Линклар

Фермер ҳибсда ушланмоқда

  • Садриддин Ашур

Ҳозирча Оязимхон Хидирова тақдирининг 72 соатлик ҳибс тугагач нима кечиши номаълум.

Ҳозирча Оязимхон Хидирова тақдирининг 72 соатлик ҳибс тугагач нима кечиши номаълум.

Жиззахнинг Арнасой туманидаги “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмаси собиқ раҳбари Оязимхон Хидирова милиция ходимлари томонидан 72 соат муддатга ҳибсга олинди.

Оязимхон Хидирова ўз бошига қора кунлар тушиши эҳтимоли борлиги ҳақда 29 июн куни Озодлик билан суҳбатда гапирган эди:

- “Худо хоҳласа ғаллани йиғиштириб олайлик¸ кейин прокурор¸ ҳоким¸ мен сени қаëққа жўнатишни ўйлаб кўрамиз. Сен хатингда кўрсатганингдай туман билан эмас¸ вилоят билан гаплашадиган бўлиб қолдингми? Бўпти¸ аризангни вилоятга жўнатиб юборамиз¸ вилоят кўриб чиқади” деб айтди¸ деган эди Оязимхон Хидирова.

Оязимхон Хидировага кўра¸ бу гапни унга “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмаси раҳбари айтган.У ва маҳаллий раҳбарлар ўртасидаги келишмовчилик Арнасой туманида кичик фермерлар ерларини қисқартириш ҳисобига катта фермер хўжаликлари ташкил қилиш ҳақидаги президент фармонини бажариш асносида пайдо бўлган.

Ўшанда фермер бу фармойиш бажарилишининг қўпол равишда бузилаётгани, маҳаллий раҳбарлар фермерларнинг хоҳишига қараб эмас, балки мажбурий равишда ерларни йириклаштираётгани ҳақида бир неча бор Озодликка гапирган эди. Оқибатда Хидирова сувдан фойдаланиш уюшмаси раҳбарлигидан бўшатилди, унинг хўжалигидаги буғдой пишиб етилганда эса, раҳбарлар атайин фермернинг ўришга рухсат беришмади. Комбайн сўраб борганда эса¸ Хидированинг ўз сўзига кўра¸ у “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмаси раҳбари томонидан калтакланган:

- “Хўш¸ нимага келдинг?” деди. Келишимга сабаб¸ ғаллани ўрдиришим керак¸ десам¸ у деб¸ бу деб мени ҳақоратлади. “Сенинг ҳақоратлайдиган оғзингдан тилингни юлиб оламан”, деб кийимидан тортган эдим¸ йиртилиб кетди ва яна ҳақоратлашни бошлади.

“Мени сўккунча ўзингнинг онангни сўкиб қўя қол” десам¸ аччиғи чиқиб бир тепди. “Ҳуқуқ органларининг олдига олиб бориб тептираман мен ўзимни. Сен жавоб берасан”¸ деб судрасам¸ тепкилашни бошлади.

Яхшиям ўзимнинг давримда ишлаган ер ўлчовчи¸ ҳайдовчилар ажратиб қўйишди¸ деган эдибундан бир ой аввал Оязимхон Хидирова.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Мамиржон Азимов Арнасой туман ички ишлар бўлимида сақланаëтган Оязимхон Хидирова билан ҳибсга олинганидан кўп ўтмай телефон орқали гаплашганини айтади:

- “Нима билан айблашаяпти сизни?” деб сўраган эдим¸ “294 ва 297 моддалар билан айблашяпти. Ҳақоратлаш¸ жанжаллашиш билан айблашаяпти” деди. Яна бир нечта моддаларни қўйишган¸ деб айтди. Лекин қайси моддалар қўйилганини ҳозирча аниқ айта олмади. У ҳаммасини хотирасида сақлаб қола олмаган. Адвокат таклиф қилишган экан¸ ҳозирча адвокат олишдан бош тортган. Бир адвокат олиб эртага соат 10.00 гача Ички ишлар бўлимига етиб боришга ҳаракат қиламиз¸ дейди Мамиржон Азимов.

Азимовга кўра¸ Оязимхон Хидировага нисбатан бўлаётган бу тазйиқларнинг ҳаммаси маҳаллий раҳбарлар томонидан махсус уюштирилмоқда:

- Бу ҳаммаси олдиндан режалаштириб келинган. Чунки Оязимхон Хидирова ўзининг фермер хўжалигини ҳимоя қилиб¸ бундан ташқари бир қанча фермерларнинг ҳам ҳуқуқини ҳимоя қилиб келаëтган эди. Бу маҳаллий ҳокимларга ëқмаган. Ҳозир телефон орқали боғланганимизда Оязимхон Хидирова “Буни Арнасой тумани прокурори билан Арнасой тумани ҳокими уюштирди” деб айтишди менга¸ деб айтди. Ички ишлар ходимларидан бири “Сизнинг бу ерга қамалишингизни туман ҳокими ва туман прокурори уюштирди” деб айтибди. Бу Оязимхон Хидированинг менга ўз оғзи билан айтган гапи¸ дейди Мамиржон Азимов.

Биз Арнасой туман ҳокими Файзулло Салоҳиддинов билан телефон орқали боғландик. Ҳоким жаноблари Оязимхон Хидированинг ҳибсга олинганидан хабари йўқлигини айтди.
XS
SM
MD
LG