Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:19

Жангариларга қарши янги коалиция?


Кечроқ Россия президенти ҳам қўшилган Душанбе саммити қатнашчилари бирдамликни шу тарзда намоëн қилдилар.
Кечроқ Россия президенти ҳам қўшилган Душанбе саммити қатнашчилари бирдамликни шу тарзда намоëн қилдилар.

Душанбеда бўлиб ўтган минтақавий саммитда Тожикистон, Афғонистон ва Покистон раҳбарлари исломий жангариларга қарши амалиётларни мувофиқлаштиришга келишиб олдилар.

Имомали Раҳмон, Ҳамид Карзай ва Осиф Али Зардорий учрашувида асосий диққат-эътиборнинг хавфсизлик масаласига қаратилгани айтилмоқда.

- Биз асосий эътиборни хавфсизлик масалаларига қаратдик. Учта давлат барча таҳдидлар жумладан терроризм, сепаратизм, экстремизм ва уюшган жиноятчиликнинг барча кўринишига қарши бирга курашда ҳамкорлик қилиш истагини билдирди, деди Тожикистон раҳбари музокаралар сўнггида.

Ўз навбатида Покистон президенти Осиф Али Зардорий уч давлат барча таҳдидга қарши муштарак сиёсат юритишини айтди.

- Ҳар қандай шароитда хоҳ терроризмнинг миллий манфаатга таҳдиди орқали бўлсин ёки янги авлоднинг келажак учун умиди бўлсин¸ биз доим бирга бўлишимизни дунёга билдириш учун бу ерда турибмиз, деди Покистон президенти.

Хабарларга кўра, президентлар ўзаро алоқалар истиқболи ва давлатлар инфратузилмаларини ривожлантириш каби масалаларини ҳам муҳокама қилганлар. Учрашув пайтида энергетика масаласи, хусусан Марказий Осиё – Жанубий Осиё минтақавий энергетика бозорини яратиш масаласи ҳам муҳокама этилиши режаланган эди.

Душанбе учрашуви “Сангтўда-1” гидроэлектр станциясининг ишга туширилиши арафасида бўлиб ўтди. Бу ГЭС нинг Афғонистон ва Покистонга 1000 мегаватт электр қуввати етказиб бериши кўзда тутилган.

Собиқ Покистон Ташқи ишлар вазири Риёз Хохар Озодлик билан суҳбатда бу лойиҳа анча вақтдан бери амалга оширилаётганини айтади.

- Ҳозир Покистонда катта энергия муаммоси юзага келган. Бизда электр таъминотида узилиш ва тақчиллик кузатилмоқда. Биз кўп йиллардан бери Тожикистондан электр сотиб олиш борасида музокара олиб бораяпмиз. Бу масала биринчи марта саккиз ёки 10 йил олдин муҳокама қилинган эди, деди собиқ Покистон Ташқи ишлар вазири.

Риёз Хохар Исломобод учун Покистон энергетика ресурсини кўпайтиришнинг ягона ечими Тожикистон эканини айтди.

- Покистон, ҳеч бўлмаса маълум муддат давомида энергияга бўлган ўз эҳтиёжни қондиришининг бошқа йўли йўқ, деди собиқ вазир.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон қўшни давлатларга электр сотиш орқали катта даромад қозониши мумкин. Бироқ Тожикистоннинг хорижга кўпроқ электр энергияни экспорт қилиш режаси мамлакатда қўшимча гидроэлектростанцияларнинг барпо этилишини тақозо этади.
XS
SM
MD
LG