Линклар

Мардикорнинг даромади озайди

  • Ҳасанжон

Маълумотларга кўра, 2009 йилнинг биринчи чорагида ўзбекистонлик мардикорлар Россиядан ватанларига 295 миллион доллар пул жўнатганлар.

Маълумотларга кўра, 2009 йилнинг биринчи чорагида ўзбекистонлик мардикорлар Россиядан ватанларига 295 миллион доллар пул жўнатганлар.

Россия Марказий банки маълумотига кўра, 2009 йилда меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга жўнатилаётган пул миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан тўрт баробарга камайган.

Жаҳон банки яқинда эълон қилган тадқиқод натижаларига кўра, дунё бўйича меҳнат муҳожирлари ўз Ватанларига 2008 йилда жўнатган пул миқдори 328 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Ҳужжатда 2009 йилда бу кўрсаткич 304 миллиард долларни ташкил этиши тахмин қилинмоқда.

Маълумки, хориждаги ўзбекистонликларнинг аксари Россия Федерациясида ишлайди. Россия Марказий банки маълумотига кўра, 2008 йил учинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга 1,2 миллиард доллар ўтказилган. 2009 йил биринчи чорагида бу кўрсаткич тўрт баробар камайиб, 295 миллион долларни ташкил этган.

Шу ўринда меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пул ҳажмининг кескин камайиши Ўзбекистон иқтисодига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Россиянинг Тамбов, Москва ва Астрахан шаҳарларида меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар жаҳонда кузатилаётган бўҳрон Россияга ҳам жиддий таъсир қилаётгани учун Ўзбекистонга камроқ пул жўнатаётганларини айтдилар.

- Иқтисодий бўҳроннинг таъсири жуда катта. Ўтган йилнинг биринчи ярмида 500-1000 доллар жўнатган бўлсак¸ ҳозирги шароитда жуда ҳам кам. 300-400 бўлиб турибди. Ҳаммаси иқтисодий бўҳрон дейишмоқда. Ўзим ҳис қилаяпман. Ҳамма шу гапни рўкач қилмоқда, дейди Россиянинг Тамбов шаҳрида меҳнат қилаëтган ўзбекистонлик муҳожир.

- Ўтган йил бир сўм ҳам пул жўнатганим йўқ. Ўтган йил май ойидан бошлаб мана шу фирма бизни алдади. Пулимизни бермаяпти. Уйга жўнатганимиз йўқ. Бу йил иш бўлаяпти¸ Худога шукур жўнатаяпмиз. 200 доллардан тортиб 300-400 долларгача пул жўнатамиз. Бу йил кризис ҳисобига иш ҳам камайди¸ пуллар ҳам камайди. Бу ерда ишга қараб пуллар ҳам тушган. Шунинг ҳисобига ўртача иш ҳақи 300 доллардан 500 долларгача тўғри келаяпти. Шу ҳам вақтида олинаëтгани йўқ лекин¸ дейди Россиянинг Москва шаҳрида меҳнат қилаëтган ўзбекистонлик муҳожир.

- Ўтган йил кризисдан олдин ойига 700-800 доллар жўнатиб турардим. Бу йил олти ойнинг ичида бор-йўғи 1000 доллар жўнатдим¸ холос. Бошқасини олишнинг иложи йўқ. “Эртага берамиз¸ индинга берамиз” деб ўтиришибди холос¸ дейди Россиянинг Астрахан шаҳрида меҳнат қилаëтган ўзбекистонлик муҳожир.

Россиянинг турли шаҳарларида меҳнат қилаётган ўзбекистонликлардан эшитганларимизни дунёнинг бошқа давлатларда ишлаётган ўзбеклар ҳам тасдиқлайди.

Шу ўринда чет эллардан Ўзбекистонга ўтказилаётган валюта оқимининг камайгани Ўзбекистон иқтисодиётига қанчалик жиддий таъсир этмоқда?

Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов бу саволга шундай жавоб берди.

- Ўзбекистон иқтисодиëтига таъсир етказиш учун биз жуда кўпгина аниқ процентларни билмаймиз. Бу жуда ҳам ëпиқ нарса. Бюджетимиз, русча айтганда, жудаям прозрачний¸ яъни шаффоф эмас. Қаердан қанча даромад келади¸ солиқлардан қанча даромад келади¸ сотилган газдан¸ пахтадан¸ қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан қанча даромад келади¸ биз буни билмаймиз. Четдан пул келиши камайганининг иқтисодга таъсири ҳақида аниқ гап айтиш қийин. Бу ижтимоий вазиятнинг мураккаблашишига ҳам олиб келиши мумкин¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Комрон Алиев чет элларда меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пул миқдорининг камайиши Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишига салбий таъсир этади, деган фикрда.

- Чунки чет элдан келаëтган пуллар ҳисобига биринчи навбатда¸ масалан¸ истеъмол бозори ривожланади. Одамлар гўшт борми¸ ëғ борми истеъмол товарларини кенг миқëсда сотиб олади. Иккинчи томондан¸ ўзига кийим-кечак ва шунга ўхшаган нарсаларни сотиб олади¸ уйлар қуради¸ квартиралар сотиб олади. Бу орқали улар иқтисодиëтга ўз ҳиссасини қўшади.

Бундан ташқари¸ одамларда пайдо бўлаëтган пул ҳисобига ëки давлатнинг олаëтган солиқлари¸ тушаëтган пули ҳисобига иқтисодиëт яхшигина ривожланиб¸ чет эллардан техникалар олиб келиш¸ яъни корхоналар очиш¸ цехлар очиш имкониятлари туғилади. Мана шу имкониятларнинг ҳозирги вақтда кескин камайиб кетиши кузатилаяпти, дейди ўзбекистонлик мустақил кузатувчи.

Айни пайтда сўнгги ҳафталар давомида АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан курси ошиб бормоқда. 29 июл куни бир АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбатан курси қуйидагича бўлди:

- Расмий курс сотувда 1,505 сўм экан. Қабул қилишда 1,502 сўм экан. Қора бозордаги курс - халқдан олиш 1,880 сўм экан, сотиш 1900 сўм экан, дейди Тошкентдаги Чорсу бозорига бориб доллар курсини сўраб билган Шавкат Бадалов.

Баъзилар доллар қадри ошишини шу кунларда олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари бошланиши билан изоҳламоқда. Уларга кўра, фарзандларини олийгоҳларга ўқишга берадиган одамлар домлаларга пора бериш учун “қора бозор”дан кўп миқдорда доллар сотиб олмоқда.

Бошқалар эса "чет эллардан келаётган доллар миқдори камайгани учун курс кўтариляпти", демоқда.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг сўмга нисбатан қадри ошишининг боиси нимада?

Бу саволга Малик Абдураззоқов шундай жавоб берди.

- Сабаб кўп. Биринчидан¸ Ўзбекистоннинг бозори¸ масалан, бир хиллар “Қозоғистондан келарди кўп долларлар. Улар камайган”, дейди.

Иккинчидан, “Бу давлатнинг иши. Чунки Ўзбекистонда девалвация кетаяпти. Маҳсулотни экспортга олиб чиқиш учун нархини тушириш керак”, дейди.

Учинчи сабаб¸ Ўзбекистонга долларнинг кам келиши. Бунинг ортида турган давлатга яқин катта-катта бизнес структуралари бор.

Яна бир сабаб президентнинг “Маош ва пенсияларни ошириш тўғрисида” чиқарган қарори. Бу ҳам албатта инфляциянинг кучайишига олиб келади. Бу ҳам доллар курсининг кўтарилишига ўзининг таъсирини кўрсатади.

Албатта, Ўзбекистонда энг катта фундаментал сабаб Ўзбекистон иқтисодиëти инқироз оқибатида ўзбек миллий валютаси қадрининг сусайгани¸ анча бўшашганидир, дейди Малик Абдураззоқов.

Комрон Алиев фикрича, сўмга нисбатан доллар курсининг ошиб бораётганини аввало Ўзбекистонда барча хизматлар учун нархларнинг муттасил ошиб бораётгани ва мамлакат иқтисодининг ҳозирги аҳволи билан изоҳлади.

- Албатта баъзи бир жузъий сабабларни кўрсатиш мумкин¸ лекин асосий сабаб бу Ўзбекистоннинг ички ишлаб чиқаришининг паст даражада эканлиги билан белгиланади. Фарзандини ўқишга киргизиш учун порага берилаëтган пул бозорда ва қўлда юрган долларнинг айланмаларига нисбатан ниҳоятда кам миқдорда. Шу сабабли бу фактор катта ролга эга бўлиши мумкин эмас, дейди ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Комрон Алиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG