Линклар

logo-print

Саллами¸ калла?

  • Садриддин Ашур

Наманганда бир қаватли дўкон ва ошхоналарнинг бузилиши¸ президент Каримов танқидига жавобан амалга оширилмоқда.

Наманганда бир қаватли дўкон ва ошхоналарнинг бузилиши¸ президент Каримов танқидига жавобан амалга оширилмоқда.

Президент Каримовнинг Наманган сафари ва шаҳарни ободонлаштириш ҳақдаги фармойишидан сўнг, шаҳар ҳокимияти Намангандаги хусусий ошхона ва дўконларни бузишга киришган.

Наманган шаҳар ҳокимлиги ва маҳаллий архитекторлар рухсати билан бунёд этилган бу ошхона ва дўконлар энди шаҳар ҳуснини бузиб турибди¸ деган асосда бир ой ичида йўқ қилиниши лозим.

Бу борада шаҳар ҳокимлиги қошида махсус штаб ҳам тузилган. Тадбиркорлар эса, шунча қилган меҳнатларига куйиб қолмоқдалар. Уларга товон пули берилмаяпти.

Куни кеча Прагага учиб келган наманганлик Абдуваққос исмли меҳнат муҳожирининг овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодлик радиосига айтишича, Наманган шаҳрининг шоҳ кўчасидаги бир қаватли ва кўримсиз хонадонлар эгаларига 1 сентябргача уйларини икки қаватли қилиб қуриш ҳақида маҳаллий ҳокимият томонидан қатъий кўрсатма берилган.

Шаҳардаги йўллар четига қурилган ошхона ва дўконлар эса¸ эгаларининг норозилигига қарамай бир четдан бузиб ташланмоқда. Озодлик суҳбатлашган наманганлик уй бекаларидан бири, бу гаплар тўғри эканлигини айтар экан, ҳозирча аҳолининг шахсий уйларига дахл қилиш тўхтатилганини таъкидлади:

- Аввал “уйлар бузилади” дейишди. Бир томондан 30 метр¸ иккинчи томондан 30 метр ичкарига киради дейишган эди. Энди эса “Унақа кирмайди. Бузмаймиз” дейишди. “Томларнинг ҳаммасини черепица қиламиз” деган гап бўлди¸ дейди наманганлик уй бекаларидан бири.

Бироқ, дейди бу онахон, шаҳарда хусусий ошхона, дўконларни бузиш ишлари бошлаб юборилди:

- Магазинлар бузиб ташланди. Нон комбинатининг олдида¸ Чкалов деймиз¸ дом бор эди. Ўша домнинг олдида бозорча¸ магазинлар қатор қурилган эди. Домнинг олдини очиш керак ¸ деб ҳаммаси бузиб ташланди. У ерда янги қурилган магазинлар бор эди. Бу ëқда ҳам бир этажли магазинимиз ҳам бор эди. “Бу ердаги магазинларни ҳам икки этажли қиласизлар” деб тўхтатиб қўйди. Томини бузиб қўйишган. Тепасига ўрнатайлик десак¸ кўтара олмас экан. Бузиб қурай деса¸ қурби етмас экан. Микрорайондан бошлаб йўлга озгина чиқиб қолган ҳамма ошхоналар¸ магазинлар – ҳаммаси бузилди¸ дейди наманганлик уй бекаларидан бири.

Наманганлик мустақил журналист Носир Зокирга кўра, йўл бўйидаги кўримсиз шахсий хонадонлар ҳам ҳокимият йиғилишида муҳокама қилинган:

- Мен ҳозир шу масала бўйича расмий идораларнинг бир вакили билан гаплашдим. У ўз номини айтмасликни илтимос қилди. Вазият шундай экан: сиз айтган жойда икки томонда қатор уйлар қурилган. Беш километрча бор Лолага етгунча. Ўша Андижонни Наманган билан улайдиган йўл дейилади. Шаҳардан чиқиб кетадиган йўл¸ янги йўл дейилади. Шу йўлнинг икки томонида одамларнинг ҳовлиси бор¸ магазинлар бор¸ касалхоналар бор¸ турли иншоотлар бор.

Ўша расмий вакилнинг айтиши бўйича¸ баъзи бир уйлар бойлар томонидан икки қаватли қилиб чиройли қилиб қурилган. Баъзилари эса етишмовчилик бўлгани учун бир қаватли қилиб¸ кўримсиз қилиб қуришган. Эски-эски шиферлари бор. Уй чиройлику¸ лекин шифери хароброқ. Шифери ëмон бўлса¸ “Шиферини янгилайсан”¸ агар уй хароб бўлса¸ “Уйни бошқатдан қурасан” деб айтилаëтган экан. “Пулини нима қиламан” деса¸ “Буни кўриб чиқамиз” дейишипти ва бугун шу нарсалар кўрилибди¸ дейди Носир Зокир.

Шаҳардаги тадбиркорлардан бири ўз ошхона ва магазинларининг қўққисдан бузиб ташланганини гапирар экан, бу иншоотларнинг аслида шаҳар ҳокимлиги ва архитектори рухсати билан қурилганини айтади:

- Бизнинг ҳам магазин ва ошхоналарни бузиб ташлади.

Озодлик: Нимага бузиб ташлади? Буни ўзинглар қурганмидингизлар? Плановиймиди ўзи у?

- Ҳа.

Озодлик: Аввал огоҳлантирдими ëки тўғри келиб бузиб ташладими?

- Вақт бергани йўқ. “Тошкентдан бир комиссия келди” дейишди. Сардобадан бошлаб колцогача айланиб юрди комиссия. Шаҳар ҳокими¸ милицияларнинг каттаси¸ солиқчилар бошлиғи – ҳаммаси бирга юрдида. Ëқмаганини буздириб ташлади.

Озодлик: Ошхонани бузиб ташла¸ деганига компенсация беришмадими?

- Йўқ.

Озодлик: Энди нима қилаяпсизлар? Бошқа жойдан жой беришдими ëки?

- Йўқ¸ бу ҳақда ҳеч қандай гап йўқ¸ дейди наманганлик тадбиркорлардан бири.

Бу ишларнинг ҳаммаси¸ айтилишича¸ президент Ислом Каримовнинг Наманганга ташрифидан сўнг бошланди.

6 июлда Ўзбекистон президентининг “Наманган вилоятининг индустриал салоҳиятини янада ривожлантириш ҳамда Наманган шаҳрининг инфратузилмасини ва ободонлаштиришни янада яхшилаш чоралари тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.

Одамларнинг айтишича, президент Наманганга ташрифи чоғида шаҳарнинг аҳволидан норози бўлган. Унинг ташрифи учун атайин янги асфальт солинганини танқид ҳам қилган:

- Айтишим керак¸ мана у ëқ бу ëқ¸ мана янги асфалтни кўраяпман. Агарки¸ раҳбарлар келса шуни қандайдир кўринишини ўзгартирайлик деб мана янги асфалт қуйипсизлар. Мана бу кечаги қўйилган асфалт. Ҳоким тушунаяптими? Хўжакўрсинлик ҳеч кимга керак эмас. Президент келар экан¸ деб аҳволни ўзгартиришга уриниш фақат ўзини ўзи алдаш деган нарса. Президент учун эмас бу ишларни қилиш¸ халқ учун¸ шу ерда ишлайдиган одамлар учун қилиш керак¸ деган эди президент Намангандаги учрашувлардан бирида.

Наманган шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Валиевнинг ёрдамчиси Акромбой Набиев Озодлик билан суҳбатда шаҳар ҳуснини бузиб турган ошхона ва дўконларнинг бузилаётганини тасдиқлади:

- Уйлар бузилгани йўқ. магазинлар ва ошхоналарнинг кетгани тўғри. Нимага десангиз ноқонуний қурилмада. Мана бу ерда документалний бўлмаган ошхона бор¸ стандартларга жавоб бермайдиган ошхоналар бор. Уларга қарши чора кўрилиб¸ огоҳлантирилди. Лекин улар қулоқ солмади¸ бўйсунмади. Ўшаларни бузиб ташлаш ҳақида қонун чиқарилди ва бузиб ташланди.

Озодлик: Улар бир пайтлар қурганда шаҳар ҳокимиятидан¸ архитектурадан рухсат олишганку. Энди нега бузилаяпти?

- Масалан¸ қонун бўйича “мана сенга 50 квадрат метр жой” деб қарор чиқарилган. Баъзи қўшиб олганлари ҳам бор. Баъзилари эса стандартларга мос келмаган ҳолатда қурилган. Бу шу нарсага чек қўйиш мақсадида қилинди. Бу ҳеч қандай қаршилик мақсадда қилингани йўқ. Президентимиз келиб “Худо хоҳласа¸ Наманган вилояти иккинчи пойтахт бўлиши керак” деб айтдиларку. Кундан кунга чиройли бўлиб бораяпти¸ дейди Наманган шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Валиевнинг ёрдамчиси Акромбой Набиев.

Наманганлик мустақил журналист Носир Зокир сўзларига кўра, ҳукуматнинг бундай шошилинч тадбири, ҳамма тадбиркорларни саросимага солиб қўйди. Маҳаллий ҳокимлар бундай пайтларда шошмасдан, ақл-заковат билан иш юритишлари керак эди, дейди Носир Зокир:

- Мен журналист сифатида айтишим мумкинки¸ ўша ҳукуматнинг қарорини оммавий ахборот воситаларида халққа етадиган қилиб тушунтириш керак эди. Бу фармон олдин чиққан экан. Бу умуман халққа етиб бормаганда¸ бирданига “у қиласан¸ бу қиласан” деб юборди¸ одамлар ҳам қотиб қолди.

Одамлар уй қурган¸ ошхона қурган¸ ўзининг пулига қурган¸ давлат уларга пул бермаган. Ўшаларни ҳисобга олиб кейин қилиш керак эди бу ишни. “Буз¸ буз” дейилгандан кейин энди кўриб чиқилаëтган экан. Бу план асосида аввал пул ажратилиб¸ банкка пулни қўйиб¸ ўша уйни ўша ернинг ўзида ҳисоблаб чиқиб¸ пулни бериб¸ “Бу ерни бундай қил. Эртага банкдан пулни оласан” деб шундай тартибда қилинганда¸ халқнинг ичида норозилик бўлмас эди¸ дейди мустақил журналист Носир Зокир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG