Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:08

Адвокат ўлими исëнми?


Кекса адвокат Саид Воҳидов¸ унинг ўлими тафсилотлари тарқалмай туриб¸ ими-жимида дафн қилинган.
Кекса адвокат Саид Воҳидов¸ унинг ўлими тафсилотлари тарқалмай туриб¸ ими-жимида дафн қилинган.

Айрим интернет нашрлари тарқатган хабарга кўра¸ бухоролик 62 ёшли адвокат Саид Воҳидов аттестациядан ўта олмаганига норозилик сифатида сирка ичиб¸ ўз жонига қасд қилган. Озодлик ўтказган суриштирув давомида бу воқеанинг айрим янги тафсилотлари ойдинлашди.

Бухоролик адвокат Саид Воҳидовнинг норозилик сифатида сирка ичиб оламдан ўтгани ҳақида www.vof.kg, www.ca-news.org, www.uznews.net, www.for.kg каби бир қатор интернет нашрлари хабар тарқатди.

Ушбу нашрларнинг маълум қилишича, 22 июл куни Аттестация комиссияси адвокатлик лицензиясини узайтирмагани туфайли Бухоро вилоят адвокатлар палатаси биносида 62 ёшли Саид Воҳидов намойишкорона тарзда сирка ичиб¸ ўз жонига қасд қилган.

Бу маълумотни ўрганиш жараёнида воқеа гувоҳларидан бири билан боғланишга муваффақ бўлдик. Бироқ у маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидан ушбу воқеа ҳақида гапирмаслик борасида кўрсатма олгани боис¸ саволларимизга жавоб бера олмаслигини билдирди.

Ушбу манбанинг айтишича, Саид Воҳидов сирка ичгач¸ уни оғир аҳволда касалхонага олиб боришган ва адвокат ўша ерда оламдан ўтган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти ҳам ушбу воқеадан хабардор топди¸ дейди жамият фаоли Абдураҳмон Ташанов.

- Бизга маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларидан келган хабарга кўра¸ Бухоро адвокатлар палатасининг биносида лицензия учун аттестациядан ўта олмаган Саид Воҳидов¸ 1947 йилда туғилган бу одам¸ ўзининг норозилигини уксус ичиш орқали намойиш қилган. У тезда шифохонага етказилган. Лекин у кўрсатилган тиббий ëрдамларга қарамасдан¸ шифохонада вафот этган. Бу 22 июл куни тушга яқин содир бўлган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раҳбари Тошпўлат Саидовга кўра, Саид Воҳидов илгари вилоят суди аъзоси бўлган ва олти ой аввал адвокатлик фаолиятини бошлаган.

Адвокатлар палатаси раҳбари, Саид Воҳидовнинг фаолиятига тергов органлари ва судлар томонидан ҳеч қандай тўсқинлик бўлмагани боис¸ унинг ўз жонига қасд қиладиган бирор асоси ҳам бўлмаган¸ Воҳидов юрак хуружи туфайли ўз уйида оламдан ўтган¸ деган фикрда.

Бироқ Озодлик манбаларига кўра, Саид Воҳидов уйида эмас шифохонада жон берган.

Уларнинг аниқлик киритишича, Саид Воҳидов сирка ичгач, уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб боришган.

Ушбу маълумотни аниқлаш мақсадида мазкур тиббий марказга телефон орқали боғландик. Шифохона навбатчиси касалхонага келтирилган беморлар рўйхатида Саид Воҳидовнинг исми-шарифи йўқлигини айтди.

Шундан сўнг одатда сирка ичган беморлар тушиши мумкин бўлган токсикология бўлимига уландик. Бироқ у ерга ҳам Саид Воҳидов исмли бемор келтирилмаганини айтишди.

Шундан кейин шифохонанинг жонлантириш бўлимидан саволларимизга жавоб олишга эришдик. Ушбу бўлим ходимининг айтишича, 22 июл куни Саид Воҳидов жонлантириш бўлимига олиб келинган.

Шифохона ходими: У киши тушган эканлар. Ҳозир вафот этганлар.

Озодлик: 22 июл куни тушганми?

Шифохона ходими: Ҳа.

Озодлик: Уксус ичиб тушганларми?

- Мен ҳозир бу борада аниқ маълумот беролмайман¸ дейди шифохона ходими.

Саид Воҳидовнинг шифохонага тушгани ва у шу ерда вафот этгани ҳақидаги маълумот тасдиқлангач, навбатдаги маълумотни ўрганишга киришдик.

Озодлик манбаларига кўра, Саид Воҳидовнинг сирка ичиб ўлгани юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларида тергов иши очилган.

Биз ушбу маълумотни аниқлаш мақсадида дастлаб Бухоро вилоят Ички ишлар Бошқармасига мурожаат қилдик.

Oзодлик: 22 июл куни Саид Воҳидов исмли адвокат уксус ичиб оламдан ўтган экан. Ўша ҳолат бўйича ишни сизлар кўраяпсизларми?

- Йўқ¸ прокуратура кўраяпти, деди милиция ходими.

Шундан кейин Бухоро вилоят прокуратурасига сим қоқдик.

Oзодлик: Бу Бухоро вилоят прокуратурасими?

- Худди шундай.

Озодлик: Мен радиодан қўнғироқ қилаяпман. Битта воқеани ўрганаëтган эдим. 22 июл куни Саид Воҳидов исмли адвокат уксус ичиб оламдан ўтган экан. Мана шу бўйича ишни ким кўраяпти?

- Шаҳар прокуратураси. Ўшаларга мурожаат қилинг, деди гўшакни кўтарган Бухоро вилоят прокуратураси ходими.

Бухоро шаҳар прокуратурасига қўнғироқ қилганимизда, улар бизга ушбу иш бўйича махсус шуғулланаётган ходимнинг телефон рақамини беришди.

Oзодлик: Саид Воҳидов ҳақиқатан ҳам уксус ичганми?

- Жасадни экспертизага беришмаган. Шунинг учун бизда экспертнинг хулосаси йўқ. Энди касалхонага мурожаат қиласизлар. У киши касалхонада вафот этган. Танаси ëриб кўрилмаган. Шунинг учун бизда мутахассисларнинг хулосаси йўқ, деди Бухоро шаҳар прокуратураси ходими.

Воҳидов ўлими юзасидан иш очилганини инкор қилмаса-да¸ прокуратура ходими унинг айнан сирка ичиб ўлганини тасдиқламади ҳам. Адвокатура раҳбарлари эса¸ Саид Воҳидовнинг норозилик сифатида ўз жонига қасд қилганини инкор қилишди.

Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов буни шундай изоҳлайди.

- Энди адвокатлар палатаси воқеани Бухоро вилояти Адлия бошқармаси ўзларича “У касал эди. Унақа¸ бунақа” деб талқин қилишаяти. Шахсан мен ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида унинг касбий фаолиятига қўйилган тўсиқ туфайли унинг ўлимини ана шунга протест¸ исëн деб талқин қилган бўлардим. Яъни унинг сўнгги тирикчилик манбаи тортиб олинди. Унга лицензия берилмади, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўтган йилнинг 12 сентябр куни Тошкентда Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг таъсис конференцияси ўтказилиб, унда Адвокатлар ассоциацияси Адвокатлар палатасига айлантирилган эди.

Бу ташаббусга шахсан президент Ислом Каримовнинг ўзи бош-қош бўлиб, айни тадбир натижасида адвокатура тизимида ижобий ўзгаришлар қилиш режалаштирилгани таъкидланган эди.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб мамлакатдаги барча адвокатларни аттестациядан ўтказиш жараёни бошланди.

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раҳбари Тошпўлат Саидовга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритиб турган 3000 дан зиёд адвокатнинг 10 фоизга яқини аттестациядан ўта олмаган ва апелляция учун ариза топширган адвокатларнинг 10-12 фоизи қайта имтиҳон топширишга рухсат олган.
XS
SM
MD
LG