Линклар

Навбат аппеляцияга


Дилмурод Саййид¸ инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғуллангани учун жазоланаëтган яна бир қурбон сифатида кўрилмоқда.

Дилмурод Саййид¸ инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғуллангани учун жазоланаëтган яна бир қурбон сифатида кўрилмоқда.

30 июл куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди ҳукмига кўра 12 йилу олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййид ҳимоячилари курашни давом эттирмоқчи.

Маълум бўлишича, Дилмурод Саййиднинг адвокатлари ва яқинлари суднинг охирги мажлисига таклиф қилинмаган.

Дилмурод Саййиднинг жамоатчи ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка билдиришича, суд ҳукми яширин равишда ўқилган. Суд ҳаъйати буни хавфсизлик юзасидан эканлигини тушунтириб, адвокатлар ҳукм нусхаларини олиб кетишлари мумкинлигини билдирган.

Озодлик Тойлоқ туман суди билан боғланиб, Дилмурод Саййиднинг 12 ярим йилга қамалгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлашга муваффақ бўлди.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум. Яхшимисиз? Мен радиодан телефон қилаëтган эдим. Дилмурод Саййиднинг ҳукми қачон ўқилади?

- Бугун ўқилди.

Озодлик: Неча йил берилди?

- Ҳукм нусхасини олганингиздан кейин хабар топасиз. Ҳукм нусхасини берамиз ўзларига.

Озодлик: Ҳукм ўқилган бўлса¸ йили эълон қилингандир¸ йилини айтсангиз бўлди.

- Фақат Дилмурод Саййидга берилган йилними?

Озодлик: Ҳа. Фақат Дилмурод Саййидга неча йил берилганини айтсангиз бўлди.

- 12¸5 йил. 12 йилу олти ой берилди.

Озодлик:
Жазони қайси колонияда ўтайди?

- Умумий тартибдаги колонияда¸ деди Тойлоқ туман суди ходими.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Дилмурод Саййиднинг узоқ муддатга қамалиши расмий Тошкентнинг мамлакат ахборот майдонини тозалаш сиёсати доирасида амалга оширилган.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов Дилмурод Саййид бошига тушган кўргуликларни унинг касбий фаолияти билан боғлайди.

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти музокара куни давлат айбловчисининг Дилмурод Саййидга нисбатан 14¸5 йил сўраганини абсурд¸ деб баҳолаган эди. Эндиликда суднинг Дилмуродга 12¸5 йил бериши¸ бу сохта жиноят ишига¸ унинг касбий профессионал фаолиятига нисбатан қўйилган тўсиққа асос бўлибди¸ дейиш мумкин.

Мен ўзим маҳкамада ҳимоячи бўлиб қатнашдим, суд жараëнларида Дилмурод Саййиднинг айблари бир фоиз ҳам исботлангани йўқ. Ҳамма айбловлар тахминга¸ ҳамма гувоҳликлар ғаразликка асосланган. Бундан ташқари¸ жиноят ишидаги бирорта ашëвий далил даъволарни асослайдиган даражада эмас. Шунинг учун биз суд ҳукмини Дилмурод Саййиднинг касбий фаолиятига¸ журналистик фаолиятига қўйилган тўсиқ сифатида баҳолаймиз, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳозирда Швецияда яшаётган ўзбекистонлик журналист Матлуба Азаматова эса Дилмурод Саййиднинг қамалишини Ўзбекистон ҳукуматининг махсус буюртмаси асосида амалга оширилган¸ деб ҳисоблайди.

- Дилмурод Саййиднинг узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилиниши бу аниқ бир план асосида уюштирилаëтган нарса.

Ҳукуматнинг асосий иши журналистларни қўрқитиш. Дилмурод Саййид ҳақиқатни халққа етказишга ҳаракат қилар эди. Бу йигитни қўрқмас¸ жасоратли журналист¸ деб ҳисоблайман.

Ўзбекистон ҳукуматининг бу қилаëтган ҳатти-ҳаракатини Дилмурод Саййидга эргашадиган ва у сингари ҳақиқатни ëритишга ҳаракат қилаëтган бошқа журналистларни қўрқув исканжасига солиш¸ деб ҳисоблайман. Сабаби¸ Ўзбекистон ҳукуматига фақат мадҳиябоз журналистлар керак. Ҳукуматга халқнинг хаëлидан нима кечаëтганини¸ халқнинг қандай кун кечираëтганини¸ одамларнинг ҳаëтида қандай муаммолар бўлаëтганини ëритадиган журналистлар керак эмас. Халқнинг тинчлигини ўйлайдиган журналистларнинг асосий жойи эса фақат қамоқхонадан иборат бўлиб қолаяпти, дейди Матлуба Азаматова.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар ҳақидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”си эълон қилинганидан сўнг ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Дилмурод Саййиднинг ўзи ҳибсга олинишидан бир муддат аввал Озодлик мухбири билан суҳбатда ҳар қандай босим ва тазйиқлар бўлишидан қаътий назар¸ мамлакатдаги муаммолар ҳақида ёзишни тўхтатмаслиги ҳақида гапирган эди.

Дилмурод Саййид: Ноҳақ судловлар¸ ноҳақ терговлар¸ қилинаëтган қонунбузарликлар ҳақида¸ албатта¸ фактларга суянган ҳолда ëзаман.

Озодлик:
Сизнинг ўта танқидий руҳдаги мақолаларингиз бор. Ўзбекистонда туриб бундай мақолаларни ëзаëтганингиз жасорат¸ албатта. Бу мақолалар бошингизга бало олиб келиши мумкинлигидан қўрқмайсизми?

- Йўқ. Энди битта томони борда. Бугун мен кўриб туриб индамасам¸ бошқа бир одам кўриб туриб индамаса¸ бу нарсаларга кимдир муносабат билдириши керакку. Мен биринчи галда журналистлар муносабат билдириши керак¸ деб ҳисоблайман. Агар журналист¸ шоир ва ижодкорлар индамаса¸ ундан кейин билмадим ким гапиради бу нарсани. Бу ерда тузумга қарши муносабат эмас. Бу ерда ҳар бир давлатнинг муҳим бўғини ҳисобланган қонун устуворлиги масаласи, деган эди Дилмурод Саййид Озодлик билан суҳбатда.

Мухолифатдаги Эрк партияси бош котиби Отаназар Орипов илғор фикрли шахсларнинг узоқ муддатларга қамалиши сабабини Каримов режими юритаётган сиёсатдан излаш керак, деган фикрда.

Отаназар Ориповга кўра, расмий Тошкент ўз манфаатлари йўлида айрим шахсларни қамоқда гаров тарзида ушлаб туради.

Отаназар Орипов:
Дилмурод Саййид ҳам гаровда ушлаб туриладиганлар қаторида бўлиши мумкин. Ҳукумат буюртма берганда¸ таҳлил қилиб “Бу керакми¸ йўқми” деб ўтирмайди. Ҳар қанақа одамни ҳам гаровга олаверади. Қанақадир жиноий ишлар юклаб¸ қамаб қўяверади.

Озодлик: Нима учун ҳукумат уларни гаровда ушлайди?

- Товон "пули" олиш учун. Бу ҳар хил кўринишда бўлиши мумкин. Сиëсий капитал¸ иқтисодий капитал. Албатта¸ халқаро ташкилотларни¸ ривожланган давлатларни қизиқтирган шахслар чиқиб қолади ва шундан давлат фойдаланади. Ҳар ҳолда шу пайтгача қамоқдан озод қилинган мухолифатчилар¸ ҳуқуқ ҳимоячилари¸ журналистлар ҳукумат учун бирор манфаат бўлгандан кейингина қамоқдан озод қилинган, дейди Отаназар Орипов.

Абдураҳмон Ташановга кўра, Дилмурод Саййиднинг адвокатлари унинг айбсизлигига ишонишади ва унинг озодликка чиқарилиши учун курашни давом эттиришади.

- Албатта¸ биз бундан кейин апелляция судига¸ кассация тартибида Олий судга¸ агар адолатга эришмайдиган бўлсак¸ БМТ нинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига¸ ҳатто халқаро жиноий судгача бу масалани кўтариш ниятимиз бор. Биз судни адолатсиз ўтди¸ деб ҳисоблаймиз ва шунинг учун биз судлов тизимида¸ ҳуқуқий тизимда қанақадир охирги манзил бўлса¸ биз ўша охирги манзилгача¸ Худо хоҳласа етиб борамиз.

Мен суд ҳукмини суднинг эмас¸ Ўзбекистон ҳукуматининг қарори деб ҳисоблайман. Умид қиламизки¸ юқори инстанция судлари Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарорини ўзгартиришга ҳаракат қилишади, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Дилмурод Саййид жорий йилнинг 22 февралида Тошкент шаҳрида қамоққа олинган эди. У дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси асосида товламачиликда айбланди.

Самарқандлик Марғуба Жўраева фермер Сайдулло Боймуродовдан 5000 доллар пора олаётган пайтда ушланган, сўнгра у биринчи терговда “пулни Дилмурод Саййиднинг кўрсатмаси билан олмоқчи эдим”, деб баёнот берган эди.

Бироқ терговдаги кейинги юзма-юз учрашувларда Марғуба Жўраева бу кўрсатмасидан воз кечганини айтган эди.

Аммо тергов жараёнида бу кўрсатмалар инобатга олинмади, аксинча, журналистга янги айбловлар қўйилди.

Дилмурод Саййид ва яна уч нафар шахс Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш¸ қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айбланиб¸ маҳкамага тортилган эди.

22 июл куни суд музокаралари пайтида давлат айбловчиси Дилмурод Саййидга нисбатан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми ҳамда 228-модда билан 14¸5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўради.

30 июл куни эса¸ Тойлоқ туман суди Дилмурод Саййидга 12,5 йил қамоқ жазоси берилиши борасида ҳукм чиқарди.
XS
SM
MD
LG