Линклар

Кимга байрам, кимга мотам...

  • Гулнора Равшан

Кузатувчилар Тожикистонда тил ҳақидаги янги қонуннинг турмушга татбиқ этилиши рус ва ўзбек мактабларидаги мавжуд муаммоларни янада кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

Кузатувчилар Тожикистонда тил ҳақидаги янги қонуннинг турмушга татбиқ этилиши рус ва ўзбек мактабларидаги мавжуд муаммоларни янада кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

Тожикистонда “Тил тўғрисидаги қонун”нинг янги варианти парламент муҳокамасига тақдим этилган шу кунларда мамлакатда яшовчи миллий озчилик вакиллари ўз ҳуқуқлари поймол қилаётганидан бонг урмоқдалар.

Икки ҳафтадирки, тожикистонликларнинг каттаю кичиги тил тўғрисидаги қонун янги варианти устида баҳслашади.

Тожик тилида сўзлашувчилар тожик тили чинакам Давлат тили мақомига эришажагидан суюнишса, ўзбек ва рус тилида сўзлашувчи кишилар янги қонун ҳар жиҳатдан уларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётганини айтиб қайғурмоқдалар.

Душанбе шаҳрининг Рудакий кўчасида истиқомат қилувчи 62 ёшли Анна Петровна янги қонун лойиҳаси тожикистонлик русийзабонлар учун янги тўсиқлар барпо қилажаги ҳақида айтади.

- Мен бу ерда ортиқ қололмайман. Бу қонун биз русийзабонларни мамлакатдан сиқиб чиқараяпти. Агар бу қонун кучга кирса, биз учун катта муаммолар пайдо бўлади. Тожик тилини билмаганим учун давлат идораларига мурожаат эта олмасам, демак, бу ерда яшашдан маъно йўқ.

Ёшим ҳам бир жойга бориб қолгани учун тожик тилини ўрганиш истаги ҳам, имконияти ҳам йўқ. Шунинг учун Россияга кетишга ҳозирлик кўраяпман. Агар янги қонун лойиҳаси ҳеч бир ўзгаришсиз тасдиқланса, менимча, нафақат руслар, балки ўзбеклар, қирғизлар ва бошқа миллат вакиллари Тожикистонни тез орада тарк этишади, дейди кўпни кўрган Анна Петровна.

Бошқа бир суҳбатдошимиз - 23 ёшли Кристина тил тўғрисидаги қонуннинг янги варианти амалга татбиқ этилишидан аввал Тожикистонда яшовчи миллий озчилик вакилларига тожик тилини ўрганиш учун шароит ва имкониятлар яратилиши зарур эди, дея мулоҳаза билдиради.

- Тожик тили ҳам бошқа тиллардек ер тили - ўрганса бўлади. Мана, француз, инглиз ва ҳатто хитой тилларини ўрганаяпмиз-ку. Буни ҳам ўрганса бўлади. Аммо расмийлар бу борада бироз хатога йўл қўйишди. Шунинг учун кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.

Менимча, янги қонунни қабул қилиш баробарида ҳукумат иш жойларида, қарияларга эса уйларида тожик тилини ўрганиш курслари ташкил қилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўшанда рус, ўзбек ва бошқа тилларда сўзлашувчи миллий озчилик вакилларининг ҳам, ҳукуматнинг ҳам муаммоси ҳал бўлади, дейди Душанбедаги Рус-славян университетининг учинчи курс талабаси Кристина.

Тил тўғрисидаги янги қонун лойиҳасида рус тилининг расмий муомаладан олиб қўйилиши тожикистонлик ўзбекларни ҳам ташвишлантираётир.

Суҳбатдошларимизнинг кўпчилиги рус тили мамлакатда яшовчи турли миллат вакиллари учун асосий мулоқот воситаси бўлганини айтадилар.

- Болаларим ҳам рус мактабларини битиришаяпти, келажакда уларга ҳам тил масаласида талайгина муаммолар бўлади. Масалан, мен ўзим тожикчани билмайман, сўзлашувда қийналаман. Тожикчада ёзишни ҳам билмайман. Бунга қадар давлат идораларига турли аризаларни рус тилида ёзиб келганман. Кейин тожик тилида жуда кўп форсча янги сўзлар бор. Уларни ўзлаштириш қийин, дейди Рудакий туманида яшовчи Қундузой.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Тожикистонда тил тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси тайёрланишидан анча аввал мамлакатдаги ўзбек синфларини тожик тилига кўчириш кампанияси бошланган экан.

Бошқа бир суҳбатдошимиз - маҳаллий журналист Отабек эса нафақат синфлар, балки бутун бошли ўзбек мактаблари ёппасига тожикчалаштираётганини айтади. Ўзаро суҳбат чоғида Отабек биргина Ваҳдат туманида икки йил аввал 33 та ўзбек мактаби бўлганини, бу йилга келиб улар сони 13 тага қисқарганини қайд этди.

- Бу мактабларда ўзбек тилидаги дарсликлар ёки ўқитувчилар етишмаслиги баҳонасида шундай қилинаяпти. Аммо аслида мутлоқо ундай эмас. Ҳатто баъзи жойларда ўзбек филологиясини битирган маҳаллий кадрлар ишсиз қолмоқдалар, дейди ўзаро суҳбатда Отабек.

Асли украиналик бошқа бир суҳбатдошимиз Анна Ивановна эса бу жараён постсовет ўлкаларининг барчасида кузатилаётганини, чунки ҳар бир мустақил давлат ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш кўраётгани ва бунга табиий ҳол деб қараш кераклигини айтади.

- Мана, Украинада ҳам айнан шундай муаммо бор. Ахир ҳар бир ўлка ўз Давлат тилига эга бўлишга ҳақли ва шунга интилади. Ўзбекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам, бошқа қўшни мамлакатларда ҳам шундай қилишаяпти. Бунинг нимаси ёмон?

Тожиклар ҳам ўз она тилларида иш юритишга ва она тилига Давлат тили мақоми беришга ҳақлилар. Мен бу қонунда миллий озчилик вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилинаётганини кўрмаяпман. Аксинча, биз бу тилни ўрганишимиз шарт, чунки шу мамлакатда яшаяпмиз, дейди Анна Ивановна.

Тожик жамиятида тил тўғрисидаги янги қонун атрофида турли баҳслар авж олаётган бир паллада мамлакат расмийлари қонунни тезроқ парламент тасдиғидан ўтказиб, кучга киритиш тараддудини кўрмоқдалар.

- Тожикистон парламенти ёзги дам олишдан қайтгач, энг аввало, Тил тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасига киришади ва жорий йил сентябрида бу қонун тасдиқланади, деди парламент матбуот хизмати раҳбари Муҳаммадато Султонов.
XS
SM
MD
LG