Линклар

logo-print

Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари ҳамда Бош прокуратура биносига ҳужум уюштирган Исломий жиҳод иттиҳоди Ўзбекистон ва бошқа давлатларга ҳозир ҳам таҳдид солиши мумкинми?

30 июл куни Тошкентдаги Исроил элчихонасида беш йил олдин элчихонага қарши уюштирилган худкуш ҳужум пайтида халок бўлган Ўзбекистон махсус хизматининг икки ходими, яъни, Вячеслав Макаров ва Озод Салоҳов хотирасини ёд этиш маросими бўлиб ўтди.

2004 йилнинг 30 июл куни Тошкентдаги АҚШ ва Исроил элчихоналари олдида ҳамда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг фойесида худкуш кимсалар ўзини портлатган эди. Ҳужум учун масъулиятни ўша пайтгача номи ҳеч кимга таниш бўлмаган Исломий жиҳод иттиҳоди ўз зиммасига олган эди.

Ўтган беш йил давомида Ўзбекистон ташқарисида, хусусан, Германия ва бошқа давлатларда ҳам террор ҳужумлари уюштириш билан таҳдид қилган Исломий жиҳод иттиҳоди қандай гуруҳ?

Унинг раҳбари ким? У қайси давлат ҳудудида фаолият юритиб келмоқда? Исломий жиҳод иттиҳоди Ўзбекистон ва бошқа давлатларга ҳозир ҳам таҳдид солиши мумкинми?

Озодлик мухбири шу ва бошқа саволлар билан Лондондаги “HIS Jane’s” тадқиқот гуруҳининг Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси Мэтью Клименсга мурожаат қилди.

Озодлик: Исломий жиҳод иттиҳоди раҳбарлари ким? Улар қайси давлат ҳудудида фаолият юритаётгани маълумми?

Мэтью Клименс: Исломий жиҳод иттифоқи АҚШ етакчилигидаги кучлар Толибон ҳаракатини ҳокимиятдан ағдариш учун Афғонистонга бостириб кирганидан кейин Покистоннинг қабилалар яшайдиган Вазиристон вилоятига қочиб ўтган Ўзбекистон исломий ҳаракатидан ажралиб чиққан гуруҳдир.

Исломий жиҳод иттиҳоди асосчиси ва раҳбари ҳисобланган Нажмиддин Жалолов Покистоннинг қабилалар яшайдиган минтақалари ва унга туташ ҳудудларда экани ҳақида тахминлар бор. Бундай дейишга сабаб Афғонистон ва атрофдаги коалиция кучларига ҳужум қилиш бўйича таҳдидлар ёзилган видеотасмаларнинг аксари шу минтақадан тарқатилган.

Озодлик: Исломий жиҳод иттиҳодининг қанча жангариси борлиги маълумми?

Мэтью Клименс: Афсуски, Исломий жиҳод иттиҳодининг қанча аъзоси борлигини аниқлаш жуда қийин. Бизнинг тахминларга кўра, гуруҳ аъзоларининг асосий қисми Покистон ва унга туташ ҳудудларда, чамаси, Вазиристонда фаолият юритади.

Гуруҳ аъзоларининг асосий қисми 100 дан ортиқ ўзбеклардан иборат. Гуруҳ аъзолари орасида покистонликлар ва афғонистонликлар бор. Айрим хабарларга қараганда, Исломий жиҳод иттиҳоди аъзолари орасида чеченлар ва бошқа миллат вакилларини ҳам учратиш мумкин.

Озодлик: Исломий жиҳод иттиҳодининг асосий молиявий манбаси нима?

Мэтью Клименс: Менимча, Покистондаги аксар гуруҳларнинг асосий молия манбаси турли жиноий фаолиятдан тушадиган пул ҳисобланади. Улар хориждан ҳам молиявий ёрдам олади. Бундан ташқари, бу гуруҳларнинг наркотиклар савдосига ҳам алоқадор экани айтилади.

Озодлик: Исломий жиҳод иттиҳоди Ўзбекистон ҳудудида яна ҳужум уюштириш имконига эгами?

Мэтью Клименс: Менимча, президент Ислом Каримов мамлакатда, айниқса аксар исломий гуруҳлар ўрнашган Фарғона водийсида жорий қилмиш қатъий хавфсизлик чоралари боис Исломий жиҳод иттиҳоди учун Ўзбекистон фаолият юритиш жуда қийин бўлган давлатдир. Менимча, май ойи охирида Тошкент ёки бошқа шаҳарлар эмас, балки Андижоннинг Хонободида маҳаллий милиция ва хавфсизлик структураларига қарши уюштирилган ҳужум Исломий жиҳод иттиҳоди фақат маҳаллий миқёсда ҳаракат қила олишини кўрсатади. Аммо Тошкент Фарғона водийсига яқин жойлашгани учун пойтахтга ҳам уюшган гуруҳ кириши мумкин. Шу боис ҳозир эмас, балки бир ёки икки йил давомида ҳужумлар уюштирилиши хавфи йўқ, деб бўлмайди.

Исломий жиҳод иттиҳоди ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг асосий нишони президент Ислом Каримов эканига асло шубҳа йўқ. Шу эътиборга олинса, жангари гуруҳлар ҳужумларни айнан Тошкентда амалга оширишни жуда хоҳлаши табиий. Бундай ҳужумлар Марказий Осиёнинг бошқа пойтахтларида, жумладан, Душанбеда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Озодлик: Айрим кишилар Ўзбекистондаги портлашларни хавфсизлик ходимлари уюштирганини айтиб, Исломий жиҳод иттиҳоди деган гуруҳ йўқлигини иддао қилган. Бундай иддаолар қанчалар асосли?

- Менимча, собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларида ҳужумлар амалга оширилса, шундай иддаолар қилинади. Исломий жиҳод иттиҳоди борлигига асло шубҳа йўқ. Исломий жиҳод иттиҳодининг Марказий Осиё минтақаси ва халқаро хавфсизликка таҳдиди мавжуд эканига ҳам шубҳа йўқ. Буни инкор қилиш имконсиз.

Мен Исломий жиҳод иттиҳоди мавжуд ва у хавфсизликка таҳдид солади, деб ўйлайман, дейди Лондондаги “HIS Jane’s” тадқиқот гуруҳининг Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси Мэтью Клименс.

Эслатиш жоизки, 2005 йил май ойида АҚШ “Исломий жиҳод иттиҳоди”ни халқаро террор ташкилотлари рўйхатига қўшган.
XS
SM
MD
LG