Линклар

Мусавий намойишчилар қабрини зиёрат қила олмади


Эрон полицияси мухолифат етакчиси Мир Ҳусайн Мусавийга Теҳрондаги намойишлар чоғида ҳалок бўлган фуқаролар қабрини зиёрат қилишга рухсат бермади.

Эрондан олинган хабарларга кўра, Теҳрон жанубидаги қабристонга юзлаб одам тўпланган. Бироқ полиция тўпланган мухолифатчиларни тарқатиб юборишга муваффақ бўлган. Бир нечта шахснинг ҳибсга олингани ҳам хабар қилинмоқда.

Мухолифат етакчилари Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳдий Каррубий президентлик сайлови натижаларига қарши ўтказилган намойишлар чоғида ҳалок бўлган фуқаролар қабрини зиёрат қилишни режалаган эди.

Бундан бир оз аввал Эрон ҳукумати Теҳрондаги Моссала масжидида намойишларда ўлдирилган шахслар қирқини ўтказишга оид мухолифат талабномасини инкор қилди.

20 июн кунги намойишлар чоғида нобуд бўлганлар орасида 27 яшар Нидо Оға Султон ҳам бўлган. Унга ўқ тегиб, юзи қонга беланаётган сониялар видеотасвири интернетга қўйилгач, Нидо Эрондаги қаршилик ҳаракати рамзига айланди.

Эрон собиқ президенти Муҳаммад Ҳотамий ҳибсга олинган норозиларни сўроқ қилишда полиция ходимлари қўллаган усулларни кескин қоралади.

Президентлик сайловига қарши Теҳронда ўтказилган намойишдан сўнг қўлга олинган фуқароларнинг аксари озод қилинган бўлса-да, 250 киши ҳануз ҳибсда сақланмоқда.

Айни пайтда Эрон расмийлари шанба куни намойишларга алоқадорликда гумон қилинган 20 шахс устидан маҳкама жараёни бошланишини маълум қилдидар.
XS
SM
MD
LG