Линклар

Муҳаббат Шамаеванинг 70-йилларда машҳур бўлган бу қўшиғини¸ бугун ўша давр руҳини соғинганлар энди "жаннатда ҳам топилмайди у чоғлар" дея хиргойи қилишмоқда.

1973 йилда бувим билан поездда Ўзбекистон бўйлаб саëҳатга чиққанимда¸ бир ҳафта давомида купедаги радиокарнайдан “Бу чоғлар” деган қўшиқ янграгани эсимда.

Қўшиқ янграши замони купеда домино ўйнаëтган амаки ҳам¸ тепа ўриндиқда мудраëтган чол ҳам¸ “Саодат” журналини варақлаëтган жувон ҳам “ана¸ Муҳаббат Шамаева куйлаяпти” деб қулоқларини динг қилишарди.

Купе дарчасидан эса жаннат деб айтишга тилинг бормайдиган совет Ўзбекистонининг ғариб манзаралари лип-лип ўтар эди.

Қўшиқ ўша пайтда шу қадар урф бўлганидан “Муштум” журналида қари бир мулланинг телевизорда фигурали учиш қилаëтган қизнинг сонига боқиб “жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар” деб ўтиргани ҳажвий расм қилиб чизилган эди.

Қўшиқ республика радиосидан ҳам¸ телевидениесидан ҳам¸ колхоз радиоузелларидан ҳам тинимсиз янграр¸ бунинг баробарида қўлбола радио ясаб олган ҳаваскорлар ҳам “Жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар”ни тўхтовсиз айлантиришар эди.

Бу қўшиқ янграганидан бери 36 йил ўтди. Бугунги Ўзбекистон реаллигидан чарчаган одамлар 70-йилларни жаннат каби эслашмоқда.

Муҳаббат Шамаева ижросидаги “Жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар” сатрлари бошқача маъно касб қилгандай.

90- йилларда АҚШ га кетиб қолган Ўзбекистон ССР халқ артисти Муҳаббат Шамаевага сим қоқиб¸ қўшиқ тарихи ҳақида сўрадик.


Ëлғизоëқ йўлларим

Озодлик: Муҳаббат опа¸ бир вақтлар сизнинг “Бу чоғлар” деган қўшиғингиз бўларди.

Муҳаббат Шамаева: “Йўлларим” деган ашула. Дони Зокиров мусиқаси¸ Туроб Тўла сўзлари.

Баҳор келса¸ гул бўлади бу тоғлар¸
Булбуллардан эгилади бутоқлар¸
Баҳор бўйи адирларни тутганда¸
Жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар
.

Озодлик: Муҳаббат опа¸ бу қўшиқни илк маротаба қачон айтгансиз?

Муҳаббат Шамаева: 1970 йилларда бўлса керак.

Озодлик: Қўшиқнинг яратилиш жараëни қанақа бўлган?

Муҳаббат Шамаева: Ашрафий фақат симфония ва опера ëзганлар. Аммо шу “Йўлларим” деган ашулани шахсан менга ëзиб берганлар.

Озодлик: Туроб ака билан ҳам ишлаганмисиз?

Муҳаббат Шамаева: Ҳа. У киши менга “Йўлларим" деган шеър ëздим. Уни композиторга бердим. Бориб эшитиб кўринг. Жуда ҳам яхши” деб айтган. Мен раҳмат айтиб¸ бориб шуни эшитиб кўрдим ва кейин уни Илëс акам билан обработка қилиб¸ чиройли қилиб радиога ëздик. Эстрада билан ëздик¸ Дони Зокиров раҳбарлигидаги халқ чолғу ансамбли билан ëздик¸ униссон билан ëздик. Ишқилиб¸ бу ашулани тўрт-беш марта чиройли қилиб ëздик.

Озодлик: Униссон билан ëздик¸ деганингиз қанақа?

Муҳаббат Шамаева: Униссон дегани бу радио-телевидениеда Тилаш Хўжамбердиев ансамбли ишлаган. Ўша ансамбл билан ижро этганимизга униссон дейилади. Ансамбл билан жуда чиройли чиқди бу. Кейин радио ва телевизор орқали шуни айтдик. Бу ашулани кўп ашулачилар айтган. Бу қўшиқ жуда ҳам машҳур бўлган.

Озодлик: Нимага бу қўшиғингиз машҳур бўлиб кетган? Сиз бошқа ашулалар ҳам айтгансизку. Масалан¸ “Кўчалар” деган ашулангиз бор.

Муҳаббат Шамаева: Менинг ҳар бир ашулам машҳур бўлиб кетган. Янгисида янгиси. Мен повтор ашула айтганим йўқ. Шоир мен учун шеър ëзган¸ композитор мен учун мусиқа ëзган. Шунинг учун ҳамма ашулам машҳур бўлиб кетган.

Озодлик: Сизнинг “Йўлларим” деган қўшиғингиз нега ажралиб туради?

Муҳаббат Шамаева: Бу қўшиқ шеърида Туроб акам баҳор¸ тоғлар ҳақида ëзган.

Озодлик: Бу қўшиқ ўша пайтда¸ ҳозирги тил билан айтганда хит¸ шлягер бўлиб...

Муҳаббат Шамаева: Ҳа¸ жуда машҳур бўлган. Шу ашулани “Баҳор” ансамбли билан ҳамкорликда чет элларга Италия¸ Испания¸ Белгия¸ Афғонистон¸ Ҳиндистонга чиқиб айтганман.


Қўшиқ кўрсатган йўл

Озодлик: Сиз бу ашуланинг сўзлари ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Мана “Йироқларга олиб кетар мени йўлларим” деган сатрлари бор экан. Сиз мана Ўзбекистондан океан ортига бориб қолдингиз. Бу шеър сизнинг ҳаëтингизга ўхшамайдими?

Муҳаббат Шамаева: Албатта¸ ўхшайди. Ўша осмон¸ ўша ер¸ одамлар ҳар хил.

Озодлик: Мана сизнинг болалигингиз¸ ëшлигингиз Ўзбекистонда қолиб кетди ва ëлғизоëқ йўллар сизни Америкага олиб келди. Ўзингизнинг келажагингиз ҳақида куйлабсизда.

Муҳаббат Шамаева: Албатта.

Озодлик: Ўзбек поп мусиқаси маликаси бўлиб юрган пайтларингизни соғинасизми? Бугунги кун билан солиштирсангиз¸ қайси чоғларингиз яхши?

Муҳаббат Шамаева: Мен Ўзбекистонга икки марта бориб келдимку. Тошкентда катта состав билан хайрия концерти бериб келдик. Жуда яхши ўтди¸ жуда яхши кутиб олишди.

Озодлик: У чоғлар яхшимиди ëки ҳозирги Америкадаги чоғлар яхшими?

Муҳаббат Шамаева: Энди у ëқнинг ҳам салбий ва ижобий томонлари бор ва бу ернинг ҳам салбий ва ижобий томонлари бор. Ўзбекистон¸ албатта¸ жаннат. Об-ҳавоси¸ мевалари¸ халқлари. Жаннатнинг ўзи.


Муҳаббатга тикилган кўзлар

Озодлик: Мен ëшлигимдан бошлаб сизнинг қўшиқларингизни эшитардим. Мен ўзим 1963 йилда туғилганман. Телевизорда тез-тез беришарди.

Муҳаббат Шамаева: Мен худди шу йили ишга кирганман.

Озодлик: Ўша пайтда одамлар орасида “Муҳаббат Шамаева жосус экан. У қиларкан¸ бу қиларкан” деган гаплар юрарди. Шунақа гаплар сизнинг қулоғингизга чалинганми?

Муҳаббат Шамаева: Биз шу даражада машҳур эдикки¸ биз бир ой дам олишга чиқсак¸ дарров “Бир нарса бўлибди. Уни ўлдиришибди. У қилишибди¸ бу қилишибди” деб гап чиқариб юборишарди. Саҳнага қайтганимиздан кейин эса жим бўлиб қолишарди.

Озодлик: Сизнинг “Жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар” деган ашулангизнинг машҳур бўлишининг сири нимада? Муҳаббат Шамаеванинг ижросидами¸ Туроб Тўланинг шеъридами ëки Дони Зокировнинг мусиқасидами?

Муҳаббат Шамаева: Туроб Тўла ҳам шеърни маъноли қилиб ëзган¸ мусиқа ҳам яхши ëзилган¸ ижро ҳам ўрнида. Уч киши бу ашула учун чин дилдан ишлаган. Ашрафий¸ Туроб Тўла ва Шамаева. Бу уч одам ашула учун юқори даражада ишлашган.


Боғ ўртасидаги шоҳсупа

Озодлик: Ҳамма олқишлар¸ дивидендлар сизга. Сиз ўша пайтда юлдузликнинг шоҳсупасида эдингиз. Бунинг оғирлиги қандай бўлди сизга?

Муҳаббат Шамаева:

Боғ ўртаси шоҳсупа¸
Сиз ундан ўтганмисиз¸
Бир дам қўниб оҳиста¸
Завқини тотганмисиз.


Озодлик: Сиз “Жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар” деб ашула айтганингизда¸ диний уламолар Ўзбекистондаги ҳаëтни жаннатдан ҳам яхши деб айтаяпти¸ деган маънода эътироз билдирмаганми?

Муҳаббат Шамаева: Рости шуда. Ўша пайтлар жуда зўр эди. Мен ўзим ҳақимда куйладим. Мен санъатни яхши кўрадиган¸ санъатни қадрлайдиган шундай чиройли¸ ям-яшил мамлакатда ашулачи бўлдим. Мен бу ашулани яхши кўриб ижро этдим. Менга ва бошқаларга Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам жаннат.

Озодлик: Америкага келгандан кейин сиз Бухоро яҳудийларининг орасида асосан оғир мақом қўшиқларини айтаяпсиз. Бошқа ашулаларингизни ҳам айтаяпсизми?

Муҳаббат Шамаева: Масалан¸ мен концертларимда биринчи “Кўчалар” деган ашуламни айтаман. Кейин “Йўлларим”ни айтаман. Кейин ҳар йили уч марта махсус Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасига бориб келаман. Элчи бизга махсус машина жўнатади. Ансамбл билан борамиз ва мустақилликми¸ Наврўзми¸ янги йилми – Вашингтонда катта концерт берамиз.

Озодлик: Биласизми¸ 1973 йилда хоразмлик бир кичкина қиз отасига “Мен Муҳаббат Шамаеванинг тиригини кўрмасам бўлмайди” деб касал бўлиб қолган экан. Кейин отаси самолëтдами¸ поезддами олиб бориб “Мана Муҳаббат Шамаеванинг тириги” деб кўрсатган экан. Шу ростми?

- Тўғри¸ шундай бўлган¸ дейди Муҳаббат Шамаева.

Асл исми Люба бўлган Муҳаббат Шамаева эри Илëс Маллаев билан бирга ўтган аср охирларида Америкадан бошпана олди.

Қўшиқда айтилган ëлғизоëқ йўллар сўнггида уммон соҳилидаги тош қалъа Ню Йорк шаҳри бор эди. 70- йилларда Ўзбекистон осмонида юлдуз бўлиб порлаган Муҳаббат мана шу тош шаҳарда қўним топди¸ шу шаҳарда қиз чиқарди¸ ўғил уйлантирди. Бу шаҳарда ҳамрози Илëс Маллаевни ерга берди.

Не кунларни бошгинамга соласан

Эски туркий калима бўлган қўшиқ қўшиш маъносини билдиради. Қадим ўзбек уруғларида ўлганларга қўшиқ қўшиш одати бўлган. Яҳудий аслли Муҳаббат Шамаева ўзи бир вақтлар яшаган юрт удумини тутиб¸ марҳум турмуш ўртоғи Илëс акага қўшиқ қўшди. Қўшиқ ичида ортда қолган у чоғлар армони ажриқдай илдиз отган.

Суҳбат сўнггида Муҳаббат Шамаева тингловчиларга саломларини йўллади.

- Ҳамма опа-сингилларга¸ ака-укаларга¸ ота-оналарга мендан иссиқ¸ алангалик салом. Ҳаммаларига соғлиқ ва узоқ умр тилайман¸ дейди суҳбат сўнггида Муҳаббат Шамаева.

Баҳор келса¸ гул бўлади бу тоғлар¸
Булбуллардан эгилади бутоқлар¸
Баҳор бўйи адирларни тутганда¸
Жаннатда ҳам топилмайди бу чоғлар.

Баҳор келди чаман бўлди гулларим¸
Чаман бўлди ëлғизоëқ йўлларим¸
Жилғалардек ариқлардек югуриб¸
Елдек елди ëлғизоëқ йўлларим.

Қайдан қайга югурасан еласан¸
Йироқлардан нелар олиб келасан¸
Болалигим¸ тойчоқлигим¸ шўхлигим¸
Не кунларни бошгинамга соласан.

Уйим ëлғизоëқ йўлнинг бошида¸
Қаҳри қаттиқ ўхшар боғлар тошига¸
Жилғалардек ариқлардек югуриб¸
Елдек елди ëлғизоëқ йўлларим.
XS
SM
MD
LG