Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:37

Президентлар норасмий саммитга келмоқда


КХШТга аъзо давлатлар президентларининг Чўлпонотадаги норасмий саммити Қирғизистонда сиёсий эҳтирослар авжга чиққан паллага тўғри келди.
КХШТга аъзо давлатлар президентларининг Чўлпонотадаги норасмий саммити Қирғизистонда сиёсий эҳтирослар авжга чиққан паллага тўғри келди.

Чўлпонота шаҳрида ўтадиган КХШТ норасмий саммитида Тезкор коллектив кучлар базасини Қирғизистон жанубида жойлаштириш масаласининг муҳокама қилиниши айтилмоқда

31 июл куни Иссиқкўл бўйида жойлашган Чўлпонота норасмий саммитига КХШТга аъзо барча давлат президентларининг келиши кутилмоқда.

Саммит мезбони Қурмонбек Бакиев эрталабдан Чўлпонотага учиб кетди.

30 июл куни Қирғизистонга биринчилардан бўлиб Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Беларус президенти Александр Лукашенко келди.

31 июл куни эса¸ дастлаб Арманистон президенти Серж Саргсяннинг келиши кутилаяпти.

Иссиқкўл бўйида бўлиб ўтадиган норасмий саммитда Ўзбекистон президент Ислом Каримовнинг ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Хабарларга қараганда, Ўзбекистон президенти учқичи “Томчи” халқаро аэропортига маҳаллий вақт билан соат 16.30 да келиб қўниши керак.

Ислом Каримов ортидан Чўлпонотага Тожикистон президенти Имомали Раҳмон учиб келади.

Маҳаллий вақт билан соат 15.30 да эса Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортида Россия президенти Дмитрий Медведев учқичи қўниши керак. Россия раҳбарини аэропортда Қирғизистон бош вазири Игор Чудинов кутиб олиши режалаштирилган. Қисқа муддатли учрашувдан сўнг Дмитрий Медведев КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтажак Чўлпонотага йўл олади.

Президентларнинг норасмий саммити муносабати билан, СА-news хабарига кўра, 30 июл куни “Манас” аэропорти учиш майдони АҚШ харбий-ҳаво кучларига тегишли KC-135 Stratotanker ёқилғи қуйиш учқичлари ва C-17 Globemaster III юк ташувчи учқичларидан “тозаланган”.

Хавфсизлик чоралари Қирғизистон ичкарисида ҳам кучайтирилган. Аввалроқ мухолифат тадбирлари кутилмаган бурилишларга сабаб бўлиши мумкинлигидан хавфсираган қирғиз расмийлари ҳатто норасмий саммит жойини ўзгартиришни ўйлаётганлари ҳақида ҳам тахминлар пайдо бўлганди.

29 июл куни Қирғизистон мухолифатидаги Бирлашган халқ ҳаракати “Адолатли сайлов учун” шиори остида муддатсиз норозилик намойишларини бошлаган эди. Мухолифат 23 июл куни бўлиб ўтган президентлик сайлови натижалари сохталаштирилганини даъво қилиб, қайта сайлов ўтказилишини талаб қилаётганди.

Мухолифат 31 июл ва 1 август кунлари КХШТга аъзо давлатлар президентларининг норасмий саммити бўлиб ўтадиган Иссиқкўл томон пиёда юриш уюштирмоқчи эди. Бироқ 30 июл куни мухолифат тарафдорлари бўлган юзлаб намойишчилар ҳибсга олинганидан сўнг намойиш ташкилотчилари пиёда юришни бекор қилди. Шу тариқа, қирғиз расмийларининг президентлар норасмий саммити ўтадиган жой ва вақт бўйича дастлабки режаларига ўзгартишлар киритилмади.

Айни пайтда 30 июл куни Қирғизистон Конституциявий суди ўтган ҳафта Қирғизистонда бўлиб ўтган президентлик сайловини қонуний, дея тан олди. Қурмонбек Бакиевни Қирғизистон президенти сифатида қасамёдга келтириш маросими 2 августга белгиланган.

Шундай қилиб, бугун Қирғизистонга йиғилаётган президентлар КХШТ доирасидаги масалаларни муҳокама қилиш қабатида Қурмонбек Бакиевнинг иккинчи муддатга сайлангани ва туғилган куни (Қурмонбек Бакиев 1 август куни таваллуд топган) муносабати билан уни шахсан табриклаш имкониятига ҳам эга бўладилар.
XS
SM
MD
LG