Линклар

Ашхобод Бокуни судга бермоқчи


Бердимуҳамедовга кўра¸ Боку билан муаммони ўзаро ҳал қилиш уринишлари самара бермаган.

Бердимуҳамедовга кўра¸ Боку билан муаммони ўзаро ҳал қилиш уринишлари самара бермаган.

Туркманистон кўп йиллардан буён Озарбайжон билан жанжалга сабаб бўлаётган Каспий денгизи остидаги газ ва нефтга бой ҳудуд масаласини халқаро суд орқали ҳал қилмоқчи.

Каспий денгизи остидаги учта кон устида қарийб 10 йилдан буён давом этаётган баҳсни суд залига кўчириш тўғрисидаги огоҳлантирув Европа иттифоқининг эндигина жонланган Набукко лойиҳасини яна пайсалга соладиган кўринади.

Куни-кеча Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳамедов Ташқи ишлар вазирига судга ҳозирлик кўришни топширди.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳамедов ўтган жума куни Вазирлар маҳкамаси йиғилишида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Тўйли Кўмековнинг ҳисоботидан иқтибос келтириб, шундай деди:

- Ҳурматли маҳкама аъзолари, Кўмековнинг ҳисоботига кўра, Каспий денгизи остини демаркация қилиш ва Туркманистон ҳамда Озарбайжон ўртасидаги денгиз минерал ресурслари масаласи Озарбайжоннинг алоҳида позицияси туфайли ечилмай келмоқда. Вазият бу тариқа тус олишининг асосий сабаби, Каспийнинг айнан баҳсга сабаб бўлаётган қисмида минерал ресурслар манбаи жойлашганидир. Озарбайжон ана шу конлар, жумладан, совет даврида “Промежуточное” деб аталган, биз ҳозир “Сардор кони” деб атаётган конга эгаликни даъво қилмоқда, деди Туркманистон президенти.

Шунингдек, Бердимуҳамедов ҳозир Озарбайжон ишлатаётган яна икки конга ҳам ишорат қилиб, бу манбалар аслида Туркманистонга тегишли эканини таъкидлади. У 16 маротаба ўтказилган икки томонлама учрашувлар самарасиз тугаганидан афсус билдириб, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовга шундай топшириқ берди:

- Шунинг учун ҳам, Мередов, мен сизга денгиз ҳудудидаги баҳсли масалалар бўйича эксперт бўлган адвокатларни таклиф қилиш ва масалани чуқур ўрганиш ҳамда бу ишни Халқаро судда кўриб чиқиш учун зарур барча ҳужжатларни тайёрлашни топшираман, деди Туркманистон президенти Бердимуҳамедов.

Бундай топшириқнинг берилиши Европа Иттифоқининг Набукко лойиҳаси билан боғлиқ режаларига жиддий тўсиқларни пайдо қилиши мумкин. Бу лойиҳа бўйича таклиф қилинган 3300 километрлик қувур Грузиянинг ғарбий чегарасидан бошланиб, Туркия орқали Европага ўтиши керак.

Набукко лойиҳаси ташаббускорлари Марказий Осиё, айниқса, газ заҳираларига бой бўлган Туркманистон газини шу қувур орқали олишни кўзлаётган эди.

Бунинг учун сўнгги 15 йилдан буён режалаштириб келинаётган Каспий денгизи остидан ўтувчи, Туркманистон ва Озарбайжонни боғлайдиган “Транс-Каспий” қувурини Грузиянинг ғарбий чегарасига қадар узайтириш режа қилинаётган эди.

Бироқ Ашхобод ва Боку ўртасида Каспий денгизи остидаги конлар масаласининг яна низо даражасига кўтарилиши Транс-Каспий қувур масаласи ечимини яна имконсиз қилиб қўйди.

Аслида сўнгги йиллар ичида икки давлат ўртасида муносабатлар¸ айниқса, ўтган йили Бердимуҳамедовнинг Бокуга қилган сафаридан сўнг¸ бироз илиқлашиб қолгандай эди. Шу боис, бу қувур ва ниҳоят қурилар экан, деган умидлар пайдо бўлган эди.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳалаф Ҳалафов Туркманистон президенти халқаро судга мурожаат қилиш истагини билдирганининг эртасига Озарбайжон давлат телевидениеси орқали чиқиш қилиб, ўз давлати судлашишга тайёр эканини айтди.

- Ишоничимиз комилки, биз Озарбайжон позицияси ва ҳақ-ҳуқуқларини шу даражада туриб ҳимоя қилишга тайёрмиз, деди Озарбайжон расмийси.

Озарбайжонлик эксперт, “Турон энержи” кундалик нашри муҳаррири Илҳом Шабон йиллаб давом этган низоли баҳс ечимига фақат суд орқали келиш мумкин, деб ҳисоблайди.

- Бу ҳар қандай муаммони ҳал қилишнинг жуда замонавий услуби. Бу масаланинг судга тақдим этилиши табиий ҳол ва биз умид қиламизки, суд адолатли қарор чиқаради, дейди озарбайжонлик эксперт.

Бироқ, томонлар бу масала ечими йўлида муросасизликда давом этса, суд ҳам йилларга чўзилиши ва Транс-Каспий ҳамда Набукко лойиҳалари тақдири йиллар давомида ора йўлда қолавериши мумкин, дея қўшимча қилади яна Илҳом Шабон.
XS
SM
MD
LG