Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:54

Эрон мухолифати қурбонларни хотирламоқчи


Теҳронда июн ойида ўтган норозилик намойишларидаги тўқнашувлар пайтида камида 20 киши нобуд бўлган эди.
Теҳронда июн ойида ўтган норозилик намойишларидаги тўқнашувлар пайтида камида 20 киши нобуд бўлган эди.

Эрон мухолифати етакчилари кеча мамлакат Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилиб, президент сайловидан сўнг ўтказилган норозилик намойишлари давомида ўлдирилганларни хотирлаш маросимини ўтказишга рухсат сўради.

Июнь ойида бўлиб ўтган президент сайлови натижалари эълон қилингач, сайловда қонунбузарликка, сохтакорликка йўл қўйилди деб, Теҳронда кўп минг кишилик норозилик акциялари бўлиб ўтган, ҳукуматнинг куч ишлатиши натижасида камида 20 киши нобуд бўлган эди.

Эрон президентлигига экс-номзодлар: Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Қаррубийлар норозилик намойишида нобуд бўлганларнинг 40ини ўтказмоқчи.

Сайлов бўйича собиқ ҳарифлари Мусавий ва Қаррубийларнинг маросим ўтказиш тўғрисидаги аризаси оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлаб қўйган президент Аҳмадийнажод учун яна бир бош оғриғидир.

Мухолифат лидерларининг ички ишлар вазирлигига топширган аризасида, хабарларга қараганда, 40ни ўтказиш пайтида ҳеч қандай нутқлар қилинмаслиги, шиорлар айтилмаслиги, фақат Қуръон тиловат қилинажаги айтилган.

Мухолифатчилар 90 минутга мўлжалланаётган хотира маросимини 30 июль куни Теҳроннинг марказий ибодат майдонида ўтказмоқчи.

12 июнда бўлиб ўтган президент сайлови натижаларидан норозиларнинг кўча намойишларини бостириш чоғида камида 20 киши ўлдирилган, юзлаб киши тан жароҳати олган, юзлаб киши ҳибсга олинганидан сўнг, норозилар сафи янада кенгайиб кетди.

Намойишлар пайтида ҳукумат ўқига учганлардан бири Нидо Оға Султон исмли ёш аёл эди. Унга ўқ тегиб, юзи қонга беланаётган сонияларнинг видеотасвири интернетга қўйилгач, Нидо Эрон мухолифати қаршилигининг рамзига айланди.

Норозилик намойишлари чоғида ўлдирилганларнинг 40ини ўтказишга рухсат беришларини сўраб ариза топширилишидан бир кун аввал президентликка икки экс-номзод ҳибсга олинган норозиларни сўроқ қилишда маъмурлар қўллаётган усулларни қоралаган собиқ президент Муҳаммад Хотамийга қўшилдилар.

Эроннинг ислоҳотлар тарафдори бўлган оммавий ахборот воситалари хабарларига қараганда, ҳибсдаги норозилардан икки нафари ўлган.

Хотамий Мусавий ва Қаррубий билан бир қаторда Эроннинг диний раҳбариятига мурожаат қилиб, уни ҳибсда ушлаб турилганларга нисбатан босимни тўхтатиш учун бу ишга аралашишга чақирди.

Эрон ички ишлар вазирлиги мухолифатнинг оммавий йиғилишлар ўтказишга рухсат сўраб ёзган аризаларига шу пайтгача рад жавоби бериб келди.

Бироқ Мусавий тарафдорлари бундай митингларга маъмурларнинг тақиқига қарамай мунтазам равишда қатнашиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG