Линклар

Москва фикридан қайтди

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон ва Россия муносабатлари совуб бораëтган айни кезда¸ Медведев энди Раҳмонга ëн босмоқда.

Ўзбекистон ва Россия муносабатлари совуб бораëтган айни кезда¸ Медведев энди Раҳмонга ëн босмоқда.

Йил бошида Ислом Каримовга минтақадаги гидроиншоотлар бўйича Ўзбекистон позициясини қўллашини билдирган Дмитрий Медведев эндиликда ГЭС қуришда тожикистонликларга ёрдам бериш қарорида.

Россия ва Тожикистон энергетиклари қуриб битказган Сангтўда-1 ГЭСи 31 июл куни эрталаб тантанали равишда тўла фойдаланишга топширилди.

Сангтўда-1 ГЭСининг очилиш маросимида қатнашган Россия ва Тожикистон президентлари Сангтўда ГЭСи қурилиши икки давлат ҳамкорлигидаги муҳим қадам эканини таъкидладилар.

- Сангтўда ГЭСи Тожикистон энергетика тизими барқарорлигини оширишга кўмаклашади. Бу мамлакат тараққиёти учунгина муҳим бўлиб қолмасдан, бутун минтақа тараққиёти учун ҳам жуда муҳимдир, деди Россия президенти Дмитрий Медведев.

Ўз навбатида, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ўз мамлакатидаги гидроиншоотлар қўшниларга қасддан бунёд этилмаётганини қайд этиб ўтди.

- Тожикистонга миллий эгоизм ҳисси ёт. Мамлакатимиз ҳеч қачон ўз қўшнилари зарарига иш юритиш мақсадини кўзламаган ва бундан буён ҳам бунақа мақсадни кўзламайди, деди Имомали Раҳмон.

Тожикистон президентига кўра, мамлакатдаги ГЭСлар ва сув омборлари ўзининг ярим асрлик фаолияти давомида минтақадаги саноат ва қишлоқ хўжалиги тараққиётига улкан ҳисса қўшган ва айнан шу гидроиншоотлар туфайли асрлар давомида ўзлаштирилмай қолинган ҳудудлар обод бўлган.

- Шу нуқтаи назардан Сангтўда-1 ГЭСи Тожикистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик нишонасигина эмас, балки Вахш каскадининг асосий қисми сифатида бутун минтақа истиқболи учун хизмат қилади, дея ишонч билдирди Имомали Раҳмон.

Шу йил бошида Тошкентга расмий сафари чоғида Тожикистондаги гидроэнергетик иншоотларга доир лойиҳаларнинг амалга оширилиши масалаларига тўхталиб, Ўзбекистон позициясини қувватлаган Дмитрий Медведев жума куни Сангтўда ГЭСи майдонида ўша айтганларининг тескарисини гапирди ва Россия томони келажакда ҳам тожик ГЭСлари қурилишида ҳам қатнашажагини айтди.

Тожикистон ва Россия президентларининг 30 июл кунги икки томонлама музокараларида Роғун ГЭСи қурилиши масаласи ва унинг атрофидаги минтақавий баҳслар муҳокама қилинмагани айтилган эди.

Шунга қарамай, Россия Энергетика вазири ўрнибосари Андрей Клепач ўз мамлакати Роғун ГЭСи қурилишига бефарқ эмаслигини ва ҳозирда Россиянинг бир қатор ширкатлари бу иншоот қурилишида қатнашаётгани билдирди.

- Биз учун бу лойиҳа алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирда Россиянинг бир неча ширкати у ерда ишлаяпти. Аммо Тожикистон томонининг бу ширкатлардан катта қарзи бор - россиялик қурувчиларнинг бир неча ойлик иш ҳақлари тўланмай қолган.

Бошқа томондан эса Роғун ГЭСи қурилиши юзасидан Тожикистоннинг Ўзбекистон билан муносабатларида жиддий муаммолар бор. Менимча, Тожикистон томони шу масалаларни ҳал қилишга жиддийроқ ёндошиши керак. Ҳар ҳолда, Роғунга оид лойиҳа, унинг амалга оширилишига доир масалалар давлатлараро босқичда ҳал этилиши лозим, деди Россия Энергетика вазири ўринбосари пайшанба кунги икки томонлама учрашув чоғида.

Тожикистонда қурилаётган ва қурилиши кўзланган ГЭСлар унга қўшни Ўзбекистонда жиддий хавотирлар уйғотаётгани боис расмий Тошкент Роғун ГЭСи қурилишига очиқчасига қаршилик қилмоқда.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳар гал бу гидроиншоот минтақа экологияси учун жиддий зарар етказишини, агар бу иншоот қуриб, ишга туширилса, дарёлар қуйисидаги мамлакатларда сув тақчиллигини келтириб чиқаришини алоҳида таъкидлаб келади.

Тожикистон томони эса¸ Роғуннинг қўшнилар норозилигидан қатъий назар, албатта қурилажагини уқтиришдан чарчамайди.

Бундай қатъий баёнот 23 июл куни Тожикистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Абдулло Йўлдошев тилидан ҳам янграган эди.

Тожик расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, агар Роғун ГЭСи қурилиб, ишга туширилгудек бўлса, мамлакатда йилига 34 миллиард кВт/соат электр қуввати ишлаб чиқарилади. Бу миқдор электр билан тожикистонларни йил давомида тўла электр қуввати таъминлаш баробарида уни ташқарига ҳам экспорт қилиб, Тожикистонни минтақада ягона электр таъминотчисига айлантириш мумкин.

Шу боис¸ Тожикистон ҳукуматининг минтақада энергетика мустақиллигини қўлга киритишига оид муҳим режаларида бири 31 июл куни Сангтўда-1 ГЭСининг тўла ишга туширилиши ортидан амалга оширилди, дейиш мумкин.

Сўнгги тўрт йил давомида Россия томонидан қуриб битказилган ва тўрт агрегатдан иборат Сангтўда-1 ГЭСи 670 мВт қувватга эга бўлиб, у йилига 3 миллиард кВт/соат электр ишлаб чиқаради.
XS
SM
MD
LG