Линклар

Ўзбекистон чемпионсиз қолди


Яқинда украиналик Владимир Кличкога ютқизган Чагаев учун бир кўнгилсизлик иккинчисига уланди.

Яқинда украиналик Владимир Кличкога ютқизган Чагаев учун бир кўнгилсизлик иккинчисига уланди.

Ўзбекистонлик Руслан Чагаев¸ Жаҳон бокс уюшмаси қарори билан¸ профессионал боксда WBA йўналишининг ўта оғир вазн тоифаси бўйича жаҳон чемпиони унвонидан маҳрум қилинди.

Жаҳон бокс уюшмаси эълон қилган янги рейтингда фақат россиялик Николай Валуев профессионал бокснинг ўта оғир вазн тоифаси бўйича жаҳон чемпиони сифатида тилга олинса-да¸ Чагаев 15 боксчи номи киритилган рўйхатнинг биринчи поғонага қўйилди ва бу билан чемпионлик унвонига даъвогар сифатида эътироф этилди.

Шу йилнинг май ойида Руслан Чагаев ва “россиялик дев” Николай Валуев ўртасида Ҳельсинкида бўлиши керак бўлган жанг ортга сурилган эди. Ўшанда ўзбекистонлик Чагаевнинг қонидан “гепатит” белгилари топилгани билдирилган ва касалликнинг юқишидан хавфсираган россиялик Валуевнинг ўйиндан бош тортгани билдирилган эди. Бунинг ортидан Чагаев “танаффусдаги чемпион” деб эълон қилинди.

Ўтган ой эса “Оқ Тайсон” лақабли Чагаев украиналик машҳур боксчи Владимир Кличкодан чемпионлик камарини тортиб олишга уриниб кўрди. Аммо, Чагаев техник нокаут билан жангни рақиби Кличкога бой бериб қўйди.

Руслан Чагаевга промоутерлик қилаётган Германиядаги Universum Box Promotion ширкати вакили Кристоф Хаверкамп Жаҳон бокс уюшмаси қарорини шарҳлар экан¸ ўзбекистонлик боксчининг чемпионлик унвонидан маҳрум этилгани ҳақда уларга Жаҳон бокс уюшмасидан расман билдириш бўлмаганини айтди.

- Ҳозирга қадар бизга бу ҳақда ёзма тарзда ҳеч қанақа билдириш бўлмади, биз кутаяпмиз, дейди Чагаевга промоутерлик қилаётган Германиядаги Universum Box Promotion ширкати вакили Кристоф Хаверкамп.

30 ёшли Руслан Чагаев Владимир Кличко билан бўлган беллашувга қадар 26 та жанг ўтказган. Улардан 25 тасида ғалаба қозонган, битта жангни дуранг натижа билан якунлаган ва бирор марта ҳам ютқазмаган.

- Фақат битта мағлубият Чагаев учун катта йўқотиш эмас. Кличко каби боксчига кўплар бас кела олмаган. Ҳозир Чагаев навбатдаги жангга тайёрланаяпти ва у ҳали ҳам Universum Box Promotion аъзоси, дейди Кристоф Хаверкамп.

Аммо Чагаевнинг чемпионлик титули учун кимга қарши рингга тушиши ҳозирча номаълум.

- Келаси ҳафталарда Чагаевнинг ким билан жанг қилишини эълон қиламиз, деб билдирди Руслан Чагаевга промоутерлик қилаётган Германиядаги Universum Box Promotion ширкати вакили Кристоф Хаверкамп.

Ўзбекистонда эса ҳукумат назоратидаги матбуотнинг Руслан Чагаев ҳақида гапирмай қўйганига анча бўлган. Маҳаллий аҳоли орасида Чагаев Ўзбекистондан бутунлай кетиб қолган ва Германия фуқаролигини олган¸ деган овоза тарқалганини айтади андижонлик спорт ишқибози.

- “Ўзбекистондан кетиб қолибди. Германия фуқаролигини олибди” деб эшитдик. Ўзбекистонда радио ва телевидениеда Чагаев тўғрисида умуман гапирмай қўйишди. Валуевни ютганидан олти ой ўтганидан кейин мен Чагаев тўғрисида умуман эшитмадим¸ дейди андижонлик спорт ишқибози.

Кейинги икки йил давомида Ўзбекистон матбуотида Руслан Чагаев ҳақида умуман гапирилмаганини навоийлик бошқа бир мухлис ҳам тасдиқлайди.

- Икки йилдан бери умуман дом-дараксизда. Ундан кейин иккита жанг ўтказди. 2007 йил 14 апрелда Валуевнинг устидан ғалаба қозондику. Шундан кейин 2008 йил январдан бошлаб дом-дараксиз кетди. Мана британиялик боксчидан камарини ҳимоя қилди. 2009 йил 21 июн куни Владимир Кличкога имкониятни бой берди. Бу жанг ҳам Ўзбекистонда айтилмади. Ўзбекистонда “Машъал” спорт радиоси бор. Ўшанда Норбек Ниëзовнинг дастури бор. Мухлислар телефон қилиб “Нима учун ëритилмаяпти?” деб сўрамоқчи бўлишади. Лекин ҳаммасини узиб ташлайверади. Айттирмайди¸ дейди навоийлик спорт ишқибози.

Аммо, ўзбекистонлик боксчига промоутерлик қилаётган Германиянинг Universum Box Promotion ширкати вакиллари Руслан Чагаевнинг Ўзбекистонни бутунлай тарк этгани ҳақдаги гап-сўзларни рад этди. Ширкат вакили Георг Нолте Чагаев Кличкога қарши сўнгги жангни Ўзбекистон байроғи остида ўтказди ва бўлажак жангларда ҳам Ўзбекистон номидан чиқади¸ деб айтди.

- Руслан билан суҳбатлашганимда, у менга рингга тушганида доим Ўзбекистондаги 25 миллион одам қўллаб-қувватловини ҳис қилиб туришини ва бундан фахрланишини айтган. У германиялик эмас, ўзбекистонлик боксчи, деди Георг Нолте.
XS
SM
MD
LG