Линклар

logo-print

Ўзбекистондаги турли олий ўқув юртларига кириш ниятида 1 август куни тест топширган айрим абитуриентлар тест синовларида назорат ўта кучли бўлганини айтсалар, бошқалар бунинг акси бўлганини таъкидламоқдалар.

1 август куни Ўзбекистон олий ўқув юртларида тест синовлари бўлиб ўтди.

Биз ушбу жараённи ўрганиш мақсадида Тошкентдаги нуфузли олий ўқув юртларига ҳужжат топширган уч нафар абитуриент билан суҳбатлашдик.

Илк суҳбатдошимизнинг айтишича, абитуриентлар тонгги соат олтига чақирилган ва соат тўққизга қадар уларни бирма-бир текширувдан ўтказишган.

- Эрталаб турдик ва бордик. Болалар кириб кетаяпти экан. Мен ҳам бориб қўшилдим. Ичкарида иккита МХХ ходими туриб олиб текширди. Телефон бўлса телефонни¸ бошқа нарса бўлса, бошқа нарсани олаяпти. Ҳамма жойни титкилаб¸ ечинтиргандай қилиб текшираяпти. Пайпоққача ечтириб¸ нима бўлса, олиб қолаяпти. Китоб¸ шпаргалка¸ телефон ва ҳоказо.

Битта хонада 40 нафар абитуриент бор эди. 10 нафари шпаргалка ишлатди¸ иккитаси телефон ишлатди. МХХ ходимлари кирса¸ шпаргалка ва телефондан фойдалантирмайди. МХХ ходими кўриб қолса¸ протокол тузиб чиқариб юбораяпти. Мен борича ишладим¸ дейди илк суҳбатдошимиз.

У ўз билими билан тест синовларидан ўтиш учун кечаси билан китоб ўқиб чиққанини айтса, иккинчи суҳбатдош-абитуриент кечаси билан ухламасдан шпаргалка тайёрлаб чиққанини, бироқ тайёрлаган шпаргалкаларининг бирортасини ҳам тест топшириш биносига олиб кира олмаганини айтади.

- Қаттиқ текширди. Ҳеч ким ҳеч нарса олиб кира олмаяпти. Абитуриентларнинг ҳамма жойини текширишди. МХХ ходимлари турибди. Мен пайпоғимга она тили ва адабиëт фанидан шпаргалка тиқиб олган эдим. Кираëтганимда топиб олишди. "Пайпоқни еч"¸ дейишди. Китобни кичкина қилиб чиқаришган эди. Ўша ҳам бор эди. Уни ҳам топиб олишди.

Ичкарига кирганда¸ қўл партанинг устида туриши керак. МХХ ходими мен ўтирган хонадан бешта болани чиқариб юборди. Улар -билмайман қандай қилиб олиб киришган - шпаргалка олиб киришган экан. Кўриб қолишди ва имтиҳондан чиқариб юборишди. Мен энди яхши ишладим. Тарихдан ўзимнинг билганларим тушди. Инглиз тилини ҳам яхши ечдим. Инглиз тилидан тўртта-бешта хато қилдим-да. Қийин инглиз тили. Она тили ва адабиëтдан ҳам қийин тест тушди. Лекин ўзимга ишонаяпман¸ дейди иккинчи суҳбатдошимиз.

Биз суҳбатда бўлган учинчи абитуриент ҳужжат топширган олий ўқув юртидаги тартиб-қоидалар юқоридаги олий ўқув юртларидан кескин фарқ қиларкан.

- Ўзи кирадиган пайтда қонун-қоида бўйича иккита ручка¸ ДТМ ва паспорт олиб кириш керак эди. Лекин биз бемалол сув ҳам олиб киравердик. Сумкаларни ҳам олиб кирдик. Сотка олиб киришимиз табиий ҳол ва шпаргалка. "Текширилади" дейишди¸ лекин номига қараб қўйишди. Қизларнинг чўнтакларида шпаргалка тиқилиб ëтган эди. Бинога кириб ўтирдик. Кейин назоратчилар келди. Уларнинг шпаргалкани қўлимизда кўргани табиий. Уларга 3000 сўмдан пул йиғиб беришди ва улар индашмади. Ҳамма шпаргалкани бемалол ишлатаверди.

Озодлик: 3000 сўм нима учун йиғилди?

- Хонадаги назоратчи индамаслиги учун йиғилди. Комиссия келадиган пайтда назоратчи “йиғиштиринглар”, дейди. Комиссия чиқиб кетганидан кейин яна ишлатаверамиз. Болаларнинг 30 фоизи телефондан фойдаланишди. 40 фоизча бола эса шпаргалкадан фойдаланди.
Учтасининг телефонини олиб қўйишди ва 20 минутдан кейин яна қайтиб беришди. Бошида қўрқитиб қўйишмоқчи бўлди-да. Болалар баклашкага саволларни тиқишди ва пастга деразадан отиб юборишди. Пастдагилар унинг ичига жавобини солиб¸ қайтариб олишди.

Озодлик: Баклашкани қаердан олдингизлар?

- Аудиторияга ичгани сув олиб кирамиз. Сувни пастга тўкиб юборамиз ва ичига саволларни солиб, отиб юборамиз. Назоратчи талабаларга отамиз. Улар эса ечиб, бизга отиб юборишади. Умумий 108 та савол тушади. Учта фандан 36 тадан савол тушади. Учта фаннинг умумий бали 226 бўлади. Тахминимча¸ меники 140 баллга етиб қолса керак.

Озодлик: Бу балл билан кира оласизми?

- Энди билмадим. Балки контрактнинг охирига илинарман¸ дейди учинчи суҳбатдош.

Абитурент-суҳбатдошларимизнинг бирортасининг давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинишига кўзи етмайди. Уччаласининг ҳам ягона умиди шартнома асосида ўқийдиган талабалар рўйхатида жой олиш.

Ҳозирча уларни шартнома пуллари қизиқтирмаяпти.

Шундай бўлса-да, эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиш учун шартнома пули 30 фоизга қимматлаган. Янги ўқув йилидан талабаларнинг шартнома асосидаги бир йиллик тўлов пули ўртача 1200 АҚШ долларини ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG