- Қаршида ўтган асрнинг 70-йилларидан буён ичимлик суви йўқ. Айниқса, шаҳар марказларида ичимлик суви бир кунда бир марта, фақат эрталаб бир соатдан берилади. Ўша вақтда бир кунлик сувни ғамлаб оламиз, дейди Нодир Аҳатов.

Қаршилик бошқа бир суҳбатдошимиз Гулшан Қораевага кўра, кейинги пайтда шаҳарнинг айрим ҳудудларида ичимлик сувини кунига бир соат бериш тартиби ҳам тўхтаган.

Гулшан Қораевага кўра, ҳозирда одамлар сувни тонналаб сотиб олишаяпти.

- Ҳозир одамлар ичимлик сувини сақлаш учун махсус ҳовуз қуришаяпти. Бир машина сувни сотиб олиб ҳовузга қуйишади. Бир машина сув 5-10 тонна бўлади. Буни аввалроқ 15 минг сўмга сотиб олиш мумкин эди. Ҳозир эса сув яна қимматлади. Бир машина сув ўттиз минг сўм бўлди, дейди Гулшан Қораева.

Маълум бўлишича, айни пайтда “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” давлат дастуридан алоҳида бошқа бир махсус дастур асосида ҳам Қарши шаҳрини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзкоммунхизмат” ташкилоти маълумотига қараганда, ичимлик сувига доир кейинги тўрт йилга мўлжалланган 23 та лойиҳа тайёрланиб, бунга 623 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий кредит сарфланиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳалардан бири Қарши шаҳрига мўлжалланган.

“Қарши шаҳар сув-оқава” ташкилоти ходими бир муддат аввал Озодлик билан суҳбатда, ушбу лойиҳа ишга тушгач шаҳардаги сув муаммоси барҳам топишини билдирган эди.

- Осиë тараққиëт банки катта лойиҳани ишга туширади. Ўшанда сув муаммоси 90 фоизга ечилиши керак.

Озодлик: Ҳозир Қашқадарëда ичимлик сувининг сифати қанақа?

- Яхши. Бизда санэпидемстанциялар ишлаяпти-ку. Энди ОТБ линияси ишга тушса¸ ҳамма муаммолар ечилиб кетади, деган эди “Қарши шаҳар сув-оқава” ташкилоти ходими.

Қаршилик Нодир Аҳатовнинг айтишича, Қашқадарёда ичимлик сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш борасида маҳаллий ҳокимликлар томонидан амалга оширилаётган тадбирлар самара бермаяпти.

Шунингдек, Нодир Аҳатовга кўра, шаҳар аҳолиси орасида ичимлик сув сифатсизлиги боис турли хил касалликлар кўпаймоқда.

- Ҳозирги пайтда Қаршининг Батош маҳалласида ва 6-микрорайон ҳудудида ичтерлама касали кўпайган, дейди Нодир Аҳатов.

Андижонлик шифокор Абдуқодир Сатторов ичимлик суви сифатсизлиги боис келиб чиқувчи касалликларга тўхталади.

Абдуқодир Сатторов: Асосан, ичтерлама, кейин сариқ касаллиги ҳам ичимлик сувининг сифатсизлиги боис келиб чиқадиган касалликлардан. Қандай сув бўлишидан қаътий назар сувни қайнатиб ичилсагина, фойдали бўлиши мумкин. Оқар сувлар ичи тўла, ғиж-ғиж инфекция. Бундай сувнинг турган битгани зиён.

Озодлик: Абдуқодир ака, Қаршида одамлар махсус ҳовуз қуриб, ўша ерда сувни тонналаб сақлаётган эканлар, туриб қолган сувнинг сифати қандай бўлади.

- Агар ҳовуз бетонланган бўлса ва у ерда сақланаётган сув хлорланган бўлса сифати бузилмайди. Лекин хлорланмаган сув уч кунда бузилади. Туриб қолган сув барибир бузилади. Агар қурбақанинг вакцинаси тушса бир ҳафтада кўпайиб кетади. Бу сувни ичиш натижасида ичбуруғ, ичтерлама, сариқ касаллиги келиб чиқиши мумкин, дейди Абдуқодир Сатторов.

“Экосан” ҳалқаро ташкилоти маълумотига кўра, ҳозирги пайтда мамлакатнинг сув қувурлари етиб борган қишлоқларида ҳам 24,6% қувурларнинг санитария-техник аҳволи талабга жавоб бермайди.

Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 88,8% шаҳар аҳолиси ва 61,9% қишлоқ аҳолиси ичимлик суви билан таъминланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG