Линклар

Муҳожир савдо объекти бўлиб қолмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Меҳнат муҳожирларининг одам савдоси қурбонига айланиши олдини олиш учун Чехия ҳукумати ҳуқуқий ëрдам таклиф этмоқда.

Меҳнат муҳожирларининг одам савдоси қурбонига айланиши олдини олиш учун Чехия ҳукумати ҳуқуқий ëрдам таклиф этмоқда.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши ҳукумат даражасида чора кўрилаётгани айтилса-да, бу иллат негизидаги жиноятлар кўлами камаймаëтир. Мамлакат бўйлаб айни жиноят юзасидан бораëтган маҳкама жараëнлари¸ шундан далолатдек.

Хоразмлик Рустамнинг Чехияга иш излаб келганига бир йилдан ошди. Минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари қатори Рустам ҳам воситачиларга пул бериб¸ Прагага келиб қолган.

- Мен ҳаммасига жами бўлиб 1200 доллар берганман. Бизларники яхши бўлган. Кейинги келганларнинг 3000-4000 доллар билан келганини эшитганман¸ дейди Рустамбек.

Бугунги кунда Рустамнинг виза муддати тугаб бўлган. У ноқонуний муҳожир сифатида иш берувчи воситачилар қўлида тирикчилик қилмоқда. Баъзида у бир соат учун бериладиган маошнинг зўрға ярмини, баъзида эса уни ҳам ола олмаслигини айтади. Чехияда ишлаш ҳуқуқи бўлмаганлиги сабабли¸ Рустам иш ҳақини ола олмаётгани ҳақида давлат идораларига шикоят ҳам қила олмайди.

- Бизлар ҳужжатсизмизку. Аванс бериб турибди. Бизлар ҳужжатсиз бўлганлигимиз учун бошқа ишга ўтишимиз¸ бошқа иш топишимиз қийин. Ҳозир аванс бераяпти¸ “Тугатинглар. Кейин ҳамма пулни бераман” деяпти. Шунга ишлаб турибмиз. Ҳужжати жойида бўлганлар “Пулни берганда беради” деб¸ бошқа ишларга ўтиб кетишди. Биз бошқа иш топишимиз қийин бўлганлиги учун мажбур бўлиб ишлаб турибмиз¸ дейди Рустамбек.

Рустам каби иш берувчисидан ойлик маошини ола олмай юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Чехияда кўплаб учратиш мумкин.

Чехия Ички ишлар вазирлиги қошидаги муҳожирларга ёрдам бериш маркази ходими Жумагул Чўтқараева ўзбекистонлик ишчилар турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликлар билан юзма-юз келаётганини тасдиқлайди. Унинг айтишича, Чехияга иш излаб келаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг маҳаллий қонунчиликни яхши билмаслиги ва ишонувчанлиги уларни ноқонуний воситачилар қулига айлантирмоқда.

- Муҳожирлар Чехияга келиши билан уларни “клиент”¸ яъни мафия гуруҳларига алоқадор иш берувчи кутиб олади ва унга бутунлай бошқа иш таклиф қилади. Яъни шу мигрант ишчи Чехияга келишидан олдин у ва қандайдир Чехиядаги ширкат ўртасида шартнома тузилади, унга элчихонадан виза олиш учун Чехияда иш борлиги ҳақида ҳужжат тўлғизилади.

Ўша чет эллик Чехияга келганида “сен у ерда ишламайсан, иш еринг бошқа жойда деб” меҳнат биржасининг рухсатисиз бутунлай бошқа иш берувчи қўлига топширишади. Шу ернинг ўзида меҳнат қонунчилиги ва чет эллик фуқаронинг Чехияда бўлиш қонуни бузилади ва муҳожир ўз-ўзидан қулга айланади, дейди Чўтқараева.

Иш берувчи ва муҳожир ўртасида меҳнат шартномасининг йўқлиги боис¸шу тарзда улар ҳуқуқий бўшлиқ домига ташланади.

- Муҳожир меҳнат биржасидан рухсат олмаган иш берувчи қўлига тушиши билан у “клиент”, яъни воситачи иш берувчи қулига айланади ва ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят ҳам қила олмайди. Буни яхши билган клиент унга иш ҳақини бермаслиги ёки иш ҳақининг 60 фоизини бериши мумкин. Чунки улар ўртасида шартнома ҳам тузилмайди, дейди Чўтқараева.

Меҳнат муҳожири ва иш берувчи ўртасида шартноманинг йўқлиги баъзи ҳолларда фожеали якун топмоқда. Украиналик иш берувчининг ўзбек муҳожирлари тарафидан ўлдирилгани ёки ўзбекистонлик муҳожирларга воситачилар тарафидан ўлим таҳдиди қилинган ҳолатлар кўп учрайди.

- Муҳожир ишчи Ўзбекистонда қолган оиласига нимадир жўнатиш учун бу ерда кунига 12-16 соат ишласаю¸ ваъда қилинган пулнинг 60 фоизини олса ёки умуман олмаса¸ унинг руҳий ҳолатини тасаввур қила оласизми? У иш ҳақининг 60 фоизини олгани тақдирда ҳам бу пул уй кираси, транспорт ҳақи, егуликдан ортмайди. Бунақа ҳолатда муҳожир ҳақини бермаётган воситачисига нисбатан ҳар қандай жиноят қилишга тайёр, дейди Чехиядаги муҳожирларга ёрдам бериш маркази ходими Жумагул Чўтқараева.

Чехияга келиб ишлаётганларнинг кўпчилиги наманганлик ва хоразмликлардир. Ўзбекистоннинг айнан мана шу вилоятларида ишсизлик даражасининг юқори экани айтилади. Наманганлик журналист Носир Зокирнинг айтишича, оммавий ишсизлик, аҳоли турмуш даражасининг ёмонлашуви кўпларни одам савдоси қурбонига айлантирмоқда.

- Қишлоқларда ҳозир нима кўп¸ ишсиз кўп. Кетаман деганлар бор¸ бошқалар бор. Ўша одамларни атрофига йиғади ва “Мен сизларни Россияга¸ Қозоғистонга ëки Чехияга олиб бораман. Иш билан таъминлайман. Ойига фалон доллардан бераман. Сизлар кетиш учун паспортларинг билан бирга 200 минг ëки 250 мингдан йиғиб беринглар” дейди.

У хусусий ташкилот билан келишган бўлади. “Сизга мана шуни олиб келдим. Олаверинг” деб унга паспортларни беради. 250 мингдан йиққани эса ўзига қолади. Шу билан йўқда. “Мана шу ерда ишлайсизлар” деб кетворади. Бир ой бўлади ойлигини бермайди¸ икки ой бўлади ойлигини бермайди. “Ойлик бермайсанми?” деб сўрашса¸ “У менга сизларни сотган” деб пулини бермайди. Кўпчилиги ҳозир уйидан пул олиб қайтиб келаяпти¸ дейди Носир Зокир.

Одам савдосининг чегара билмас муаммо эканини ўзбек расмийлари ҳам тан олади.

Ўзбекистон расмий ахборот воситалари маълумотларига кўра, сўнгги уч йил давомида ўзбекистонликларнинг 2000 дан зиёди одам савдоси қурбони бўлган. Расмий статистикага кўра, шу уч йил давомида одам савдоси қурбонларидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига 1000 дан ортиқ шикоят аризалари келиб тушган. Аризалар бўйича 700 га яқин жиноий ишлар қўзғатилган, 300 та иш судгача етиб борган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот вакили Светлана Ортиқованинг айтишича, одам савдосига қарши республика миқёсида чора кўрилмоқда.

- Ҳақиқатан ҳам тан олиш керак¸ одам савдоси бу трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг энг хавфли кўриниши. Буни халқаро ҳамжамият ҳам тан олган. БМТ ҳам ўзининг 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган одам савдоси ва ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясида айтган буни. Буни Ўзбекистон ҳам тан олган¸ яъни 2008 йил 17 апрелда шу конвенцияга қўшилиб¸ ратификация қилиб¸ одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган.

Шу қонуннинг 6-моддасида “Одам савдосига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирувчи идоралараро кенгаш тузиш керак” деб ëзилган. Шу кенгаш тузиш юзасидан 2008 йил 8 июлда президентимиз томонидан “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам қабул қилинган. Шу қарорга асосан одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссия ҳам тузилган.

Одам савдосидан жабр тортган шахсларга¸ айниқса Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилмоқчиман: агарда сиз шу жиноятдан жабр тортган бўлсангиз¸ ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга мурожаат этишдан қўрқманг. Сизга ëрдам беришади. Сизнинг исм-шарифингиз ҳеч қачон ошкор этилмайди. Сизга давлат ëрдам беради ва на маъмурий¸ на фуқаровий¸ айниқса жиноий жавобгарликка тортилмайсиз. Сиз ўзингиз келиб “Мана шунақа можаролардан ўтдим¸ шунақа бўлди” деб айтмасангиз¸ ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларда шу жиноятни фош этишда қийинчилик бўлади¸ дейди Светлана Ортиқова.

Ўзбекистонда одам савдосига қарши ҳукумат даражасида чора кўрилаётгани айтилса-да, бу иллат негизидаги жиноятлар кўлами мамлакатда камаймаган. Марказий Осиёнинг аҳоли сони жиҳатдан йирик давлати саналмиш Ўзбекистонда бугунги кунда одам савдоси энг даромадли бизнесга айланиб улгурган.

Бунга оммавий ишсизлик, аҳоли турмуш даражасининг ёмонлашуви, одамларнинг юридик жиҳатдан саводсизлиги, ҳукумат доираларидаги коррупция ва расмий доираларда муҳожирлар оқимини тартибга солишга истак йўқлиги асосий сабабдир, дейди Ўзбекистондаги “Ҳозиржавоб гуруҳ” ноҳукумат ташкилоти раҳбари Суҳроб Исмоилов.

- Аксарият кўпчилиги айнан ишсиз бўлган фуқаролар. Лекин биз агар расмий позицияга қарайдиган бўлсак¸ расмий позицияда кейинги пайтда Ўзбекистонда Ички ишлар бошқармалари¸ парламент депутатлари иштирокида турли хил конференциялар¸ давра суҳбатлари ўтказилаяпти.

Расмий позицияда таъкидланишича¸ одам савдоси қурбонига айланаëтган фуқароларимиз¸ меҳнат муҳожирлигига кетаëтган фуқароларимиз гўëки Ўзбекистон иқтисодиëтида ўз муваффақиятини топа олмаган фуқаролар. Уларнинг кўпчилиги дангаса шахслар¸ давлатнинг олиб бораëтган иқтисодий сиëсатида ўз ўрнини топа олмаëтган шахсалар сифатида ифодаланади.

Гўëки “бизда иш ўринлари яратилаяптию¸ сизлар катта пул топмоқчи бўлиб чет элга кетаяпсизлар” деган фикр илгари сурилади. Аслида маҳаллий шароитда мавжуд бўлган иқтисодий шароит¸ меҳнат ўринлари¸ бандлик даражалари фуқароларга қай даражада мос келади¸ қай даражада унинг талабларини қондиради – бу томони умуман ўрганилмайди. Шунинг учун одам савдоси қурбонига айланувчи фуқароларга зараркунанда сифатида қаралади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Одам савдоси қурбонига айланиши хавфи бўлган фуқаролар мамлакатга валюта, қўшимча валюта олиб кириши мумкин бўлган фойдали бир фуқаролар гуруҳи сифатида тан олинмас экан¸ ҳукумат илгари сураётган одам савдосига қарши курашиш миллий дастури самарасиз бўлиб қолаверади, дейди Суҳроб Исмоилов.

- Ўзбекистонда бир неча расмий қарорлар қабул қилинганига қарамасдан¸ ҳатто алоҳида миллий дастур қабул қилинганига қарамасдан одам савдоси муаммоси ҳали ҳам кенг даражада тарқалган ҳисобланаяпти. Буни биз охирги пайтда ўзларини қурбон деб ҳисоблаëтган фуқароларимиз ëки уларнинг вакиллари бўлмиш ота-оналаридан олаëтганимиз аризаларга асосланиб айтишимиз мумкин.

Бизнинг охирги олган хабарларимиздан бири Хоразм вилоятига тўғри келади. Хива туманидан 1990-1992 йилда туғилган йигитларни 1952 йилда туғилган Бахтиëр Бекжонов деган шахс гуруҳ тузиб “Мен сизларни Қозоғистоннинг Қизил Ўрда деган жойига олиб бораман ва ўша ерда иш билан таъминлайман. Жуда яхши ойлик оласизлар” деган мазмунда гаплар айтиб олиб кетиб¸ ўша ерда уларнинг паспортларини Қозоғистон фуқаросининг қўлига топшириб¸ уларнинг ишлаши учун олдиндан аванс пули олиб¸ қочиб кетган.

Натижада бу йигитлар одам савдоси қурбонига айланишган. Булардан тўрттаси паспортсиз¸ йўлларда жуда катта қийинчиликларга дучор бўлиб Хоразмга қайтиб келишга муваффақ бўлган. Болалардан биттаси 1990 йилда туғилган¸ Ўзбекистон фуқароси¸ Хива туманида яшовчи Беҳзод Икромов ўша ëқда қолиб кетган¸ дейди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG