Линклар

Чўчқа гриппи эшик қоқмоқда

  • Абдулла Искандар

Ўзбекистон чегараларида турган милтиқли аскарлар ëнига юзига доканиқоб тутган ҳамширалар ҳам тиркалди.

Ўзбекистон чегараларида турган милтиқли аскарлар ëнига юзига доканиқоб тутган ҳамширалар ҳам тиркалди.

Мексикада бошланиб, жаҳоннинг қатор мамлакатларида инсонлар ўлимига сабаб бўлган “чўчқа гриппи”га чалинганлар оëғи Марказий Осиëга ҳам етди. Хўш¸ Ўзбекистон эҳтимолий эпидемияга қанчалар ҳозир?

Қозоғистонда A/H1N1 вирусига чалинганлар сони 13 нафарга етди. Бу ҳақда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Жақсилиқ Досқалиев билдирди.

Вазирга кўра¸ бу касалликни Лондонда ўқийдиган талаба юқтирган. Қўшни юртдаги тумов хабари Тошкентдаги тиббиëт мутасаддиларини ҳам ҳушëр торттирди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда чўчқа гриппи тарқалмаслиги учун қўшимча чора-тадбирлар кўришга чоғланмоқда.
Ҳозирча ўзбек-қозоқ чегарасида кучайтирилган тиббий назорат ўрнатилди.

Милтиқ кўтарган аскарлар ëнига юзига доканиқоб тутган ҳамширалар ҳам тиркалди.

Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан туташ жойларида¸ хусусан Бейнов туманида кучайтирилган назорат ўрнатилди¸ дейди Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси Файзулла Абдуллаев.

- Назорат ўтказилаяпти. Қорақалпоғистон билан Қозоғистон чегарасида санитарний назорат пункти бор. У ерда кеча-кундуз навбатчилик қилишмоқда. Ўтган одамларнинг ҳаммасининг иссиғини ўлчашмоқда¸ дейди Файзулла Абдуллаев.

Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарасида ҳам назорат кучайтирилди¸ дейди Хоразм вилояти санитар-эпидемиология станцияси врачи Эркин Ибодуллаев.

Эркин Ибодуллаев: Барча чора-тадбирлар ўтказилиб турибди. Республикадан келадиган ҳар бир нималар билан яқиндан мулоқотда бўлиб¸ туманлардаги врачларни ҳам йиғиб¸ ҳаммаси билан семинарлар ва суҳбатлар ўтказилиб турибди.

Озодлик: Одамлар парранда гриппи ëки бошқа нарсалар ҳақида билишади. Улар чўчқа гриппи ҳақида билишадими? Бу янги нарсаку!

Эркин Ибодуллаев: Билишади. Шуни ҳам тушунтираяпмиз. Одамлар ўртасида чўчқа гриппи нима эканлигини тушунтираяпмиз¸ суҳбатлар ўтказаяпмиз. Бу нарсанинг нима эканлигини кўпгина одамлар тушуниб қолди. Олдин парранда гриппи дейиларди¸ ҳозир A/H1N1 вируси бўйича чўчқа гриппи¸ янги грипп деб айтилаяпти. Қўлдан келганча одамларга тушунтираяпмиз.

Озодлик: Хоразм атрофи Қорақум ва Қизилқум билан ўралган. Ўша ердан ҳайвонларнинг ўтиб кетиши назоратсиз эмасми?

Эркин Ибодуллаев: Йўқ¸ назорат бор. Ўтиб кетмайди. Қумларда махсус постлар бор¸ таможня бор¸ кучли охрана қилинади бу ерда. Жуда ҳам кучли назорат бор.

Озодлик: Бу оддий одамларнинг ҳаëтига қийинчилик туғдирмаяптими? Савдогарлар ëки бошқалар ортиқча назоратдан қийналишмаяптими?

- Йўқ¸ қийналишмаяпти. Ҳаммаси меъëрида бўлаяпти. Ҳеч қандай угроза қилаëтганимиз йўқ. Одамлар бу нарсани тўғри қабул қилаяпти¸ дейди Эркин Ибодуллаев.

Эркин Ибодуллаевга кўра¸ Ўзбекистон чўчқа гриппи кира олмайдиган мустаҳкам қўрғонга айланирилган.

- Худога минг қатла шукур¸ ҳозирги кунда спокойний¸ дейди Эркин Ибодуллаев.

“Ўзбекистонда “Чўчқа гриппига” ҳеч ким чалинмади”. Бу гапни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири муовини Бахтиëр Ниëзметов 27 июл куни матбуотга билдирди.

Вазирлик матбуот котиби Фурқат Саноевнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ Ўзбекистонда A/H1N1 вирусига чалинган¸ ич терлама ва гемморагик безгак билан оғриганлар йўқ ва мамлакатда эпидемия хатари йўқ. Матбуот котибига кўра¸ айни пайтда эпидемиянинг олдини олиш учун мамлакатда жиддий чоралар кўрилмоқда.

Бундай чоралардан бири мамлакатга кираëтганлар ҳароратини текшириш бўлиб қолмоқда¸ дейди Файзулла Абдуллаев.

Файзулла Абдуллаев: Тана температураси ўлчаниб¸ тана температураси юқори бўладиган бўлса¸ дарҳол изоляция қилинади.

Озодлик: Дори-дармонлар борми?

Файзулла Абдуллаев: Етарли.

Озодлик: Шу касалликка чалинган одам келиб қолса¸ шунга берадиган бир даво борми?

- Бор. Бу ҳам ўзимизнинг олдинги гриппга ўхшаган¸ фақат мутант. Мутант бўлгандан кейин олдинги гриппларга қилинадиган дориларнинг заҳираси бор бизда¸ дейди Файзулла Абдуллаев.

Чўчқа гўштини мамлакатга олиб кирмаслик яна бир чора сифатида кўрилмоқда¸ дейди Эркин Ибодуллаев.

- Бизнинг Хоразмда чўчқа етказиб берадиган фермалар бор эди. Ҳозирги пайтда бу чўчқа фермалари йўқ бўлиб кетди. Хабарингиз бордир бу нарсалардан. Етиштириш ҳам камроқ. Бошқа жойдан олиб келиш ҳам камроқ бўлаяпти¸ дейди Эркин Ибодуллаев.

Қозоғистонда чўчқа гриппи ваҳимаси тарқагани ҳамон аптекаларда дорилар нархи осмонга сапчиди¸ дейди остоналик аëл.

- 15 танга турадиган ҳабдори 300 тангага чиқди. Акцеллин малҳами эса аптекалардан бир кунда ғойиб бўлди¸ дейди остоналик аëл.

Ўзбекистондаги хусусий аптекалардан бирининг врачи Фазилат Муҳаммаджоновага кўра¸ хатар мавжуд бўлган пайтда дори-дармонлар харажатини давлат ўз зиммасига олиши лозим.

- Давлат миқëсидаги касаллик бўлгани учун буни давлат¸ бизларники хусусий бўлганлиги учун бизларда бўлмайди¸ асосан давлат корхоналари бу вакциналарни текинга қилишади. Давлат миқëсида тарқалган касалликлар вакциналари давлат ҳисобига қилинадиган вакциналар ҳисобланади. Унақаларни сотишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Бу текинга қилинадиган нарса. Мисол учун¸ грипп бўлди чўчқам¸ деб келаëтгани йўқ. Олдиндан антибиотиклари¸ прививкалари бор. Чўчқа гриппиники йўғу¸ лекин олдини олиш мумкин бўлганларини қилишаяпти. Келаëтган одамларнинг ҳеч бири ҳали чўчқа гриппи бўйича шикоят қилгани йўқ¸ дейди Фазилат Муҳаммаджонова.

Файзулла Абдуллаевга кўра¸ айни пайтда керакли дори-дармонлар мавжуд.

Суҳбатдошларимиздан бири Фазилат Муҳаммаджонова гриппга чалинган отларни даволаганини айтади.

- Биринчи симптомлари билинган пайтда қилсангиз¸ йўқ бўлиб кетади. Отларда грипп бошланганда келиб айтишаяпти. “Битта-иккита антибиотикларимиз бор. Ўшаларни қилсак¸ икки-уч куннинг ичида ҳеч нарса бўлмагандай тузалиб кетишаяпти” деб айтишаяпти¸ дейди Фазилат Муҳаммаджонова.

Касалга чалинганларга “яқинда отдай бўлиб кетасан” деб тасалли берилади. Шояд қўшни юртда чўчқа гриппига йўлиққанлар ҳам отдай бўлиб кетсаю¸ биз ҳам ваҳималардан қутулсак.

Айни пайтда¸ чўчқа гриппи Шарққа қараб юрмоқда.

Ўтган шанба Саудия Арабистони фуқароси ҳам чўчқа гриппидан ўлди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра¸ чўчқа гриппини юқтирганларнинг сони дунëда 143 мингга етган. Улардан 812 нафари қайтиш бўлди. Шанба куни ўлган Саудия фуқароси бу ҳисобда йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG