Линклар

Озодликнинг "Эркин микрофон" дастурига келаётган SMS хабарлари ва телефон қўнғироқларининг кўпчилиги Ўзбекистонни тирикчилик илинжида тарк этган меҳнат муҳожирларидан бўлмоқда.

Баъзи манбаларга кўра, икки ярим миллион, яна баъзиларига кўра, саккиз миллионга яқин ўзбек яқин ва олис хорижда мардикорлик қилиб юрган шу кунларда, бизга мурожаат қилганларнинг кўпчилиги меҳнат муҳожирлари экани ҳам тушунарли ҳол.

Қўқондан сим қоққан аёл турмуш ўртоғини қўшни туманда яшайдиган ҳамюрти Россияга олиб бориб, қул қилиб сотиб юборгани, энди ўша одамларни жазога торттиролмай юрганини сўзлади.

- Мен Фарғона вилояти¸ Ўзбекистон туманиданман. Хўжайинимни¸ яйпанлик битта ака¸ роса катта ваъдаларни бериб Россияга олиб кетган эди. Олиб бориб¸ паспортларини йиғиштириб олиб қўйиб¸ икки ой ишлатиб пул бермади. “Паспортни беринг. Ойлик беринг. Бўлмаса ишламаймиз” деса¸ “Ҳозир йўқолиб чиқиб кетасан” деб қўрқитиб¸ пул бермасдан паспортини бериб чиқариб юборибди.

Кейин, ўша алдаб Россияга олиб кетган одамнинг укаси олиб келиб¸ 48 кун подвалда иш бермай овқатсиз сақлаган. Ахлат титиб¸ ахлатдан нарса топиб еб ўтиришган. Ҳозир туман МХХ га¸ вилоятга¸ ички ишларга – ҳамма ëққа ëздим. Ҳеч қанақа натижа бўлмади. Анави куни радиода телефон номерларингизни эшитган эдик. Ўшанга телефон қилиб кўрайликчи деган жойимиз эди¸ дейди Қўқондан сим қоққан аëл.

Сирдарёлик бошқа бир тингловчимизнинг тақдири ҳам қўқонлик меҳнат муҳожирининг тақдири билан деярли бир хил бўлибди.

- Мен ўзим Сирдарëданман. Тўрт йилдан бери Россиядаман. Биттаси ҳужжат қилиб бераман деб барча ҳужжатларни ва паспортни олган эди. "Разрешение на работу" қилиб бераман деб 6000 рубл пулимни ва паспортимни олган эди. У бозорда эди. Бозорда ҳамма ўшанга қилдирарди. 10 - 15 боланинг документини ва пулини шунақа қилиб йиғиб олган бу бола. Энди йўқ.

Ўтган йил ҳам шунақа қилиб кетган¸ дейишаяпти. 30-40 минг рубл пул қилиб¸ паспортларни бирор жойга ташлаб юбориб кетвораркан. Мана шунақа аҳвол-да. Бу ерда ўзбекларнинг юришини кўрсангиз¸ ичингиз ачишиб кетади. Шу бизнинг четга чиқиб ишлаб юришимизнинг охири бормикан? Бизнинг ҳам ота-онамизнинг олдида¸ ватанимизда ишлаб юргимиз келади¸ дейди сирдарëлик тингловчимиз.

Бу суҳбатдошимизга Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ҳамда Новосибирскдаги консулликнинг телефон рақамларини бердик.

Шу ўринда бизни тинглаб турган бошқа тингловчиларга айтмоқчимизки, шу каби муаммоларга учрасангиз, албатта, ўша давлатдаги Ўзбекистон элчихонаси ва консуллигига мурожаат қилинг. Бу ташкилотлар хориждаги Ўзбекистон фуқароларига ҳар қандай турда ёрдам кўрсатиш ваколати ҳамда мажбуриятига эга.

Шу боис Россияда шу икки идорага эҳтиёжи бўлган, бу ташкилотларни сўраб-суриштириб, топиб боришга қийналиб турган тингловчилар бўлса, уларга ҳам рақамларни айтиб ўтмоқчимиз.

Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси телефон рақамлари:
+ 7 - 495 - 238 95 13, + 7 – 499 – 230 13 01, + 7 – 499 – 230 00 54

Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги консуллиги телефон рақамлари:
+ 7 – 383 – 246 04 85, + 7 – 383 246 04 62

Мана шу телефон рақамлари орқали Ўзбекистон фуқароларини юридик ёрдам билан таъминлаши лозим ташкилотларга боғланишингиз мумкин.

Навбатдаги суҳбатдош эса сирдарёлик, аммо, шу кунларда Россияда ишлаб юрибди. У Ўзбекистонда ҳал этилмаган бир муаммодан гап очди.

- Ўтган йили ўғилчали бўлдик. Пособие тўғирлашга борган эдик. “Ана кел¸ мана кел. Ойнинг 29 чисида келасан” деди. Беш ойнинг 29 числосида бордим. Тўғирлай олмадик¸ бўлмади. “Ишсизлик тўғрисида справка олиб кел” деди. Бу қандай ҳаëт дейман? Мен ишсизман¸ лекин ишсизлик тўғрисидаги справкани 20 минг сўмга сотиб олдим.

Мен бу қоғозни олиб борсам¸ болаларнинг пулини берадиган одам “Бу қоғозинг бир тийинга қиммат” деяпти. Охири бўлмади. Мана мен Россияга келдим. Опамга “Отаси Россияда юрганларга пособие берилмайди” дебди. Энди бунисига нима деймиз? Россияга келиб биз нима дунë олиб бораяпмизми? Болаларнинг пулини давлат бериши керак-ку, дейманда. Бу болалар давлатники бўлса¸ дейди сирдарëлик навбатдаги суҳбатдошимиз.

Озодликка шу каби мазмундаги мурожаатлар жуда кўп бўлмоқда. Аксар тингловчилар ўзларини қийнаб турган муаммоларни тилга олади. Имконимиз қадар бу мурожаатларни кенгроқ ўрганишга ва Озодлик тўлқинларида тилга олинган муаммоларга яна қайтишга ҳаракат қиламиз.

Ҳозир эса бизга келган SMS хабарлар билан ҳам қисқача таништириб ўтмоқчимиз.

Россияда мардикорлик қилиб юрган ўзбекистонлик тингловчи SMS йўллабди:

“Салом ҳурматли Озодлик радиоси! Исмим Ҳушнуд. Ҳозир мен Россияда ишлаб юрибман. Ўғлим “Божалар” гуруҳини яхши кўради. Мўминжонни оламдан ўтганини эшитиб менга телефон қилаяпти. Ҳар бозорга борганда гуруҳ қўшиқлари ва киноларининг дискларини олиб берар эдим. Ўғлим 9 ёшда. Ҳозир ўғлим ҳамма дискларни йиғиб ҳеч кимга бермайман, деяпти. Мен ўзим ҳам бу гуруҳни яхши кўраман. Жаҳонгир қачон қўшиқ айтади энди?”

Ҳафта аввалидаги дастуримизни тинглаган бўлсангиз, ёдингизга соламиз, “Божалар” гуруҳи хонандаси Жаҳонгир ҳозир даволанмоқда. Ҳамкасблари унинг соғлиги анчагина тикланиб қолганини айтди. Бир ҳафталардан сўнг Жаҳонгир матбуот анжумани ўтказади ва ўшанда унинг кейинги ижодий фаолиятига доир режалари маълум бўлади. Бу ҳақда, албатта, хабар беришга ҳаракат қиламиз.

Ўзбекистондан SMS йўллаган тингловчи эса қўшни Қозоғистонда меҳнат қилиб ҳаққини ололмагани ва унинг арзига қулоқ соладиган кимсани тополмагани ҳақида ёзган:

“Бизни арзимизни эшитадиганлар ҳам борми? Нимасини айтай?! Биргина Чимкентда ишлаган эдик. Оч-наҳор, совуқда ишни бўлдик. Лекин пулимизни берамади Бахтивой. Ҳозир началник налог бўлиб ишлаяпти. Асли Самарқандданмиз. Чимкентда том ёпганмиз”.

Қирғизистондан SMS йўллаган тингловчи президентлик сайлови жараёнлари ҳақида ўз хулосасини билдирибди:

“МДҲдаги сайлов кузатувчилари ҳеч қачон объектив баҳо берган эмас. Улар Кремлнинг қўғирчоқларидир”.

Россиядан йўлланган SMS хабарда эса тингловчи жуда дангал савол билан мурожаат қилибди:

“Ўзбекистоннинг келажаги қандай бўлади?”

Табиий, бу шу кунларда ва бунга қадар ҳам ҳаммани ўйлантириб келаётган, бироқ жавоби ҳар биримизнинг дунёқарашимиз ва истакларимиз доирасидагина қолаётган савол. Дастуримизни тинглаб боринг, жамиятнинг турли қатлам вакиллари бу саволга муттасил жавоб бериб келмоқда.
XS
SM
MD
LG