Линклар

logo-print

Сайловнинг эртаси ҳам келди


Эски янги президент Қурмонбек Бакиев Қирғизистонни тараққий этган давлатга айлантириш ваъдасини бермоқда.

Эски янги президент Қурмонбек Бакиев Қирғизистонни тараққий этган давлатга айлантириш ваъдасини бермоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Қирғизистонда ўтган сайлов натижалари ҳали расман эълон қилинмай туриб¸ Қурмонбек Бакиевга табрик номаси жўнатди.

Президент Каримов Бакиевни ҳали эълон қилинмаган ғалаба билан табриклаган энг биринчи президент бўлди.

“Сизнинг ўзбек-қирғиз алоқаларини мустаҳкамлаш йўналишида ҳар томонлама чуқур ўйланган сиёсатингиз мамлакатлар ва халқлар манфаатларига тўла жавоб бера олади, деб ишонч билдира оламан.

Сизга, ҳурматли Қурмонбек Солиевич, мустаҳкам соғлиқ ва режаларингизни амалга оширишингизда муваффақият, Қирғизистон халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман”, дейилади президент Ислом Каримовнинг 24 июл, яъни сайлов натижалари расман эълон қилинишидан уч кун олдин Қирғизистон президентига йўллаган табрик мактубида.

Айрим сиёсатшунослар фикрича, “Ўзбекистон президентининг сайлов натижалари эълон қилинишини ҳам кутмай Бишкекдаги ҳамкасбини олқишлаганини, “Қирғизистон тарихидаги энг ифлос сайлов” деб таърифланаётган жараённинг расмий Тошкент томонидан тан олиниши” сифатида баҳолаш мумкин.

- Марказий Осиёда ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолаётган президентларнинг сиёсати ўз-ўзидан бир-бирига мослашиб туриши, бир-бирига мослашиб қолиши табиий жараёндир. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Бундан бошқача сиёсатни эса бир неча ўн йиллардан сўнг пайдо бўладиган янги авлод яратиши мумкин, холос, дейди бу борада фикр билдирган ўшлик сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматов.

Айни пайтда бишкеклик сиёсатшунос Александр Князев Қирғизистон яқин қўшнилари бўлмиш Ўзбекистон ва Қозоғистондаги каби авторитар тузим ўрнатиш йўлидан бормоқда, деб ҳисоблайди.

Сиёсатшунос фикрича, 23 июлда ўтган президентлик сайловларининг мустақил кузатувчилар ва халқаро ташкилотлар томонидан кескин танқид қилингани ҳам бунинг далилидир.

Александр Князев Қирғизистоннинг иқтидордаги расмийлари мухолифатни деярли янчиб юбориш мақсадини кўзлаган бу сайловга бир неча йил тайёргарлик кўрганини айтади:

- Президентнинг аёнлари рўйхатидан уни ҳокимиятга олиб келган шахслар чиқариб юборилди. Булар мустақил ва нуфузли бўлган Усен Сидиқов, Марат Қайипов, генерал Исмоил Исақов каби сиёсатчилардир. Уларнинг ўрнини мустақил бўлмаган ва президентнинг имо-ишораси билангина ҳаракат қиладиган одамлар эгаллади.

Ҳокимият тепасига келган бу шахслар фақат Бакиев ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади, дейди сиёсатшунос Александр Князев.

Бироқ Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун бу каби фикрларга қўшилмайди.

- Қирғизистон ҳам Ўзбекистон йўлига тушиб бормоқда, деган фикрга тўла қўшила олмайман.

Албатта, кейинги йилларда ҳокимият бир одамнинг қўлига тўпланиб қолди. Инсон ҳуқуқлари маълум даражада чекланди. Аммо шунга қарамасдан Қирғизистонда кучли фуқаролик жамияти мавжуд ва бу мамлакатда авторитар тузим ўрнатилиши учун энг катта тўсиқдир, дейди Турсунбек Акун.

Ўшлик сиёсий шарҳловчи Ғанижон Холматов ҳам президентлик сайловининг халқаро кузатувчилар ва қирғиз мухолифати томонидан “адолатсиз ва нодемократик” дея баҳоланиши Қирғизистон ҳукуматининг авторитар сиёсат йўналишига ўтаётганидан дарак бўла олмаслигини айтади:

- Президентлик сайлови ўтти.. Демак, сиёсатда янги бир давр бошланди. Бу давр қандай тугайди, Бакиев қонунда белгиланганидай кейинги сайловда ўрнини янги президентга бўшатиб берадими, Қирғизистонда янги сиёсий муносабатлар шаклланадими ёки Ўзбекистондаги каби ҳокимият бир шахснинг қўлида қоладими? Бу саволларга жавоб бериш энди эртанги куннинг муаммоси, дейди Ғанижон Холматов.

Айни пайтда Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 23 июлда ўтган президентлик сайловининг якуний натижаларини эълон қилди.

МСК маълумотида айтилишича, сайловчиларнинг қарийб 77 фоизи Бакиев учун овоз берган. Бакиевнинг асосий рақиби ҳисобланган Алмазбек Атамбаев эса 8 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган.

Сайлов натижаларини тан олишдан бош тортаётган Қирғизистон мухолифати 29 июлдан бошлаб қайта сайлов ўтказиш талаби билан норозилик акцияси бошлаш ниятида.

Мухолифатдан президентликка ягона номзод бўлган Алмазбек Атамбаев Қурмонбек Бакиевни “овозларни ўғирлаганликда, сайлов натижаларини сохталаштирганликда” айблади.

“ 23 июлда ўтган сайловдан кейин Қўқон хонлигида яшашни истамаган ҳар бир Қирғизистонликни адолат учун курашга даъват этаман”, деди Атамбаев.

Олинган сўнгги маълумотларга кўра, Алмазбек Атамбаев 26 июл куни Москвага чақирилган ва бу ерда уни Кремл расмийлари муроса қилишга кўндирмоқчи кўринади.

Бироқ Алмазбек Атамбаев бу сафари арафасида қирғиз матбуотига берган суҳбатида “Мен уларга энг ифлос сайловни ҳалол деб тан олса¸ Россия раҳбарияти ҳам дунёга шарманда бўлади, деб очиқ айтмоқчиман”, деб билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG