Линклар

Эркин микрофон

  • Барно Анвар

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликнинг очиқ минбаридан фойдаланиб¸ ўз муаммолари ҳақда гапиришни истаган бугунги суҳбатдошлар яна Россиянинг бепоëн даштларига сочилган миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирларидан айримлари.

Таҳририятимизга телефон қилаётган муҳожирларнинг кўпчилиги фуқаролик паспортини йўқотиб қўйгани¸ шу боис на иш ва на бошпана тополмай ва на уйга қайтолмай юрганини айтмоқда.

- Кета олмай ëтибмиз беш-олти йилдан бери. Укам документини йўқотиб қўйган. Қанақа қилиб кетишни билмай¸ бошимиз қотиб қолган. Мен укамни ташлаб кета олмайман. Қандай кетишни билмаяпмиз.

Озодлик: Укангиз неча ëш?

- Укам 1977 йилдан туғилган. Ҳомиладор хотини бор. Бошимиз қотиб қолган. Нима қилишни билмаймиз.

Озодлик: Хотини ҳам Россиядами?

- Ҳа.

Озодлик: Хотинининг ҳужжатлари жойидами?

- Хотинининг ҳужжатлари жойида. У куни қизи билан жўнатдик бир одамни. Қозоғистонда милициялар чиқиб¸ “Қизингнинг документи йўқ” деган ва қизни олиб қолган. Қозоғистонда кимлардир олиб қолган. Аммо ким олиб қолганини билмаймиз. Милициялар олиб қолган дейди¸ лекин ҳеч ким топа олмайди. Ўзбекистонга телефон қилсак “Биз билмаймиз” дейди. Қозоғистонники ҳам шунақа деяпти.

Озодлик: Ошнангиз Россияда қайтиб келдими ë Ўзбекистонга кетдими?

- У ҳам йўқ. Йўқ у ҳам. Иккови ҳам йўқ бўлиб кетган. Қаердалигини билмаймиз¸ дейди. Туркистон деган жой борку¸ ўша ерда олиб қолишган¸ дейди.

Хуллас¸ укамни қанақа қилиб олиб кетишни билмай бошим қотиб ëтибди. Қозоғистондан қўрқамиз. Қозоғистон документи йўқ болаларни олиб қолади ва олти-етти ойлаб ишлатади. Ҳаттоки умрининг охиригача ишлатади. Ҳеч кимга хабар бермайди. Қўй боқтирадими билмайман. Мен ўз кўзим билан кўрганман. Милиционерлар оладида¸ кейин чўпонларга сотади. Бу нарсани мен уч йил олдин ўз кўзим билан кўрганман.

Олмаотанинг тагида Атар деган жой бор. Мен эшитдим улар ҳали ҳам боргани йўқ. Уларнинг яқинларига мен “Улар Атарда юрибди” деб айтган эдим. Улар боришган¸ аммо кўрсатишмаган. Қозоқлар ҳам “билмаймиз” деган. Мен ҳозир укамни қанақа қилиб кетказишни билмаяпман. Қозоғистондан қўрқаяпмиз.

Озодлик: Элчихонага мурожаат қилдингизларми?

- Элчихонага бир-икки марта бордим. Киргизмади. Икки марта бориб келганман. Охранниклар киргизмади. “Мен шунақа жойдан келдим” десам¸ “Ҳозир қабул қилмайди. Бу ерда сенга ўхшаганлар кўп” деб киргизмади¸ дейди Россияда меҳнат қилаëтган меҳнат муҳожири.

Бу суҳбатдошимизнинг ҳомиладор келинини ҳам суҳбатга тортдик. Туғруқ вақти яқинлашиб қолган бжлсада¸ шу кунга қадар бирор марта тиббий кўрикдан ўтмаган бу аëл ўз орзуси уйга қайтиш эканини айтади.

Озодлик: Соғлигингиз¸ аҳволларингиз яхшими?

- Ëмон эмас¸ яхши.

Озодлик: Фарзандингиз қанчадан кейин туғилади?

- Тахминан сентябрнинг охири октябрнинг бошларида. Ҳали мен врач кўригидан ўтмадим. Ўтиш имкониятимиз йўқ ҳозир. Менинг планим бўйича сентябрнинг охири¸ октябрнинг боши. Ҳозир Россияда бунинг иложи йўқ.

Озодлик: Унда нимага Ўзбекистонга кетмаяпсиз?

- Турмуш ўртоғимнинг паспорти йўқ. Иш ҳам йўқ¸ пул ҳам йўқ. Врачга кўринишга пулимиз йўқ¸ кетишга пулимиз қаердан бўлсин. Ҳаракат бор¸ лекин положениемиз тўғри келмай турибди.

Озодлик: Сиз ўзингиз турмуш ўртоғингиз билан бирга элчихонага бориб кўрмадингизми? Ëки Новосибирскдаги консулликка бирга бориб¸ аҳволни тушунтиришга уринмадингизларми?

- Боришди. "Иложи йўқ"¸ деб айтишипти. Киргизишмаяпти умуман. Қабул қилишмаяпти.

Озодлик: Сиз ўзингиз нимани хоҳлаяпсиз? Қайтиб кетгингиз келаяптими?

- Ҳа¸ албатта кетгим келади. Турмуш ўртоғимнинг паспортини тўғирлаб беришнинг иложи бўлса яхши бўлар эди¸ дейди айни пайтда турмуш ўртоғининг паспорти йўқлиги туфайли Россияда қолишга мажбур бўлаëтган ҳомиладор аëл.

Бир ярим йил муқаддам Россияга кетган ва турмуш ўртоғи паспортини йўқотгани боис оғир аҳволда қолган ўзбекистонлик ҳомиладор аёл Озодликдан ёрдам сўрамоқда.

Худди шу мазмунда Россиянинг Ставропол областида ночор юрган яна бир гуруҳ ўзбекистонлик мардикорлар бизга телефон қилди. Эшитганимиз ҳикояга кўра, ўз юртдоши бўлган Маҳмуд исмли йигит уларни ёлғон ваъда билан Россия олиб келиб¸ доғистонлик бир пулдорга сотган ва ўзи ғойиб бўлган.

- Бизнинг Россияга келганимизга саккиз ой бўлди. Кетолмаяпмизда.

Озодлик: Нима бўлди?

- Биттаси алдаб олиб келди. Ташладида¸ йўқ бўлиб кетди. Шундан бери кўрганимиз йўқ. Битта чечен боланинг қўлига топширди. Ўйлаб кўрсак¸ у бизни сотиб кетган экан. Денис деган чечен болага сотиб кетган. Ўзи Доғистонда туради. Пул бермади. Қиши билан ишладик. Кейин у ердан қочиб чиқдик ва бошқа жойга келдик. Иш йўқ¸ қўлимизда документ йўқ. Ҳозир Ставрополдамиз. Нима қилишга ҳам ҳайронман.

Озодлик: Ҳозир қандай тирикчилик қилаяпсизлар? Қаерда яшаяпсизлар?

- Ставрополдамиз. Октябрский районда. Иш йўқ¸ турар жой йўқ.

Озодлик: Масалан¸ бирор жойда ишлаб озгина пул қилишнинг иложи борми ëки йўқми?

- Йўқда¸ иложи бўмаяпти. Иложи бўлса кетардик. Иложи бўлмаяптида¸ дейди Россияга алданиб олиб келинган ўзбекистонлик мардикор.

Озодликнинг Эркин микрофонига кейинги пайтларда шу каби оғир аҳволга тушган меҳнат муҳожирларидан телефон қўнғироқлари кўп бўлмоқда.

Улар орасида ҳужжатини йўқотиб қўйган ёхуд ҳужжатини олдириб қўйганлари кўпчилик. Биринчидан, ҳуқуқий тушунчасининг ҳаминқадарлиги¸ иккинчидан, молиявий имкон йўқлиги боис¸ бу фуқаролар Ўзбекистоннинг Россия ҳудудида уларга ёрдам кўрсатишга ваколатли бўлган элчихонаси ва консуллигига мурожаат қилолмайдилар.

Биз уларнинг бир гуруҳи номидан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси¸ шунингдек Новосибирскдаги консулхонасига мурожаат қилдик.

Консулликнинг ўзини таништиришни истамаган вакили мурожаатимизга жавоб берди, аммо, суҳбатимизнинг эфирга берилишини истамади. Шу боис, у берган жавобнинг қисқача мазмунини баён қилмоқчимиз.

- Бизнинг консул кечки соат 7-8 га қадар ўтиради. Кунига 50 та одам келса, имкон қадар ҳаммасини қабул қилади. Москвадаги элчихонада борганларни қабул қилмасликлари мумкиндир. Чунки у ерга кўп одам келади. Бизда эса аҳволи оғир бўлса, поездга кеч қолаётган бўлса, ҳатто, шанба кунлари ҳам қабул қилган пайтларимиз бўлган.

Озодлик: Россия ҳудудида паспортини йўқотиб қўйганларга конкрет қандай ёрдам берилади?

- Паспортини йўқотганлар бизга қандай ҳужжатларни тақдим қилиши кераклиги ва уларга қандай ёрдам берилиши бизнинг консуллик биноси, элчихонаси биноси, элчихона ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида берилган. Ўшани ўқишсин. Паспортини йўқотганларга биз Ўзбекистонга етиб олишига имкон берувчи ҳужжат қилиб берамиз. Улар ўша ҳужат билан юртига бориб, янги паспорт олиши мумкин.

Лекин кечирасизу, ўзи бизнинг муҳожирларнинг аксарияти арзимаган нарсадан баҳона қидирадиган бўлиб қолишган. Ўзининг омилиги, қонунларни яхши билмаслиги, ҳамма нарсани айланиб ўтишга одатлангани учун турли хил ғайриқонуний ҳолатларга тушиб қолишаяпти. Мана, келсин консулликка, зарур барча ёрдамни берамиз¸ деди Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги консуллиги вакили.

Бизни тинглаётган ва ёрдамга муҳтож меҳнат муҳожирлари бўлса, марҳамат, тап тортмай консулликка боринг. Консуллик расмийси “Меҳнат муҳожирларининг бизнинг идорага киритилмагани ҳақидаги гаплар ёлғон, бир кунда 50 киши келса, 50 кишини қабул қиламиз”, демоқда.

Яна бир бор Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консуллиги телефон рақамларини эслатиб ўтамиз:
+ 7 – 383 – 246 04 85, + 7 – 383 246 04 62.

Консуллик манзили:
Новосибирск шаҳри, Централний райони, Ломоносов кўчаси, 55 уй.
Индекс рақами: 630005

Консулликнинг иш вақти: душанба, чоршанба, жума кунлари соат 10 дан 13 гача.

Марҳамат, шу манзилга мурожаат қилинг ва муаммоларингиз ҳал бўлишига умид қиламиз.

Озодликнинг Эркин микрофонига гапирмоқчи бўлсангиз¸ марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилиб¸ ўз фикр-мулоҳазаларингиз, таклиф ҳамда муаммоларингизни бизга билдиришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG