Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:10

Россия базаси яна биттага кўпаяди


Қирғизистонда яна битта рус ҳарбий базасини ташкил қилиш масаласи КХШТнин Иссиқкўлдаги норасмий саммити чоғида ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Қирғизистонда яна битта рус ҳарбий базасини ташкил қилиш масаласи КХШТнин Иссиқкўлдаги норасмий саммити чоғида ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Кремл расмийлари КХШТ Коллектив кучлар тезкор қўшини таркибидаги Россия баталонини Қирғизистоннинг Боткен шаҳрига жойлаштириш масаласи ҳал қилинганини билдирмоқдалар.

Бу борада “Новости” ахборот агентлиги Россия Федерацияси президентининг ёрдамчиси Сергей Приходкога таянган ҳолда хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Қирғизистонда жойлаштирилувчи Россия ҳарбий базасининг вазифаси ва жойлаштириш шартлари бўйича барча масалалар ҳал қилинган ва яқин кунларда бу шартнома имзоланиши мумкин.

Приходко бу масала 31-июл ва 1-август кунлари КХШТнинг Чўлпон-Ота шаҳрида ўтувчи норасмий саммитида ҳам муҳокама қилинишини билдирган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, саммитда Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Россия ва Ўзбекистон президентлари иштирок этадилар.
КХШТга аъзо давлатлар президентлари 30 июл куни кечга яқин Бишкекка кела бошлайдилар.

Бироқ Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги норасмий саммит чоғида Россия баталонининг Боткен шаҳрига жойлаштирилиши масаласи ҳам муҳокама қилиниши ҳақида маълумот тарқатмаган.

Қирғиз ҳукумати расмийлари ҳам ҳозирча бу ахборотни тасдиқлаганлари ёки инкор этганлари йўқ.

ИНТЕРФАКС-АВН ахборот агентлигининг маълум қилишича, Россия президентининг ёрдамчиси Сергей Приходко, “Биз ушбу база очилиши бўйича барча масалаларни муҳокама қилишга тайёрмиз. Бу база КХШТ доирасида турли қарорлар қабул қилиниши учун керак”, деб таъкидлаган.

Приходкониннг айтишича, КХШТга аъзо давлатларнинг барча президентлари Иссиқкўлдаги норасмий саммитда иштирок этишларини билдирганлар. Бу ташкилотга Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзодир.

Белорус президенти Александр Лукашенко КХШТнинг 15 июнда Москвада ўтган расмий саммитида иштирок этмаган эди.

Айнан Ушбу саммитда КХШТнинг тезкор қўшинларини ташкил этиш тўғрисида шартнома имзоланган. Ушбу шартномага Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Александр Лукошенко имзо қўймаганлар.

Ўшанда КХШТ раислиги Белорусга ўтиши керак эди, бироқ ушбу мамлакат президентининг саммитга келмагани боис, ташкилот раислиги Россияда қолган.

Кремл вакили, Белорус президенти Иссиқкўлда ўтадиган саммитда ушбу ҳужжатни имзолашига умид билдирган.

“Биз ўйлаймизки, Белорус президенти у ерга борар экан, балки бу хужжатни имзолашни режалаштиргандир”, деди Приходко.

Бироқ Uzmetronom сайтининг Ўзбекистон ҳукуматидаги ишончли манбаларга таяниб хабар беришича, президент Ислом Каримов Иссиқкўл саммитида КХШТнинг Коллектив кучлар тезкор қўшини таркибидаги Россия баталонини Қирғизистоннинг Боткен шаҳрига жойлаштирилиши масаласига қарши фикр билдириши мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати бундан аввалроқ Қирғизистонга навбатдаги Россия ҳарбий базасининг жойлаштирилишига қарши эканини эълон қилган эди.

Москвадаги “Коммерсант” газетасининг ёзишича, Россия Қирғизистон жанубида ўз базасини очиш билан минтақадаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтирмоқчи бўлаётир.

Газетанинг ёзишича, бу базага авиация, ҳарбий десант кучлари жойлаштирилиши мумкин.

Айни пайтда КХШТ тезкор кучлари Россиянинг бешта, Қозоғистон ва Тожикистоннинг иккита, Қирғизистоннинг битта баталонидан ҳамда Қантдаги (Қирғизистон) Россия ҳарбий базасидан иборат.
XS
SM
MD
LG