Линклар

Молдовада сайлов ўтказилмоқда


Молдовада такрорий, муддатидан аввал парламент сайлови ўтказилмоқда.

Сайловчилар Россия билан стратегик ҳамкорлик тарафдори бўлган Коммунистик партия ёки Ғарб билан алоқалар ўрнатиш тарафдори бўлган мухолифатдаги либерал партиялар учун овоз беришлари мумкин. Янги парламент эса кейинчалик амалдаги президент Владимир Воронин ўрнига янги президент сайлайди.

Молдовада сўнгги парламент сайлови 3 ярим ой муқаддам – 5 апрел куни бўлиб ўтган ва унда парламентдаги кўпчилик ўринни коммунистлар эгаллаган эди.

Бироқ коммунистларнинг ўз сафидан президент сайлаб олиши учун битта овоз етмади ва масала кун тартибига такроран қўйилганида ҳам ҳал бўлмади.

Шундан сўнг, Конституцияга биноан мамлакат президенти муддатидан аввал парламент сайлови ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Апрелда бўлиб ўтган сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг Молдова пойтахти Кишинёвда тартибсизликлар бўлиб ўтди.

Бугун сайлов участкаларидан бирида овоз берган Владимир Воронин хавфсизлик кучлари апрел ойидаги тартибсизликларнинг қайта такрорланишига йўл қўймаслигини таъкидлади.

Айни пайтда ЕХҲТнинг 200га яқин вакили Молдовадаги сайлов жараёнини кузатмоқда.



XS
SM
MD
LG