Линклар

Британия аскарлари Ироқни тарк этди


Британия ҳарбийлари хавфсизлик учун маъсулиятни тўлиғича Ироқ кучларига топширди.

Британия ҳарбийлари хавфсизлик учун маъсулиятни тўлиғича Ироқ кучларига топширди.

Сўнгги Британия аскари ватанига қайтар экан¸ унинг аксар ватандошлари нега Лондон Ироқ урушига аралашди ¸ деган саволга ҳамон жавоб изламоқдалар.

31 июлдан бошлаб Ироқ ҳудудида биронта ҳам Британия ҳарбийси қолмади.

Жорий йилнинг апрел ойида Британия қўшинлари Ироқдаги ҳарбий амалиётлардаги иштирокини тўхтатганини эълон қилиб, мамлакат ҳудудини аста-секин тарк эта бошлаган эди.

2008 йилда Бағдод ва Лондон ўртасида эришилган келишувга мувофиқ Буюк Британия 31 июлга қадар ўз ҳарбийларини Ироқ ҳудудидан тўлалигича олиб чиқишни ўз зиммасига олган.

Ироқ қўшинлари малакасини оширишга кўмаклашувчи 150 кишилик ҳарбий контингент ҳам мамлакат ҳудудини тарк этиб, Қувайтдаги базага жойлаштирилди. Эндиликда Ироқ парламенти ушбу британиялик ҳарбийларнинг Ироққа қайтиб келиб¸ ўз фаолиятини давом эттириши учун янги шартномани маъқуллаши шарт.

Янги шартнома Лондон ва Бағдод расмийлари томонидан қабул қилиниб бўлинган ва унинг келаси ҳафта давомида Ироқ парламенти тасдиғидан ўтиши кутилмоқда.

Британиянинг сўнгги аскари Ироқ ҳудудини тарк этар экан¸ ушбу воқеага бағишлаб ҳеч қандай тадбир ўтказилмади.

Британия қўшинларининг кўп қисми Ироққа киритилган 2003 йилдан буён Басра шаҳридаги базада жойлашган. 2003 йилда ҳарбий амалиётлар авжига чиқан маҳал Ироқдаги британиялик ҳарбийлар сони 46 минг кишига етган эди. Шу давр мобайнида Британия қўшинларининг Ироқдаги йўқотишлари 179 аскарни ташкил этди.

Ироқдаги ҳарбий миссия расман ниҳоясига етган бўлса-да, Британиянинг ўзида қўшинларнинг ҳарбий амалиётлардаги иштироки юзасидан қизғин баҳслар давом этмоқда.

Ушбу баҳслар натижаси ўлароқ 30 июлдан бошлаб ҳукумат ҳаракатлари ва Ироқ урушида берилган қурбонликлар қанчалик ўзини оқлаганини ўрганувчи жамоатчилик суриштируви бошланди.

Британия қўшинларининг Ироқдаги ҳарбий иштирокига қарши чиқувчилар бир неча йиллар мобайнида шундай суриштурув ишлари бошлашни талаб қилаб келаётган эдилар. Беш кишидан иборат қўмита раҳбари Жон Чилкот 30 июл куни қилган чиқишида суриштирув жараëнининг имкон қадар телевидение ёки интернет тармоғи орқали ёритилиб боришини таъкидлади:

- Биз олиб борадиган суриштирув иши қандайдир маҳкама жараёни эмас ва ҳеч ким судга тортилгани йўқ, бироқ бир нарсага ойдинлик киритмоқчиман. Қўмита танқид қилишдан ўзини тиймайди. Агар биз хатога йўл қўйилгани ёки бирон бир масаланинг яхшироқ йўл билан ҳал этилиши мумкин бўлганлигини аниқласак¸ биз бу ҳақда очиқчасига гапирамиз, деди қўмита раҳбари Жон Чилкот.

Ироқдаги уруш танқидчилари собиқ Бош вазир Тони Блэрни ҳеч қандай исбот-далилларсиз Буюк Британияни АҚШ бошчилигидаги коалицияга қўшганликда айбламоқдалар.

Танқидчилар, жумладан, Саддам Ҳусайннинг ядровий қуролга эга бўлишга уринаётгани юзасидан хавфсизлик хизматлари берган маълумотларнинг қанчалик ишончлилиги ва бу масала юзасидан жамоатчиликнинг қандай чалғитилгани борасидаги саволларни ўртага ташламоқдалар.

Айни пайтда Жон Чилкот ўз қўмитаси бир йил ичида ҳисобот эълон қилишига умид қилаётгани, бироқ иш кўлами кўплиги туфайли бу жараён 2011 йилга қадар чўзилиб кетиши мумкинлигини айтади. Қўмита ҳукумат расмийлари, жумладан, Тони Блэр ва унинг қўл остида ишлаганлар ва Ироқда нобуд бўлган британиялик аскарлар яқинларининг фикрлари билан танишади.

Британия қўшинлари Ироқни тарк қилгач¸ у ерда биргина АҚШ ҳарбийлари қолди. Жорий йил бошида коалицион кучларнинг асосий ҳамкоридан бири Австралия ҳукумати ҳам Ироқдаги ҳарбий амалиётлардаги иштирокини расман тўхтатган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда Ироқда АҚШнинг 130 минга яқин аскари хизмат қилмоқда. Вашингтон 2011 йилнинг якунига қадар барча ҳарбийларини Ироқдан чиқаришни режалаган.
XS
SM
MD
LG