Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:57

Суд жиззахлик фермерни ҳибсда қолдирди


Жиззах вилояти Арнасой туман суди Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг Арнасой туман бўлими раиси ва фермер Оязимхон Хидировани узоқ муддатли қамоққа олиш учун санкция берди.

Оязимхон Хидирова 28 июл куни безорилик ва яна бир қанча бошқа айбловлар билан айбланиб ҳибсга олинган эди.

Қамоққа олинган кунидан бошлаб очлик эълон қилган Оязимхон Хидирова, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг Жиззах вилояти раиси Зиёдулла Раззоқовга кўра, унга узоқ муддатли қамоққа олиш учун санкция бериш масаласи кўрилган суд залида ҳушидан кетиб йиқилган:

- Суд прокурорнинг талабини қондириб¸ Оязимхон Хидировани қамоққа олиш чорасини белгилади. Оязимхон Хидирова бу ноҳақликларга чидай олмасдан суд залининг ўзида ҳушидан кетди. У бундан олдин адолатсизликларга чидай олмагани учун очлик эълон қилган эди. Ўша ерга тўғридан-тўғри тез ëрдам машинаси чақирилди ва касалхонага ëтқизилди¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Зиëдулла Раззоқовнинг айтишича, Оязимхон Хидировага қўйилаётган айблар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар сирасига кирса-да, лекин суд бу масалани адолатли кўрмади:

- Ëпиқ суд мажлисида прокурор: “Агарда бу очиқда турса¸ бизга халақит беради ва қочиб кетиш эҳтимоллари бор” деб ўз фикрини билдирди. Шундан сўнг унинг ҳимоячиси Нафас Камолов: “У аëл бўлса¸ неча йиллардан буëн раҳбар бўлиб келаëтган бўлса¸ қолаверса фермер. Бундан ташқари¸ у халқаро инсон ҳуқуқлари жамиятининг раисаси бўлса¸ либерал-демократик партиянинг аъзоси бўлса¸ қандай қочиб кетиши мумкин? Бунинг яшаш жойи мавжуд. Вояга етмаган икки нафар фарзанди ва оиласи шу ҳудудда бўлса. Унинг судланмаганлигини инобатга олиб¸ иложи бўлса уни судгача қамоққа олиш эмас¸ очиқда қолдириш чорасини қўллаш керак”, деди. Шундай бўлса ҳам уни қамоққа олиш бўйича санкция бериб юборишди¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Оязимхон Хидирова Ўзбекистон ЖКнинг 272-моддаси 2-қисми - "Безорилик", 184-модданинг 2-қисми - “Солиқ тўлашдан бош тортиш” ва 205-модда - “Мансабни суиистеъмол қилиш”¸ 168-модда - “Фирибгарлик” моддалари билан айбланмоқда. Зиëдулла Раззоқовнинг айтишича, бу айбловларда асос йўқ.

Оязимхон Хидирова Арнасой туманидаги фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келгани ҳамда туман ҳокими ва прокурорининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан мамлакат президентига ва Бош прокурорига шикоят мактуби ёзганлиги учун ҳам раҳбарлар уни тумандаги ортиқча бир шахс сифатида кўришмоқда. Аёл кишини безориликда айблаш эса, ҳуқуқ ҳимоячиси Зиëдулла Раззоқов фикрича, куракда турмайдиган ҳолатдир:

- Ғалла ўримининг қизғин палласида у раҳбар сифатида “Даладаги давлатга топшириладиган ғаллани ўрайлик, бизга техникадан ëрдам беринглар” деб келган. Ўша пайтда совхоз раҳбари ва участка нозири маст ҳолатда бўлган. Улар Оязимхонга: “Бор¸ мен сен билан гаплашмайман” деб сўкинган. 206-моддада кўрсатилган - ҳокимият шахслари оддий фуқароларга нисбатан қўпол муносабатда бўлса¸ уларга ҳам қонун олдида жавобгарлик кўрсатилган. Нега уларга ҳақорат қилиш мумкин экан-ку¸ оддий фуқарони ҳар бир ҳаракати учун қонунда кўрсатилган жазога тортиш керак? Унинг маст ҳолатда ходимлар билан қандай муносабатда бўлаëтгани¸ уларнинг шахсиятига тегаëтгани¸ қадр-қимматини оëқости қилаëтганига эътибор йўқ¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Оязимхон Хидирова Марат Зоҳидов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг Арнасой туман бўлими раиси бўлиб фаолият юритган. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиси Зиëдулла Раззоқовнинг айтишича, бу ташкилот шу кунгача мазкур воқеага ҳеч қандай муносабат билдирмаган:

- Биз анча пайтдан бери Марат Зоҳидов билан умуман алоқада эмасмиз. Марат Зоҳидовнинг ўзи йўқ. Бир марта Марат Зоҳидовнинг Россияда туриб қурултой ўтказганини ва янги раҳбар сайлаганини эшитганмиз. Янги раҳбар қурултой ўтказиб¸ вилоятдаги аъзолари билан танишув қилгани йўқ. Биз ҳозир ҳуқуқ ҳимоячисимиз. Лекин ўзимизнинг ҳуқуқимиз поймол бўлаëтганда ўзимиз ҳимояга муҳтожмиз. Ҳимоячи ҳимояга муҳтож. Чунки биз ҳозир бошсиз чавандозмиз¸ дейди Зиëдулла Раззоқов.

Сўнгги маълумотларга кўра, Оязимхон Хидирова соғлиғи ёмонлашганига қарамай, у касалхонадан мажбуран чиқарилиб, Дўстлик тумани ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Унинг яқинлари билан кўришишига рухсат берилмаяпти.
XS
SM
MD
LG