Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:36

Президентлар хавфсизлик масаласини муҳокама қилдилар


КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг бу галги норасмий саммити Қирғизистон шимолидаги Чўлпонота шаҳрининг Руҳ Ўрдў маданий марказида бўлиб ўтмоқда.
КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларининг бу галги норасмий саммити Қирғизистон шимолидаги Чўлпонота шаҳрининг Руҳ Ўрдў маданий марказида бўлиб ўтмоқда.

31 июл куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган норасмий саммити ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Норасмий саммит ишида Россия, Қозоғистон, Беларус, Ўзбекистон, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари иштирок этдилар.

Анжуманга мезбонлик қилаётган қирғиз президенти Қурмонбек Бакиев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар ҳудудида хавфсизлик масаласи долзарб бўлиб турганини қайд этиб, яқиндагина Қирғизистонда икки террорчилар гуруҳи йўқ қилинганини эслатиб ўтди.

Шунингдек, Бакиев саммитда КХШТга аъзо давлатлар ҳудудида ахборот сиёсатини мувофиқлаштириш масаласини ҳам муҳокама этишни таклиф қилди.

Мажлис сўнгида президент Қурмонбек Бакиев ва КХШТнинг бош котиби Николай Бордюжа журналистларга анжуман хусусида сўзлаб бердилар. Уларга кўра, президентлар йиғинида КХШТ ҳудудида, хусусан, Кавказ ва Марказий Осиёда хавфсизлик масаласи муҳокама қилинган. Анжуман иштирокчилари КХШТга аъзо давлатлар ҳудудида ахборот сиёсатини мувофиқлаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш, Иссиқкўл соҳилида спорт-соғломлаштириш базасини қуриш ҳақида келишиб олганлар.

Ёпиқ эшиклар ортида ўтган йиғиннинг бошқа қарорлари ёпиқлигича қолди. Кўпчиликни қизиқтирган масала – Қирғизистон жанубида ҳарбий база очилиши масаласи йиғилиш кун тартибига киритилмади. Бироқ бу масала ҳали муҳокама қилиниши мумкинлигини КХШТ бош котиби Николай Бордюжа рад қилгани йўқ.

Аввалроқ Қирғизистон жанубида КХШТ доирасида ҳарбий база очилиши ҳақида хабарлар тарқалиб, бу маълумотни Россия томони тасдиқлаган ҳам эди. Бироқ кейинроқ Қирғизистон ва Россия расмийлари бу масала президентларнинг норасмий саммити чоғида кун тартибига қўйилишини билдирган эдилар.

Айни пайтда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адахан Мадумаров мамлакат жанубида Россия ҳарбий базасини ташкил этиш масаласини Қирғизистон ва Россия президентлари 1 август куни бўлиб ўтадиган икки томонлама учрашувда муҳокама қилишлари мумкинлигини айтди.

Мадумаровга кўра, база ташкил этиш масаласи икки томонлама ҳамкорликка оид бўлган масаладир. Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби 1 август куни Қирғизистон ва Россия ҳарбий ҳамкорлик ҳақида меморандум имзолаши кутилаётганини ҳам қайд этди.

Чўлпонотадаги норасмий саммит олдидан президентларнинг икки томонлама учрашувлари 31 июл куни ҳам бўлиб ўтган. Хусусан, 24.kg ахборот агентлиги хабарига қараганда, саммит олдидан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев икки томонлама учрашув ўтказганлар. Аммо бу учрашувда икки давлат президенти қандай масалаларни муҳокама қилгани юзасидан аниқлик киритилмаяпти.

КХШТнинг бу галги саммити президент Қурмонбек Бакиевнинг иккинчи муддатга сайланиши ва таваллудининг 60 йиллигига тўғри келди. Шу муносабат билан ташкилотга аъзо давлатларнинг раҳбарлари Бакиевни иккинчи муддатга сайлангани ва 60 ёшга тўлгани билан табрикладилар.
XS
SM
MD
LG