Линклар

logo-print

Яқин Шарқда умид туғилди


Бир ҳафта давомида Жорж Митчел Исроил¸ Фаластин¸ Сурия ва Миср раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Бир ҳафта давомида Жорж Митчел Исроил¸ Фаластин¸ Сурия ва Миср раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Мусулмон дунëси билан янгича алоқа ўрнатишга уринаëтган Обама маъмурияти¸ ўзаро муносабатлар негизини Яқин Шарқ тинчлик жараëнида бурилиш ясашдан бошлаш режасида.

Айни шу режани амалга кўчириш ниятида Вашингтоннинг бири-биридан нуфузли элчилари бирин-кетин музокара учун минтақага келмоқдалар.

АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Жорж Митчел Исроилда музокара ўтказаëтган маҳал¸ АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Аммонда Иордания қироли билан учрашди.

Айни пайтда¸ перзидент Обаманинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жеймс Жонс ва Яқин Шарқ тинчлик музокараларининг тажрибали орачиси Денис Росс минтақа сафарига чоғланиб турибди.

АҚШ нуфузли музокарачиларининг бундай устма-уст сафарлари Вашингтоннинг ўз дипломатик қудратининг асос қисмини Яқин Шарқ тугунини ечишга сарфлаш нияти ифодасидек кўрилмоқда.

Кейинги ҳафтани Исроил¸ Фаластин¸ Сурия ва Миср раҳбарлари ўртасида бўзчининг мокисидек қатнаш билан ўтказган Жорж Митчел¸ асосий кучини нафақат Фаластин-Исроил можароси ечими¸ балки минтақавий муроса йўлини топишга сарфламоқда.

Айни шу муждани Жорж Митчел¸ Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашувдан сўнг яна алоҳида таъкидлади.

- Президент Обаманинг кенг кўламли Яқин Шарқ тинчлик ғояси Исроил ва Фаластин¸ Сурия ва Исроил¸ Исроил ва Ливан ўртасидаги тинчликни ўз ичига олиш баробарида Исроилнинг ўз қўшнилари билан муносабатларини тўлиқ нормаллаштиришни ҳам кўзда тутади. Бизнинг бош мақсадимиз шу ва шунга эришиш ниятида қатъиймиз¸ деди АҚШ президентининг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили.

Ҳафта бошида Дамашқда президент Башар ал-Асад билан учрашган Жорж Митчел¸ Сурия ва Исроил ўртасидаги тинчлик музокараларини қайта тиклаш уринишлари қарийб мақсадга етиб қолганини билдирди. Бу баëнот билан кетма-кет Оқ уй расмийси¸ АҚШ нинг Сурияга жорий этилган иқтисодий санкцияларни юмшатишни кўриб чиқаëтганини маълум қилди.

Митчел баробарида минтақага сафар бошлаган АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс¸ Иордания қироли Абдуллоҳ билан Эрон ядровий дастуридан минтақага келаëтган таҳдид масаласини муҳокама қилди.

Эронни Яқин Шарқ тинчлик жараëнига энг катта хатар деб атаëтган Исроил ҳукумати¸ Эрон ядровий дастури масаласи бир ëқлик бўлмагунча¸ Фаластин билан тинчликка эришишдан фойда йўқлигини таъкидламоқда.

Иордания қироли билан учрашувдан сўнг Гейтс¸ Теҳронни агар мулоқот таклифини рад қилишда давом этаверса¸ Эронга нисбатан кескинроқ жазо чоралари қўлланишидан огоҳлантирди.

Чоршанба куни яна Қуддусга қайтиб¸ Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу билан учрашган Жорж Митчел¸ президент Обаманинг Фаластин ерларида яҳудийлар учун турар-жой бинолари қуришни тўхтатиш талабини муҳокама қилди.

Президент Обаманинг бу қатъий талаби¸ АҚШ ва Исроил ўртасида яқин орада кўрилмаган кескинлик манбаи бўлиб қолмоқда ва фаластинликлар бу қурилиш тўхтатилмагунча¸ Исроил билан музокараларни давом эттирмаслигини айтмоқда.

Исроил раҳбари¸ яҳудийларни уй билан таъминлаш режаси давом этиши лозимлигини таъкидлашдан қолмаëтган эса-да¸ унинг чоршанба кунги сўзлашувдан сўнг қилинган баëноти¸ бу борада муайян илгари силжиш борлигига ишорат бўлди.

- Биз ва фаластинлик қўшниларимиз¸ қолаверса бутун минтақада тугал тинчлик ўрнатиш йўлида бир-биримизни англаш ва биргаликда ишлашга элтувчи прогресга эришмоқдамиз¸ деган ўйдаман. Мен бу жараëннинг муваффақият томон илгари силжишидан умидворман¸ деди АҚШ президентининг махсус вакили билан учрашувдан сўнг Исроил Бош вазири.

Президент Обаманинг миллий хавфсизлик бўйича масҳалатчиси Жеймс Жонс ҳамда Денис Росснинг ҳам чоршанба куни Исроил раҳбари билан учрашиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG