Линклар

logo-print

Қирғиз мухолифати намойишларни бошлади


Бишкекдаги ахборот агентликлари мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида норозилик намойишлари бўлаётгани ҳақида хабар бермоқдалар.

Бишкекдаги ахборот агентликлари мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида норозилик намойишлари бўлаётгани ҳақида хабар бермоқдалар.

Қирғизистон мухолифатидаги Бирлашган халқ ҳаракати 29 июл куни “Адолатли сайлов учун” шиори остида муддатсиз норозилик намойишларини бошлади.

Бирлашган халқ ҳаракати 23 июлда ўтган президентлик сайлови натижалари соҳталаштирилган деб даъво қилмоқда.

Қирғизистон мухолифати Марказий сайлов комиссиясининг президент Бакиев сайлов ғолиби бўлгани, мухолифатдан президентликка ягона номзод Алмазбек Атамбаев 8,41 фоиз овоз олган тўғрисидаги маълумотига ишонмайди.

Мухолифат фикрича, Алмазбек Атамбаев сайловчиларнинг 60 фоиз овозига эга бўлган.

- Шунинг учун биз ҳар қандай шароитда ҳам курашни давом этдирамиз, деган қатъий қарорга келдик,- деди Қирғизистон парламенти депутати, мухолифат лидери Бақит Бешимов.

Айни пайтда Алмазбек Атамбаев сайлов штабидан олинган маълумотларга кўра, Чуй вилоятининг Сўқулуқ, Панфилов, Москва ва Жайил туманларининг мухолифатни қўлловчи аҳолиси Иссиқкўл вилоятига пиёда юриш бошлаган.

23 июл куни Иссиқкўл вилоятининг Балиқчи шаҳрида сайловнинг адолатсиз ўтаётганини даъво қилиб норозилик намойишига чиққан норозиларнинг бир неча ўн нафари қамоққа олинган ва уларга раҳбарлик қилган парламент депутатларидан икки нафари калтакланган эди.

Шунингдек, Чуй вилоятининг бошқа туманларида ҳам норозилик йиғинлари бўлиб ўтди.

Ахборот агентликларинингг хабар беришича, 29 июл куни Норин, Талас ва Боткен вилоятларида ҳам одамлар норозилик намойишига йиғилганлар.

Айни пайтда Бишкек шаҳрида ўтказилган норозилик намоийши кутилганидек минглаб одамларни йиға олмади. Мухолифат тарқатган хабарларга кўра, бунга Бишкекда ўтказилиши режаланган мухолифат митингига келаётган норозиларнинг милиция томонидан қўлга олингани сабаб бўлган.

Қирғиз мухолифати лидерларидан бири бўлган Тўпчибек Турғуналиев раҳбарлигидаги 42 кишидан иборат норозилар гуруҳи Бишкекка кириб келаётганида милиция томонидан қўлга олинган.

Бишкек яқинидаги Қизил аскар қишлоғида эса норозилик митингига келаётган 80 киши ҳибс қилинган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитовнинг айтишича, қўлга олинганлар жамоат тартибини бузганликда айбланмоқда.

- Ҳозир қўлга олинганларнинг шахси аниқланяпти. Қўлга олинган шахслар сақланаётган жойга Бишкек шаҳрининг тўртта тумани судидан судялар чақиртирилган. Улар қўлга олинганларга нисбатан шу ернинг ўзида ҳукм чиқарадилар,-деди Бақит Сейитов.

Милиция таъқибидан қочишга муваффақ бўлиб, Бишкекдаги митингга етиб келган бир неча юз кишини эса мухолифатдан президентликка номзод бўлган Алмазбек Атамбаев 30 июл куни Бишкекдан Балиқчи шаҳрига қилинадиган норозилик юришида қатнашишга чақирди

- Эртага эрталаб соат ўнда биз норозилик юришини давом этдирамиз. Олдинги сафда менинг ўзим бўламан.

Балиқчида 23 июл куни адолатли сайлов ўтказишни талаб қилиб намойишга чиққанлардан ўттиз нафари қамоққа олинган. Уларга 15 йилдан 20 йилгач озодликдан маҳрум қилиниши мумкин бўлган айбловлар қўйилмоқда. Биз уларнинг ҳам озод этилишини талаб қиламиз,-деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда Қирғизистон парламенти депутати Бақит Бешимов мамлакат Конституциявий судига 23 июлда бўлиб ўтган президентлик сайловларини ноконституциявий деб топиш тўғрисида таклиф киритди.

Депутат фикрича, сайлов жараёнида кўплаб қонунбузарликлар содир этилган ва бу ҳолат овоз бериш умумий натижаларига салбий таъсир кўрсатган.

Конституциявий суд бу масалани 30 июл куни соат 10 да кўриб чиқишини билдирган.
XS
SM
MD
LG