Линклар

Бишкекда намойишлар тўхтатилди


Қирғиз милицияси 29 июл куни ўнлаб намойишчиларни қўлга олгани баҳонасида мухолифат 30 июл куни норозиликни тўхтатишга қарор қилди.

Қирғиз милицияси 29 июл куни ўнлаб намойишчиларни қўлга олгани баҳонасида мухолифат 30 июл куни норозиликни тўхтатишга қарор қилди.

Қирғизистон мухолифати Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги огоҳлантирувидан сўнг Бишкекдан Балиқчи шаҳрига қилиниши режалаштирилган норозилик юришини тўхтатди.

23 июлда ўтган президентлик сайлови натижаларини, яъни Қурмонбек Бакиев ғалабасини тан олишни истамаётган мухолифат 29 июлдан бошлаб мамлакат миқёсида норозилик намойишлари ўтказа бошлаган эди.

29 июл куни Бишкекдаги норозилик намойишига келаётган одамлар милиция томонидан тарқатилиб, юздан ортиқ норози ҳибс қилингани ҳақида хабарлар берилган эди.

Мухолифат 30 июл куни ўтадиган норозилик юришини тўхтатар экан, бундан мақсад рўй бериши мумкин бўлган тартибсизлик ва тўқнашувлар олдини олиш эканини билдирди.

30 июл куни эрталабданоқ Социал-демократлар партиясининг Бишкекдаги бош қароргоҳига Балиқчи шаҳрига қилинадиган норозилик юришида иштирок этиш учун одамлар йиғила бошлади.

Бироқ Қирғизистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлигининг бу юриш ноқонуний ҳисобланиши ва унинг иштирокчилари бу тадбирни бошласалар қамоққа олиниши тўғрисидаги огоҳлантирувидан сўнг, мухолифат лидери Алмазбек Атамбаев йиғилганларни тарқалишга даъват этди.


- Кўриб турганингиздек¸ ҳибс қилишлар бўлаяпти, йўллар тўсиб қўйиляпти. Албатта, мен сизларни ур-тўқмоққа, қамоқхонага бошлаб бормоқчи эмасман.

Шунинг учун биз мухолифат раҳбарлари билан келишган ҳолда, Балиқчига ўзимиз борадиган бўлдик, деди Алмазбек Атамбаев.

23 июл куни бўлиб ўтган президентлик сайлови куни Балиқчи шаҳрида бир неча юз одам овоз бериш жараёни қонунбузарликлар билан ўтаётганидан норозилик билдириб намойишга чиққан эди. Милиция томонидан улар калтакланган ва бир неча ўн нафари қамоққа олинган эди.

Мухолифат тарқатган маълумотларда айтилишича, қўлга олинганларга нисбатан конституциявий тузумни ўзгартиришга ҳаракат қилиш ва сайлов жараёнига халақит бериш каби айбловлар қўйилган.

Мухолифат тарафдорларининг Бишкекдан Балиқчи шаҳрига норозилик юриши ўтказишдан мақсади ҳам ана шу айблар билан қамалганларнинг озод этилишини талаб қилиш эди.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлайкан Исмоилова бугунги кунда Балиқчи шаҳрида мухолифат тарафдорларига тазйиқлар кучайгани ва айнан шунинг учун ҳам норозилик намойишларини тўхтатмаслик кераклигини айтади:

- Оммавий тарзда тазйиқ ўтказилаётир. Бу ҳақда эшитиб, кўрганингдан кейин албатта оммавий тарзда норозилик билдириб кўчага чиқиш, қонун устиворлигини талаб қилиш зарур.

Милиция ўз ваколатлари доирасидан четга чиққан, дея айта оламиз. Чунки конституцияда фуқароларнинг тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи кафолатланган ва милиция тинч намойишчиларни қонун доирасида ҳибс қилиш ваколатига эга эмас, дейди Тўлайкан Исмоилова.

Айни пайтда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитовнинг айтишича, мухолифат тарафдорларига нисбатан тазйиқлар бўлмаётир, фақат намойишга чиқиш баҳонасида жамоат тартибини бузган фуқароларгина қамоққа олинаётир.

- Қўлга олинганлар ноқонуний тарзда намойиш ва юришларни уюштирганлиги учун қўлга олинган.

Уларга асосан маъмурий жазо қўлланилади. Кейин эса қамоқдан озод қилинади, деди Бақит Сейитов.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ҳам норозилик намойишига чиққан юзлаб одамларнинг қўлга олинишидан ташвиш билдирди.

Қирғизистон Омбудсменининг айтишича, 29 июл куни у президент Қурмонбек Бакиев билан учрашган ва бу масалани муҳокама қилган.

Президент Бакиев ҳам бу борада ўз хавотирини билдириб, қамоққа олинганлар озод қилинишига ва уларга белгиланган жазолар енгиллатилишига ваъда берган.

Турсунбек Акуннинг айтишича, айни пайтда Бишкекдаги норозилик намойишида қўлга олинганларни озод қилиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилаётир.
XS
SM
MD
LG