Линклар

Мужоҳидлар тақдири қил устида


Чоршанба куни Ашраф лагери тўрт томондан полиция кучлари қуршовига олинди.

Чоршанба куни Ашраф лагери тўрт томондан полиция кучлари қуршовига олинди.

Ироқ хавфсизлик кучлари Бағдод шимолидаги Эрон мухолифати қароргоҳида махсус рейд ўтказдилар. Теҳрон олқишига сазовор бўлган бу ҳаракат¸ вашингтондагиларни таажжубга солган кўринади.

Ироқнинг Дияла минтақасида жойлашган Ашраф лагери чор тарафдан тиканли сим билан ўралган. Ҳарбий қароргоҳга ўхшаб кетадиган бу лагерда кейинги олти йил давомида Эрон Халқ мужоҳиддин ташкилотининг 3500 га яқин аъзоси ва уларнинг оила-аъзолари яшаб келаëтган эди.

Ҳозирга қадар бу ташкилот номи деярли тилга тушмай¸ унинг аъзолари эса¸ Ашраф лагеридан ташқарида кўзга кўринмай келаëтган эди. Эрон сарҳадларига бир-икки маротаба қуролли ҳужум уюштирган Халқ мужоҳиддин ташкилоти Ироқ истилосидан сўнг АҚШ қўшинлари томонидан қуролсизлантирилган ва кейинги олти йил ичида ўз тақдирининг бошқалар томонидан белгиланишини кутиб турган эди.

Бу кутиш сукутини 29 июл куни Ироқ қуролли кучлари¸ ниҳоят бузди.

Айтилишича¸ Ироқ хавфсизлик кучларининг Ашраф лагерида ўтказган рейди оқибатида 400 одам жароҳат олган ва улардан 100га яқини ҳукумат аскарларидир.

Ҳукумат кучлари Ашраф лагерини унда яшаб келган минглаб эронликлардан тозалашга уринганида юзага чиққан тўқнашув чоғида муҳожирлардан элликка яқини ҳибсга олинган.

Лагердагиларнинг айтишича¸ полициячилар камида тўрт одамни отиб ўлдирган¸ аммо ҳозирча Ироқ расмийлари бу хабарни инкор этмоқда.

Бир неча ойдан бери Ироқ ҳукумати Ашраф лагеридагиларни чиқариб¸ бу ерда полиция бўлими ташкил этиш режаси устида ишлаëтган эди. Лагернинг ëпилиши¸ унда яшаб келганларни ўз тақдирлари¸ хусусан ўзларининг Эронга депортация қилинишлари хусусида жиддий ташвишга солмай қўймади.

Ўзаро келишувга мувофиқ¸ ўтган йил АҚШ ҳарбийлари Ашраф лагери устидан назоратни ҳам Ироқ хавфсизлик кучлари назоратига топширган бўлса-да¸ Бағдод Теҳрон режими мухолифларига қарши ҳаракат бошлашни пайсалга солиб келди.

Эрон Халқ мужоҳиддин ташкилоти АҚШ томонидан террорчи гуруҳ деб эътироф этилган бўлса-да¸ 2003 йилдан бери Америка ҳарбийлари бу ташкилот аъзоларини ўз ҳимоясида ушлаб келди.

Шу боис Ироқ кучларининг 29 июл кунги рейди АҚШ ҳарбийлари учун кутилмаган воқеа бўлган кўринади.

Ироқдаги АҚШ қўшинлари бош қўмондони генерал Рэй Одиерно бундай рейд ҳақда олдиндан огоҳлантирилмаганини айтди.

АҚШ Давлат департаменти расмийси Иан Келли эса¸ рейддан матбуот орқали хабар топгани ва ҳозирда Вашингтон воқеа тафсилотларини ўрганаëтганини билдирди.

Келлига кўра¸ Ироқ ҳукумати Ашраф лагерида яшовчилар хавфсизлигини таъминлаш ваколатини ўз зиммасига олган ва лагердагиларни улар таъқибга учраши мумкин давлатга мажбуран жўнатмаслик ҳақда кафолат берган.

Айни пайтда¸ Теҳрон расмийлари Ироқ кучларининг Эрон Халқ мужоҳиддин ташкилотига қарши ҳаракатини олқишлади.

- Гарчи¸ Ироқ ҳукумати бу ишни анча кечикиб амалга оширган бўлса-да¸ биз Ироқ ҳудудининг террорчилардан тозаланганини олқишлаймиз¸ деди жумладан Эрон парламенти раиси Али Ларижоний.

Аммо ҳозирча¸ Ашраф лагерида яшаб келган эронликлар хавфсизлик кучларининг бу ҳудуддан чиққани ва лагердагилар ўз ҳақлари учун курашни тўхтатмаслигини айтмоқдалар. Бу ҳақда Озодлик мухбири билан суҳбатда лагердагилардан бири Беҳзод Сафарий хабар қилди.

- Ашраф лагеридагилар ўз ҳақлари учун сўнгги томчи қонлари қолгунча курашишга аҳд қилдилар¸ дейди Сафарий.

Бундай зиддият давом этар экан лагердагиларнинг кейинги тақдири устида ҳамон мавҳумлик булути осиғлиғича қолмоқда.

Саддам Ҳусайн томонидан 80-йилларда Эронга қарши ташкил этилиб¸ сўнгра курд ва шиа исëнчиларини бостириш учун ишлатилган бу гуруҳ аъзолари яқин келажакда ë Эронга топширилиши¸ ëхуд учинчи давлатга чиқариб юборилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG