Линклар

Мардикорнинг топгани тўйга кетмоқда

  • Барно Анвар

Сўров хулосаси¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг топган пулини боласининг келажаги учун эмас¸ кўпроқ унинг бир кунлик тўйи учун сочаëтганини тасдиқлаб берди.

Сўров хулосаси¸ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг топган пулини боласининг келажаги учун эмас¸ кўпроқ унинг бир кунлик тўйи учун сочаëтганини тасдиқлаб берди.

Миграциянинг Ўзбекистонга таъсирини ўрганиш мақсадида ўтказилган махсус тадқиқот хулосасига кўра¸ ўзбекнинг тўйи ва уйи¸ муҳожир топган пулни ютаëтган асосий ўпқондир.

“Меҳнат муҳожирларининг овози” деб номланган тадқиқот Андижон, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасида олиб борилди ҳамда меҳнат муҳожирлари, уларнинг яқинлари ўртасида социологик сўровлар ўтказилди.

Швейцариянинг Тошкентдаги элчихонаси ва БМТ тараққиёт дастурининг Тошкентдаги ваколатхонаси томонидан ўтказилган социологик сўров натижаларига кўра, мигрантлар хорижда ишлаб топаётган пулнинг 24 фоизи еб-ичишга сарф қилинар экан.

20 фоизи уй-жой харид қилиш ёхуд таъмирлашга сарфланади¸18 фоизи эса тўй-ҳашамга сарфланади. Ана шу харажатлардан ортгандан кейингина кийим-кечак харид қилиш ёки болаларни ўқитишга пул ажратилар экан.

Швейцария элчихонаси дастури доирасида сўров ўтказган тадқиқотчилар сарф-харажат бобида қишлоқ ва шаҳар аҳолисининг таъби ўртасида ҳам сезиларли фарқ борлигини кузатган. Мисол учун, қишлоқ аҳолиси учун бирламчи харажат тўй, шаҳар аҳолиси учун эса уй-жой экан.

Ҳар икки ҳудудда ҳам мардикорлик қилиб юрган оилаларнинг фарзандлари таълими учинчи ёхуд ундан ҳам қуйи ўриндаги масала экан.

Бу тадқиқот сифат жиҳатдан чуқурлаштирилган интервью методи асосида ўтказилган ва республиканинг уч ҳудудида жами 51 та интервью ўтказилган.

Шуниси қизиқки, муҳожирликка чиқиб кетаётган ўзбек мардикорлари, асосан, уйланиш ва фарзандларини ўқитиш учун пул топишни ният қилишини айтишган.

Бироқ, афтидан, топилган пул тўй ва егуликдан деярли ортмай, фарзандлар таълими ора йўлда қолиб кетмоқда.

Ҳамкасбим ана шу сўров баҳона Озодликка сим қоққан меҳнат муҳожирлари билан суҳбатлашди.

Биринчи суҳбатдош:

- Учта ўғлим¸ битта қизим бор. Қизимни чиқаришим¸ ўғлимни уйлантиришим керак. Шуларга сарфлаймиз. Еб-ичишдан¸ озиқ-овқатдан ортиб қолса¸ шуларга сарфлаймизда.

Озодлик: Сиз пул жўнатмасангиз¸ рўзғорда тирикчилик бўлиб тураверадими?

- Йўқ. Мен пул жўнатмасам у ëқда ишлайдиган одам йўқ. Иш ҳам йўқ. Аëлим¸ қизим ва мактабда ўқийдиган кичкина ўғлим бор. Ишлайдиган одам йўқ уйда. Бола-чақани боқамиз деб келдик-да.

Иккинчи суҳбатдош:

- Озиқ-овқатга¸ кийим-кечакка¸ болаларнинг ўқишига. Масалан¸ менинг иккита талабам бўлган. Шу иккита талабамни мана шу ерда ишлаб туриб ўқитдим. Ўзбекистонда бўлганимда¸ ўқита олмасдим умуман. Иложи йўқ бошқа. Озиқ-овқатга ҳам етмайди баъзида. Қозони бир ҳафтада бир марта қайнамайдиган оилалар ҳам бор. Барибир етмайди. Ўзбекистонда ишлаганда барибир етмайди.

Озодлик: Етмаганда тўй-ҳашамга етмайдими ëки еб-ичишга етмайдими?

- Тўй-ҳашамга етмайди. Еб-ичишга етади¸ холос. Бошқасига етмайди. Ëнимда 10-15 нафар одам ишлаëтган бўлса¸ ҳаммасида шунақа.

Учинчи суҳбатдош:

- Ўзбекистонда аҳвол умуман чатоқ. Ойига 200 доллар жўнатаяпманда. Худога шукур¸ еб-ичишга етаяпти¸ лекин орттириб бўлмаяпти.

Озодлик: Тўй-ҳашам¸ болаларнинг ўқишигачи?

- Ўқиш-пўқишларни умуман қўяверинг. Тўйларни энди қарз қилиб қилишаяпти. Яқинда Ўзбекистондан бир ўртоғим келган эди. У “Оила учун бир кунда кетадиган ўртача харажат 15-20 минг сўм бўлган” деб айтди. Мен эшитиб ҳайрон қолдим. Ўйланиб қолдим. Мен ўзим ҳам мана уйланиш ëшидаман. Ëшим 23 да. Тўй қилишга ҳали билмадим. Тўй қилганда ҳам олдингидай дабдабали¸ ҳашаматли қилиб тўй ўтказишга менинг ҳушим йўқ. “Тўйга ароқ қўймади. Дабдабали қилмади” деб гапирса гапирсинки¸ лекин менинг кейинги ҳаëтим яхши бўлишини хоҳлайман. Дабдабали тўй эвазига тўйдан кейинги ширин ҳаëт ўрнига мен қарз узишни ўйлай бошлашим мумкин.

Тўртинчи суҳбатдош:

- Ëшим 28 га кирди. Биринчи ўринда¸ уйланиш мақсадида пул топиш учун чиқишга мажбур бўлганман. Икинчи ўринда¸ ота-онам озгина оғриб туради. Уларнинг касалига сарфлаш учун пул зарур. Бу ҳам жўнатаëтган пулларимнинг ичига кириб кетади.

Яна ўқиш учун¸ илм олиш учун. Мисол учун¸ мактабда 11 йил ўқиган бўлсак¸ Алишер Навоийнинг кимлигини тушунмадик. Мактабни тугатганимдам кейин Алишер Навоийнинг “Лисонут тайр” деган асарини ўқидим ва унинг кимлигини билдим. Авлиë инсонлигини кейин билдим. Менинг институтни битириб¸ қўлимга диплом олиб¸ шу инсонларнинг ҳаëтини кенг ëритиш ниятим бор. Буларнинг ҳаммасига пул бўлмаса бўлмайди. Бошқа иложи йўқ.

Бешинчи суҳбатдош:

- Ҳозир уйда қурилиш бўлаяпти. Иморат қураяпмиз. Юборган пулимни ҳозир шунга ишлатаяпмиз.

Озодлик: Еб-ичишчи? Сиз пул жўнатмасангиз ҳам қозон қайнаб турадими?

- Қайнаб туради. Ҳозир мен юбораëтган пул кўпроқ қурилишга ишлатилаяпти.

Озодлик: Бу ëққа иморатга пул қилай¸ деб келганмидингиз?

- Иморат қурамиз¸ жой қиламиз¸ тўй қиламиз¸ машина оламиз деган яхши ниятлар билан келган эдик.

Озодлик: Болаларнинг ўқишигачи? Ўқийдиганлар борми?

- Иккитаси коллежда ўқияпти. Уларга ҳозирча кийим-кечагига пул демаса¸ бошқа нарсасига пул керак эмас. Ëнимиздаги шаҳарда коллеж бор. Ўшанда ўқишаяпти.

Озодлик: “Ўқийман¸ илм қиламан. Шунинг ухун пул қиламан” деганлар ҳам борми?

- Ҳа¸ бор. Кўп эмаску¸ озроқда. Уйлантираман¸ тўй қиламан¸ уй қиламан деганларга қараганда камроқ. Яна контракт пули бор.

Олтинчи суҳбатдош:

- Ëши каттароқ бўлса¸ боласини уйлантиришга¸ тўйга ишлатади. Жуда нари борса машина олишга ишлатади. 30 ëшга етмаганлар уйланаман дейди ëки ëш хотинига ëрдам берай¸ дейди. 18-20 ëш атрофидагилар машина оламан дейди¸ отамга иморат қуришга ëрдам бераман дейди.

Озодлик:
Ўқиш¸ билим олиш шу сарф-харажатларнинг ичида нечанчи ўринда туради?

- Иккита ëш йигитни биламан. Улар “Ўқишга пул қилай” деб келишган. 80 фоизи биринчидан уй қурай¸ оиламга ëрдам берай¸ машина олай¸ отамга ëрдам берай¸ тўй қилай ва ҳоказо дейди.
XS
SM
MD
LG