Линклар

Молдовада мухолифат ғалабаси кутилаётир


Молдова мухолифатидаги ғарбпараст партиялар биргаликда тўплаган овозлар, дастлабки натижаларга кўра, 49 фоизни ташкил қилмоқда.

Молдова мухолифатидаги ғарбпараст партиялар биргаликда тўплаган овозлар, дастлабки натижаларга кўра, 49 фоизни ташкил қилмоқда.

29 июл куни молдовалик сайловчилар сўнгги 4 ой давомида иккинчи марта мамлакат парламентини сайлади. Бу сайлов Европадаги энг камбағал давлат бўлган Молдованинг эртанги кунини белгилаб бериши мумкин.

Айтиш мумкинки, Молдова апрел ойида бўлиб ўтган парламент сайловидан сўнг Россия билан Европа Иттифоқи ўртасида таъсир ўтказиш майдонига айланди.

Кечаги сайловни қонун доирасида ўтди, деб ҳисоблаш учун овоз бериш участкаларига сайловчиларнинг 33 фоизи келиб бериши кифоя қилар эди.

Молдова сайлов тўғрисидаги қонунининг бу талаби, расмийларга кўра, Кишинев вақти соат 15да бажарилди.

Сайловчилардан бири – Иона Дороде журналистлар билан мулоқот чоғида Коммунистик партия тарафдори эканини билдирар экан, яна апрелда бўлиб ўтган сайловдан кейинги воқеалар такрорланишидан ҳадик қилаётганини айтди.

- Болаларимизни яна калтаклашларини истамайман. Чунки 7 апрел куни намойишга чиққанлари учун қамоққа ташлашган, уларни криминал усуллар билан калтаклашган эди, дейди Иона.

Апрелда бўлиб ўтган сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг мухолифат тарафдорлари, асосан ёшлар сайловда “Қонун бузилди, сохтакорлик қилинди”, деб кўчага норозилик билдириш учун чиққан, кўча намойишлари охир-оқибат парламент биноси ва президент идорасига бостириб киришгача етган, ўшандан сўнг полиция куч ишлатган эди.

Апрелда коммунистлар кўпчилик овоз олган, лекин улар парламентда эгаллаган ўринлар президент сайлаш учун етарли эмас эди.

Президент Воронин ўшанда мухолифатни муросага чақирган, лекин мухолифат кўнмаган эди.

Масала кун тартибига иккинчи марта қўйилганда ҳам ҳал бўлмади ва президент Конституцияга мувофиқ парламентни тарқатиб юборган эди.

Молдовадаги тўрт мухолифатчи партия Коммунистик партияга қарши сайловга кирди. Тўрттала партия ҳам демократик ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг Европа Иттифоқига қўшилиши тарафдори.

30 июл куни Тошкент вақти билан тонгги 7 гача кеча ўтказилган парламент сайловида берилган овозларнинг 60 фоиздан зиёди саналиб бўлинди.

Мухолифатдаги ғарбпараст партиялар биргаликда тўплаган овозлар ҳозирча 49 фоизни ташкил қилмоқда.

2001 йилдан буён иқтидордаги Коммунистик партия ҳозирча 47 фоиз йиққани маълум бўлди.

Сайлов пайтида овоз бериш участкалари олдида ўтказилган сўров натижаларига қараганда, 4 та мухолифатчи партия биргаликда овозларнинг кўпчилигини қозониб, коммунистларни ортда қолдириб кетиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG