Линклар

Журналистга озодлик сўралмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Дилмурод Саййид шу йилнинг 22 февралида ҳибсга олинганидан сўнг¸ унинг силга чалинганига оид хавотирлар бор.

Дилмурод Саййид шу йилнинг 22 февралида ҳибсга олинганидан сўнг¸ унинг силга чалинганига оид хавотирлар бор.

Халқаро ташкилотлар журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййиднинг 30 июл куни Тойлоқ туман суди ҳукми билан 12 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилганини кескин танқид қилмоқдалар.

Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистонда яна бир журналистнинг қамоққа олинишини Тошкент ҳукуматининг эркин фикр ва ҳуқуқ ҳимоячиларига мутлақ тоқатсизлигининг навбатдаги намунаси сифатида баҳолади.

- Менимча¸ бу ҳолат яна бир бор Ўзбекистонда эркин фикр билдириш имконлари йўқлиги ва Тошкент ҳукуматининг сўз эркинлигига тоқатсизлиги далолатидир. Ташкилотимиз Самарқанддаги маҳкамадан суд ҳукмини қайта кўриб чиқишни ва журналистни озод этишни талаб қилади, деди ташкилот вакили Элза Видал.

30 июл куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди ҳукмига кўра¸ Дилмурод Саййид товламачилик айби билан 12 йилу олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Москвадаги “Экстремал журналистика” маркази раҳбари Олег Панфилов¸ айрим ҳолларда Ўзбекистонда ҳукумат журналист овозини ўчириш учун товламачилик айбловини қўллаб келишини, аммо Дилмурод Саййид иши бўйича ҳозирча изоҳ бера олмаслигини айтди.

- Шуни гумон билан айтишим мумкинки, айрим ҳолатларда ҳукумат истамаган журналистнинг овозини ўчириш мақсадида унга товламачилик айбини қистириб қамаши мумкин. Лекин бу журналист иши билан яхши таниш бўлмаганим учун бу борада изоҳ бера олмайман, деди Панфилов.

Айни пайтда, Олег Панфиловга кўра, постсовет маконида товламачилик қилиб, журналистика касбига доғ тушираётган қаламкашлар ҳам йўқ эмас.

Журналист Дилмурод Саййидга қўйилган айбловлар маҳаллий тадбиркорлардан бири¸ деб айтилаётган самарқандлик Марғуба Жўраеванинг кўрсатмаларига асосланиши айтилган. Самарқанд вилояти Жомбой туманида товламачилик йўли билан 10 000 АҚШ доллари миқдорида пул олаётган пайтда қўлга олинган Марғуба Жўраева дастлабки суриштирув пайтида журналист Дилмурод Саййиднинг топшириғини бажарганини билдирган эди.

Аммо, журналистни яқиндан билган ҳамкасблари унинг қамалишини касбий фаолияти билан боғлашмоқда. Берлинда яқинда таъсис этилган Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, 12¸5 йиллик қамоқ жазоси нафақат Дилмурод Саййид, балки Ўзбекистонда фаолиятини давом эттираётган бошқа журналистлар учун ҳам даҳшатли муждадир.

- Менинг назаримда¸ сил касалига чалинган ва гўëки 10 000 доллар пул олганликда айбланаëтган журналистга 12¸5 йиллик қамоқ жазосининг тайинланиши бу жуда ҳам оғир жазо. Қолаверса¸ Дилмурод Саййид адвокатининг айтишича¸ судда унга қўйилган айбловлар исботини топмаган. Журналистга бунақа узоқ муддатли қамоқ жазосининг тайинланиши адолатсиз¸ дейди Умида Ниëзова.

Дилмурод Саййиднинг 12¸5 йилга қамалгани ҳақдаги суд ҳукми Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи якунланганидан бир кун ўтиб эълон қилинди.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел, иттифоққа раислик қилиш галини қабул қилиб олган Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича мутасаддиси Малеана Мод, Европа Иттифоқи комиссиясининг мутасаддиси Гуннар Бирант ва Швеция элчиси Ханс Улшонлардан таркиб топган делегация 28 июл куни Тошкентда ўзбек расмийлари билан сўзлашувлар ўтказди.

Ирландияда бошпана топган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов Европа Иттифоқи ҳам¸ Қўшма Штатлар ҳам Тошкент расмийлари билан музокараларда инсон ҳуқуқлари мавзуси етарлича кўтарилмаётганидан хавотир билдиради.

- Ҳозирги пайтда Афғонистон туфайли Ўзбекистон ҳукуматига Европа иттифоқининг ҳам¸ Американинг ҳам таъсири кам. Улар асосан хавфсизлик ва иқтисодий йўналишларга эътибор бераяпти ҳамда инсон ҳуқуқлари учинчи ўринга тушиб қолаяпти. Бир пайтлар инсон ҳуқуқлари биринчи ўринда бўларди. Ҳозир Европа иттифоқи ва АҚШ Марказий Осиëда хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорликни устун қўяяпти¸ дейди Абдужалил Бойматов.

Аммо, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морелга кўра, музокараларда инсон ҳуқуқлари мавзуси четда қолгани йўқ.

- Бу масала тўлалигича муҳокама қилинди. Ўзбекистондаги вазиятни кузатиб бораяпмиз ва инсон ҳуқуқлари ушбу минтақа бўйича стратегиямизда муҳим ўринни эгаллайди, деди Пьер Морел.

Аммо, жаноб Морел журналист Дилмурод Саййиднинг узоқ муддатга қамалиши юзасидан конкрет муносабат билдирмади.

- Биз ҳар бир ҳолатни музокараларда кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бу саволингизни марҳамат қилиб¸ Европа Иттифоқи президентлигига беринг, деди Пьер Моррел.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзованинг айтишича, Европа делегациясининг Тошкентга ташрифидан бир кун ўтиб¸ ўзбек журналисти 12¸5 йилга озодликдан маҳрум этилиши¸ Тошкент ҳукумати билан мулоқот самарасизлигининг яна бир исботидир.

- Германия раҳбариятига мурожаат тайëрлаяпмиз. Сабаби¸ айнан Германия Европа иттифоқи санкцияларининг бекор қилиниши ва Ўзбекистон билан мулоқотни қайта тиклаш ташаббусчиси бўлган. Аслида эса ўтган давр мобайнида яна бир бор шунга амин бўлдикки¸ конструктив мулоқот яхши¸ лекин самарасиз. Ўзбекистонга нисбатан фақат ташқи босимгина иш бериши мумкин¸ дейди Умида Ниëзова.

Ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналарида ўнлаб журналист сақланмоқда. Улардан кўпчилигининг қамоққа олинганига 10 йилдан ошди.

Булар 1999 йилда қамалган "Эрк" газетаси муҳаррирлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов¸ 2002 йили қамалган "Ҳуррият" газетаси мухбири Ғайрат Михлибоев¸ 2004 йили қамалган "Поп тонги" газетаси мухбири Ортиқали Номозов¸ 2006 йилдан бери руҳий касалликлар шифохонасида сақланаëтган мустақил журналист¸ президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов ва 2008 йилнинг октябрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновлардир.
XS
SM
MD
LG