Линклар

logo-print

АҚШ ва Хитой музокара бошлади


Вашингтон раҳбарияти¸ 21 аср тараққиëтини АҚШ-Хитой муносабатлари белгилаб беражагини урғуламоқда.

Вашингтон раҳбарияти¸ 21 аср тараққиëтини АҚШ-Хитой муносабатлари белгилаб беражагини урғуламоқда.

27 июл куни Вашингтонда АҚШ ва Хитой халқ республикаси юқори лавозимли расмийларининг глобал муаммолар муҳокамасига бағишланган икки кунлик музокаралари бошланди.

АҚШ ва Хитой делегацияларининг икки кунлик сўзлашувлари чоғида томонлар глобал иқлим исиши муаммоларини, иқтисодий бўҳрондан чиқиш йўлларини, ядровий қурол тарқалиши ва террорчиликка қарши кураш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик қилиш йўлларини муҳокама қиладилар.

Президент Буш даврида, яъни сўнгги 8 йил давомида АҚШ-Хитой муносабатлари иқтисодий характерга эга бўлиб келди.

Жорж Буш Хитойни АҚШнинг "иқтисодий рақобатчиси", деб атаган бўлса, маъмурияти Пекинни юан қадрини атайлаб паст ушлаб турганликда, натижада икки давлат савдо муносабатларида мувозанатга путур етказаётганликда айблаб келган эди.

Учрашув бошланиши олдидан делегациялар олдида чиқиш қилган президент Обама иккала давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга баҳо берар экан, бу алоқаларнинг жаҳон иқтисодиётига таъсири улкан эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунинг учун ҳам, Обама фикрича, Пекин ва Вашингтон ўз иқтисодий сиёсатларини мувофиқлаштириш ишига содиқ қолиши, ҳам иккитомонлама, ҳам кўптомонлама алоқаларни ривожлантришлари лозим.

АҚШ президенти Вашингтон билан Пекин глобал иқлим исишининг олдини олишда ҳам ҳамкорлик қилишлари керак, деган фикрни билдирар экан:

- АҚШ ва Хитой дунёдаги энг йирик энергия истеъмолчиларидир. Биз, шунингдек, иссиқхона эффектини пайдо қиладиган газни атмосферага чиқаришда ҳам дунё давлатлари олдидамиз.

Келинг, очиғини айтайлик. Четдан келтириладиган нефтга қарамликнинг кучайиб боришидан ҳеч ким ютаётгани йўқ ва агар биз ҳамкорлик қилмасак, одамларимизни иқлим ўзгаришининг салбий таъсиридан сақлаб қола олмаймиз.

Президент Обама ўз чиқиши давомида АҚШ ва Хитойнинг жаҳондаги энг йирик ва шунинг учун таъсири кучли давлатлар эканини айтиб, “Вашингтон ва Пекин терроризмга қарши курашда ҳамда ядровий қуроллар Ал-Қоидага ўхшаш террорчи ташкилотлар қўлига тушиб қолишининг олдини олишда ҳамкорлик қилиши керак”, деди.

Фикрини давом эттирар экан, Обама Эрон ва Шимолий Кореянинг ядровий дастурларини назарда тутиб, ядровий қурол тарқалишининг олдини олиш ҳар иккала давлат манфаатларига ётадиган ишдир, деган фикрни билдирди ва
бундай деди:

- Америка ҳам, Хитой ҳам ядровий қурол террорчиларнинг қўлига тушиб қолишидан ёки ядровий қурол пойгаси Жанубий Осиёда бошланиб кетишидан манфаатдор эмас.

Шунинг учун ҳам биз Корея ярим оролини ядровий қуролдан ҳоли қилиш мақсадида ҳамкорлигимизни давом эттиришимиз ва Шимолий Кореянинг хавфсизлик ва ҳурматга элтувчи йўлни ўз зиммасидаги мажбуриятларни бажарган тақдирдагина босиб ўтиш мумкинлигини тушунишига эришишимиз керак.

Обама, шунингдек, Хитойни диний ва этник озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилишга чақирди.
XS
SM
MD
LG