Линклар

Сиёсий ўйинчилар ўрни алмашмоқда


Молдовада бўлиб ўтган парламент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, демократик партиялар йиққан овоз миқдори 50 фоиздан ошиб кетган.

Молдовада бўлиб ўтган парламент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, демократик партиялар йиққан овоз миқдори 50 фоиздан ошиб кетган.

Молдова сиёсий саҳнасида 2001 йилдан бери етакчи куч бўлиб келган Коммунистик партия ўз жойини Ғарб билан яқинлашув тарафдори бўлган демократик кучларга бўшатиб бермоқда.

Апрелда бўлиб ўтган парламент сайловида коммунистлар ғалабасидан сўнг Кишинев кўчалари сайлов натижаларидан норозиларга тўлиб кетган бўлса, 29 июлда ўтган сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинганидан кейин баҳордагидай тўполон бўлишининг ҳеч қандай аломати кўринмайди.

Молдова Либерал-демократик партияси Влад Филат "Бу гал коммунистларнинг сайловни сохаталаштиришларига йўл қўймадик. Коммунистларнинг 8 йиллик бошқарувидан сўнг мухолифат ниҳоят сайловда ғалаба қилди ва Молдова демократияни ривожлантириш имконини қўлга киритди", деди.

Филатнинг айтишича, сайловчиларнинг 51 фоиз овозини олган 4 та сиёсий партия етакчи коалиция тузиш тўғрисида сўзлашувлар ўтказди.

Сайловда иштирок этган партияларнинг ҳар бирига қараганда энг кўп овоз ололган, лекин ҳаммасини қўшганда, уларга ютқазиб қўйган Коммунистик партиянинг етакчиси ва Молдова президенти Владимир Воронин "асосий ютуғимиз шуки, биз демократик сайловни ташкил қила билдик", деди.

Молдовада бўлиб ўтган парламент сайловини ЕХҲТ ва МДҲ миссиялари кузатувчилари демократик ва халқаро стандартларга мос ўтказилди, деб баёнот берди.

- Кечаги парламент сайлови яхши ташкил қилинганига гувоҳ бўлдик. Чунки унда турли қарашларни ифода қилувчи сиёсий партияларнинг рақобат қилишига имкон яратилди ва халқаро меъёрларга мос ўтказилди. Сайлов ижтимоий ишончни қайта тиклаш учун демократик ислоҳотларни давом эттириш зарурати борлигини кўрсатди, деди ЕХҲТ кузатувчилар миссияси вакили Петрос Эфтимиу.

Европа кенгаши Парламент ассамблеяси миссияси вакили Мавлуд Қовусўғли эса Молдовада бўлиб ўтган сайловларда халқ ўз иродасини намойиш қилганини айтди.

- Энди янги сайланган сиёсатчилар ўзларининг сиёсий ҳамкорлик қилиш ва ҳокимиятни тақсимлаш қобилиятини намойиш қиладиган пайт келди. Кечаги сайлов янги имкониятлар билан янги вазифалар ҳам олиб келди. Бу вазифаларни ҳамкорликда ҳал қилиш бутун Молдованинг муносиб келажагига умид пайдо қилиши мумкин, деди Мавлуд Қовусўғли

Айни пайтда Европа Иттифоқи Молдовани парламент сайловидан сўнг барқарорликни сақлаб қолиш учун янги ҳукуматни тезроқ тузиб олишга чақирди.

Европа Иттифоқининг юқори лавозимли дипломати Хавьер Солана Молдовадаги сиёсий кучларни президентни сайлашни ҳамда ҳукуматни шакллантиришни тезлатишга даъват қилди.

АҚШ Сенатининг ташқи алоқалар қўмитаси раиси Жон Керри ўтказилган парламент сайлови Молдова учун муҳим босқич бўлганини таъкидлаб, мамалакатдаги кучларни сиёсий қарашларидаги фарқларни четга суриб, бирлаштирувчи нуқталарни топишга чақирди.

Сайловнинг тўла натижалари бугун эълон қилиниши кутилмоқда.

Дастлабки натижалар эса мана бундай: 101 ўринли Молдова парламентидаги 48 ўринни Коммунистик партия, қолган 53 ўринни мухолифатдаги демократик 4 партия эгаллайди.
XS
SM
MD
LG