Линклар

logo-print

Эркин микрофон

  • Садриддин Ашур

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Наманганга қилган сафари чоғида фермерлар билан учрашганда, фермерлар улар учун барча имкониятлар ва имтиёзлар яратилиб бергани ҳақида тўлқинланиб гапирган эдилар. Президент эса ўз жавобида деҳқонларга тегишли асосий шиорни эслатиб ўтган эди.

- 1991 йилдан бошлаб бизлар “Авваламбор деҳқон бадавлат бўлса¸ деҳқон бой бўлса¸ юрт бобод бўлади” деган шиорни ҳозир ким эслайди? Мен ўйлайманки¸ шу шиорга итоат қилсак¸ шу шиорни амалда¸ ҳаëтда тадбиқ қилсак¸ деҳқон ҳам косаси оқаради¸ деҳқон ҳам бир нарсага¸ албатта¸ ўз умидига эришади¸ деган эди Каримов.

Бироқ Озодликка сим қоққан Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан бўлган фермер ўз косасининг етти йилдан буён оқармаëтгани¸ аксинча¸ кутишдан сабр косаси тўлганини айтади.

- МТП дан трактор олиб бўлмаса. Фалон пул дейди. Бу давлатнинг мулки бўлса. Мен давлат учун хизмат қилсаму¸ давлатнинг техникаси менга келиб ишламаса. Пахтанинг бир гектарини култивация қилиш 6000-7000 туради. Бу фермерга қимматлик қилади.

Озодлик: Соляркасини ҳам ўзингиз қуйиб берасизми?

- Ҳа¸ ўзимиз берамиз¸ дейди бу фермер.

Суҳбатдошимиз¸ сўзида давом эта туриб,ўз ибораси билан айтганда¸ “жиннича ғоя”га тўхталади. Буғдой топшириш режасини ортиғи билан бажарган бўлса-да, ўзи ва бошқа фермерларнинг ана шу “жиннича ғоя” қурбони бўлганини айтади:

- Буғдойнинг планини бажардик. Яхши бердик лекин буғдойни.

Озодлик: Ўзларингизга ҳам қолдими?

- Ўзимизга ейишга ва ишчиларга қолди. Ишқилиб етади Худога шукур. Лекин “қўшимча” дега жинни бир ғоя чиққан. Қандайдир лаънати ғоя. Ғаллани қўшимча бериш керак экан. Бунга нима дейсиз?

Озодлик: Пландан ташқари қўшимчами бу?

- 10 гектарига уч тонна¸ дейди Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидан бўлган бу фермер.


Яна бир антиқа ғоя

Фарғона вилоятида буғдойдан бўшаган ерларга пахта экиш учун қишлоқ мактаблари ўқувчилари, коллеж¸ лицейларнинг талабалари¸ ҳатто корхона ва ташкилотлар ходимларигача воронка ясашга ва уни тупроқ, гўнг билан тўлдириб¸ чигит экишга жалб этилган эди.

Озодликка сим қоққан фарғоналик Шарифжон ака, болаларнинг шунча меҳнатлари зое кетганлиги ва бу антиқа “ғоя” қайси антиқа калладан чиққанлигини билмасдан ҳайрон қолганини айтади:

- Бу воронкалардаги кўчат бўлмади¸ бўлмайдиямда. Воронкада кўчат етиштириш учун махсус климат бўлиши керак¸ теплица ҳолати бўлиши керак. Бутун вилоятдаги ўқувчиларни¸ халқни қийнаган одам¸ эшитишимча¸ вазирликдан эмиш. У одам жавоб ҳам бергани йўқ. Биз май ойида консултация¸ имтиҳон пайтлари болаларни қийнадик. У одам қанақа одам? У одам вазирликда ишласаю¸ наҳотки шу нарсага ақли етмаса? Вазирликда шунақанги саводсиз одамлар ўтирармикан¸ дейди куюниб фарғоналик Шарифжон ака.


Натурал хўжалик тизимига қайтиш?

Сурхондарёлик биринчи гуруҳ ногирони Пардавой ака шикоятига сабаб бўлаëтган воқеа¸ гарчи антиқа “ғоя”га унчалик тортмасада, шунга яқинроқ кўринди.

Бу суҳбатдошимизнинг айтишича, ўқитувчилар маошларининг тенг ярми пластик карточкаларга ўтказилаяпти. Бу карточкаларга оладиган нарсанинг ўзи йўқ, бўлса ҳам бозордан қиммат. Одамлар эса 15-20 фоиз ҳисобига уни нақд пулга айлантиришга мажбур бўлмоқдалар. Ногиронлар учун бериладиган компенсация пулларини свет ва газга босиб қолиниши эса, антиқанинг антиқаси бўлса керак, дейди Пардавой ака.

- Инвалидларга¸ ўқитувчиларга¸ тиббиëт ходимларига бериладиган компенсация тўловлари борку¸ ўшанинг пулини беришмайдида¸ ҳокимият томонидан мажбурийми¸ пулини қарздорлик бўлмаса ҳам газга¸ светга ўтказиб юборишади. Шунинг қолиб кетган нималарини тўлашмайди. Масалан¸ кўпинча улар бизлардан 20-30 минг қарздор бўлиб қолишади. Ўша камчилик тарафлари бор. Кейин мана тўловлар кечикаяпти. Бир ярим ой¸ баъзан 50 кунга ҳам қолиб кетади. Бозорларда ҳамма нарса қиммат. Ëғлар қиммат. 3000-3500 сўм атрофида¸ дейди Пардавой ака.


Ўзбек мардикорлари сув каби қирғиз¸ қозоқ эшигига оқмоқда

Қирғизистондан Озодликка сим қоққан Абдуллажон , ўзбек аёлларининг қўшни мамлакатга ўтиб мардикорлик қилаётгани¸ уларнинг кўп ҳолларда нопок ишларга жалб қилинаётганидан куйинаётганини гапиради:

- Ўзим Қирғизистон фуқаросиман. Ўш вилоятида яшайман. Муслималар худди сув сингари эрта билан Ўзбекистондан Қирғизистонга ўтишади. Мен бир кун улардан сўрасам¸ улар арзимаган пул учун Қирғизистонга мардикорлика ўтишар экан. Мен “тирикчиликнинг айби йўқ экан” деб ўзимни юпатиб қўявердим. Лекин унинг орқасида қанчадан қанча хунук ишлар бекиниб ëтган экан.

Қирғизистонга ўтган бу муслима қизларни жоҳил инсонлар зўрлашар экан¸ нафсониятига тегишар экан. Ўзим ҳам кўрдим: эрталаб бомдод намозига азон ўқилмасдан¸ ерга ëруғ тушмасдан муслималар чегарадан сув каби оқиб ўтишади. Бу муслималарнинг бу даража қийналишига президент сабабчимикан¸ деб ўйлайман¸ дейди бу суҳбатдошимиз.

Лекин бугун тирикчилик илинжида ер юзига тариқдай сочилиб кетган ўзбекистонликлар дарди бу билан тугамайди.

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидан Қозоғистоннинг Чимкент вилоятида мардикорлик қилаётган ўндан ортиқ тингловчимиз ҳар куни Озодлик радиосини тинглашларини айтади. Уларнинг дарди ҳам бошқаларникидан кам эмас экан:

- Қийинчилик. Қозоқлар бизни қийнашларга олиб бораяпти. Ўзбекистонда қурилишлар яхши ишлаганида¸ ўзбеклар бу ерга келиб сарсон бўлмаган бўлар эди. Мана ҳаммамиз ўтирибмиз. Вақтида пул бермайди. Кўплар пул ололмаяпти. Оила аъзолари сарсон-саргардон. Шунинг учун жоним ачиганидан мен сизларга телефон қилган эдим. Ўзимизнинг қадримизга қийналаяпмизда¸ дейди Қозоғистонда меҳнат қилаëтган суҳбатдош.

Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг.
XS
SM
MD
LG