Линклар

logo-print

Эркин микрофон

  • Абдулла Искандар

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Яхшидан боғ қолади аммо..

Илк суҳбатдошимиз Жиззахдан. 22 ëшда. Ўзи айтмоқчи¸ элнинг молини боқиб тирикчилик қилади.

Суҳбатдошимиз¸ ўз танишининг Жиззахнинг бир ташландиқ жойда боғ қилгани ва оқибатда боғи бадавлат кишилар тарафидан тортиб олингани ҳақида xабар бермоқчиман, дейди.

- Бир қари одам 1982 йилдан бери боғ қилиб келган у ерни. Уч гектар ер боғ бўлган. Лекин бу одам боққа документ қилмаган. У документ қанақа қилиб қилинишини билмаган¸ тушунмаган.

Озодлик: Ўша ерга биров эгалик қилмоқчими энди?

- Ҳа¸ шундай. Олиб қўяяптида.

Озодлик: Ким олиб қўяяпти?

- Сал бойроқ одам бор. Ўша олиб қўяяпти.

Озодлик: Қаерда бўлаяпти бу гап?

- Жиззахда.

Озодлик: Жиззахнинг қаерида?

- Улуғбек совхозида. Жиззах шаҳри¸ Хайробод маҳалласи.

Озодлик: Сизнингча¸ бу нотўғри бўлган-а?

- Ҳа. Меҳнат чолникида. Экилган дарахтлар инобатга олинмаяпти. Туманнинг ҳокими ва ер бўйича кадастри бой томондан пул олиб қўйган. Уларнинг ҳаммаси бой томонда. Бу чол Омбудсмен Сайëра Рашидовага хат ëзган¸ дейди жиззахлик суҳбатдошимиз.

Суҳбатдан маълум бўлдики, боғини қайтариб олишни ëки етиштирган мева дараxтлари учун ҳеч бўлмаганда товон олишни истаган боғбон Ўзбекистон Омбудсмени Сайëра Рашидовага мурожаат қилган.

Оға соғ борсангиз аввал....

Бизга қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз асли бухоролик¸ аммо ҳозир Россияда мардикорлик қилади. Мени бу ерга алдаб олиб келишди¸ деб гап бошлади суҳбатдош.

- Ўзбекистонда менинг ишим жуда яхши эди. Биттаси мени алдаб бу ерга олиб келди. Уч ой бўлаяпти олиб келганига. Икки ой ўтгандан кейин “Пулимизни бер¸ уйга жўнатай¸ фарзандларим бор¸ менинг тўртта фарзандим бор” десам¸ “Пошëл¸ вон отсюда” деб мени ҳайдаб юборди. Бугунги кунда 13 кундан бери бировларнинг уйида ишлаб¸ уйма уй кириб иш сўраб¸ азоб кўриб уйга кетишга пул топа олмай юрибман.

Озодлик: У одамнинг исм-фамилиясини айта оласизми?

- Мени олиб келган бола Жабборов Миржалол.

Озодлик: Ким бу бола¸ қаердан? Одам ëллайдиган ширкатми ëки нима бу?

- Ширкат эмас. Қисқаси посредникда. Шу “Фалон жойга борасиз. Машина ҳайдайсиз. Сизга ойига 1000 доллар беради” деб¸ алдаб олиб келди.

Озодлик: Кейин нима бўлди?

- Келгандан кейин икки ой бирга ишладик. “Пул бер” десак¸ “Тур йўқол. Пул йўқ. Хозяин пул бермади” деб айтди. Хозяиндан сўрасак¸ “Мен тийинигача ҳисоб-китоб қилганман” деди. Кейин мен чиқиб кетдим. Ҳозир уйма-уй иш сўраб¸ азоб чекиб юрибмизда.

Ишлаймиз¸ руслар ҳам пул бермайди. Йўл пулимни топсам¸ Худо хоҳласа уйимга қайтаман. Россиядан шунақа зерикиб кетдим. Кеча битта ўртоғим “Чиқсанг айтишади” деб айтган эди. Ўшанга дардимни очиб сочай¸ деб телефон қилган эдим¸ дейди Россия алданиб олиб келинган бухоролик йигит.

Суҳбатдошимизга кўра¸ у йўлкира пули топган заҳоти ўз юртига қанот қоқиб кетмоқчи. Ҳозирча у уйига кетаëтган мардикорларга қараб “оға¸ соғ борсангиз¸ аввал онамларга салом айтинг”дан нари ўтмаяпти.

Шудгордаги қуйруқ

Навбатдаги қўнғироқ Ўзбекистоннинг Қарши шаҳридан. 22 ëшдаги бу қаршилик йигит ўз шаҳрида фаолият юритган молиявий пирамидадан яхшилик чиқадими¸ деб сўрайди.

- Қаршида фаолият кўрсатаëтган эди. Кўп киши ўшанга пулини тикканда. Бизнесга аъзо бўлган. Интернетда www.quis.net сайти бор. Ҳозир фаолияти тўхтаб қолди. Кўп киши унга ўзининг миллион-миллион пулини тиккан. Компания эксклюзив маҳсулотлар сотиш билан шуғулланади. Яқинда ташкил қилинган. Интернет орқали бизнес қилар эди. Ҳозир Ўзбекистондаги фаолияти тўхтаб қолди. Қаршида ҳам фаолият кўрсатишаëтган эди. Офиси ëпилди ва Тошкентга кетишди. Одамлар камида бир миллион 100 мингдан тикишган эди. Шунинг охирини билмоқчи эдимда. Шу ҳақда тўлиқроқ билмоқчи эдим.

Озодлик: Сиз ҳам бу ташкилотга пул тикдингиз шекилли-а?

- Ҳа. Ўшанга сўраяпманда. Документалний¸ дейишаëтган эди. Документларини кўрмаганмиз. “Документларимиз бор” дейишган эди¸ дейди қаршилик суҳбатдошимиз.

Қаршилик суҳбатдошимиз саволига компьютер дастурлари мутахассиси тошкентлик Баҳодир Намозов жавоб берди.

Баҳодир Намозов: Биринчи марта эмаску бу. Сетевой маркетинг¸ Гербалайф¸ яна бошқа нарсалар. Ҳаммаси пирамидаю. Шунча пайтдан бери биттаси йўқолиб¸ иккинчиси қайтиб келаяпти. Бўлаверади бу нарса.

Озодлик: Бу одамлар “Пулларимизни олиб ғойиб бўлиб қолишди. Келадими қайтиб” деяптида.

Баҳодир Намозов: Менимча¸ бекорга кутишади. Улар пулни олган бўлса¸ ҳеч қачон қайтиб келмайди. Уларнинг ўзи нияти шу. Бу фирибгарликнинг бир тури. Биттасининг шапкасини олиб¸ иккинчисига кийдиради ва охирида умуман қочиб кетади.

Озодлик: Одамлар нимага ҳадеб чув тушаверади? Кўр ҳассасини бир марта йўқотади¸ дейишади. Аммо бу 20 йилдан бери давом этиб келаяпти.

- Энди одамлар ҳар хилку. Бир марта ҳассасини йўқотган бўлса¸ йўқотмайди. Иккинчиси умуман бировларга қараб туради. Ўша нарсани ҳамма жойда айтишади. Лекин негадир одамлар эътибор бераверишади. Улар бир зумда бойиб кетаман¸ деб ўйлайдими.

“Бировни алдаган бўлса¸ мени алдамаса керак. Мен бошқача одам бўлсам керак” деб ўйлашадида. Шунинг учун шунақа нарсаларга кўп тушиб қолишади. Айниқса¸ компьтерда пирамидалар жуда кўп. Буларга эътибор берманг. “Сиз фалонча ютдингиз¸ сиз миллионерсиз” деган нарсаларга эътибор берманглар¸ дейди Баҳодир Намозов

Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур. Қопқондаги қўй думбасини кўрган ақлли тулкининг миясига келган илк фикр шу бўлган.

Айтсам ўлдирарлар¸ айтмасам ўлам

Навбатдаги суҳбатдошимиз бизни кўп йиллардан бери эшитиб келаëтган 70 ни қоралаган андижонлик отахон экан.

- Мен 70 ëшга кирганман. Андижонлик мухлисларингизман. Баъзи нималарга кўра¸ мен исмимни айтмай тураман¸ дейди отахон.

Отахоннинг икки ўғли 159¸ яъни мавжуд тузумга тажовуз қилишда айбланиб қамалибди. Ичим тўла гап¸ дейди отахон.

- Бўлаëтган ишлар ҳақида гапиргим келади¸ лекин ўзимдан қўрқиб шуни гапира олмайман. Иккита ўғлим қамоқда ëтибди.

Озодлик: Ўғилларингиз қаерда ëтибди?

- Навоий билан Қаршида. Ана шулар ҳақида юрагимдаги гапларни тўкиб солгим келади. Яна битта ўғлим олдимда. Шунинг тақдиридан қўрқиб¸ гапиришга ҳам қўрқаман. Бўлмаса сизларга қўнғироқ қилишга анчадан бери ҳаракатим бор. Ҳозирги эшиттиришинглар жуда менга мос эшиттириш бўлди. Бўлаëтган ишларни гапиргим келади. Ўзбекистонда бўлаëтган гапларни фақат сизлардан эшитаманда.

Озодлик: Икки ўғлингиз нимада айбланган?

- 159 модда билан айбланган. Олдимдаги ўғлимдан қўрқиб¸ ҳеч нарсани гапиргим келмайди. Юрагимдаги гапларни айтиб¸ ëрилгим келиб кетади. "Эркин микрофон" чиққанидан бери мана шунақа гапларни тўкиб солгим келаверади. Шунақа ëзилиб гаплашгим келади¸ дейди отахон.

Гап орасида отахон Озодликни анчадан бери эшитишини ҳам айтиб ўтди.

- Мен сизларнинг эшиттиришларингизнинг мухлисиман. Ҳамиша¸ доим эшитаман. Чунки сизлар бизнинг ахборот воситалари айтмайдиган қоронғи нарсаларни ëритасизлар. Мен сизларнинг ҳамма эшиттиришларингизни – “Чодирхаëл” дан тортиб “Қурултой”гача ҳаммасини эшитаман¸ дейди отахон.

"Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистонда эътиқоди учун қамалганлар сони бир неча мингларни ташкил қилади. "Мемориал" фаоли Виталий Понамаревнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ 159 билан қамалганлар сони 5000 га яқин.

Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқларининг айримларинигина эътиборингизга ҳавола қилдик.

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG