Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:42

Президентлар Душанбега келмоқда


Покистон президенти Душанбеда ўз мақомига яраша иззат билан қарши олинди.
Покистон президенти Душанбеда ўз мақомига яраша иззат билан қарши олинди.

Тожикистон пойтахтига бирин-кетин Покистон¸ Россия ва Афғонистон президентлари келмоқда. Исломий жангариларга қарши кураш ва энергетик ҳамкорлик масалаларининг сўзлашувлар марказида экани айтилмоқда.

Покистон ва Тожикистон президентлари исломий жангариларга қарши биргаликда кураш амалиётларини жадаллаштиришга ваъда берди.

Покистон президенти Осиф Али Зардорий ва Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Афғонистон ҳамда Россия иштирокида ўтказиладиган минтақавий саммитдан аввал журналистлар билан учрашди.

90-йиллар бошида фуқаролик урушини бошдан кечирган Тожикистон ҳудудларида сўнгги ойлар давомида Афғонистон ва Покистондан қочиб келган жангариларнинг яна фаоллашгани кузатилмоқда.

Айни пайтда энергетик ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама этиладиган Душанбе учрашувларини расмий Тошкент диққат билан кузатаётган бўлса ажаб эмас, дея Душанбедан хабар қилади Озодликнинг тожик хизмати директори Сожида Жаъфарова.

- Покистон президенти Зардорий ва Тожикистон раҳбарининг учрашуви 29 июл куни эрталаб Душанбедаги “Миллий саройда” бўлиб ўтди. Учрашувдан сўнг президентлар журналистлар билан учрашди. Жумладан¸ Покистон президенти минтақадаги хавфсизлик вазияти борасида хавотир изҳор этди ва “биродар халқ бўлмиш тожиклар уйига нисбатан бўлаётган ҳар қандай таҳдидларни ўз уйига бўлаётган таҳдид” ўлароқ қабул қилишини айтди.

"21 асрнинг бу янги уруши нафақат бизга биродар бўлган давлатлар ëки менинг давлатим, балки бутун минтақага таҳдид солмоқда. Яна бир бор шуни таъкидламоқчиманки, 21 асрнинг ушбу таҳдидларига қарши биз елкама-елка туриб курашамиз”- деди Покистон президенти.

- Али Зардорий шунингдек Тожикистон раҳбари билан банк соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришга келишиб олинганини айтди. Покистон раҳбари ўз ҳаво ҳудудидан автомобил ва темир йўлларидан ҳамда Покистон бандаргоҳлардан Тожикистон кенг фойдаланиши мумкинлигини таъкидлади ва муносабатлар келажагини Тожикистоннинг электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти билан боғлади.

“Ўзаро муносабатларимиз келажаги буюкдир. Тожикистон электр энергияси манбаи ва бу давлат Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан савдо қилиш имконини беради. Келажак авлод ва ўзимиз ўзаро муносабатлар келажагини белгилаб беришимизга умид қиламан”- деди Али Зардорий.

- Маълумки, Тожикистон Покистонни ўз электр энергияси учун улкан бозор сифатида кўради. Покистонга электр энергиясини етказиб бериш масаласи пайшанба куни Душанбега Россия президенти Дмитрий Медведев келганидан сўнг кенгроқ муҳокама этилади.

31 июл куни Тожикистонда Россия томонидан қуриб битказилган Сангтўда-1 ГЭСи тантанали равишда очилади. Тожикистондаги энергетик лойиҳалар доирасида Роғун ГЭСининг қурилиши ҳам учрашувлар давомида муҳокама этилади. Бу эса Ўзбекистонга ҳам тааллуқлидир. Чунки Ўзбекистон томони¸ айниқса¸ Роғун ГЭС и қурилишига очиқчасига қаршилик қилиб келмоқда.

- Ўзбекистон фикрича, агар Тожикистон бу ГЭС ни ишга туширса, мамлакатга келадиган сув оқими камаяди ва оқибатда мамлакат қишлоқ хўжалигига талофот етади. Шу боис¸ расмий Тошкент Душанбеда ўтаётган ушбу учрашувларни диққат билан кузатаётган бўлса ажаб эмас.
XS
SM
MD
LG