Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:33

Аҳоли сони кўпайди, туғилиш камайди


Ўзбекистон статистика қўмитаси маълумотларида айтилишича, 2009 йил биринчи ярим йиллигида ҳар бир минг нафар ўзбекнинг еттиси оила қурган.
Ўзбекистон статистика қўмитаси маълумотларида айтилишича, 2009 йил биринчи ярим йиллигида ҳар бир минг нафар ўзбекнинг еттиси оила қурган.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2009 йил бошидан буён республика аҳоласи сони икки юз минг кишига кўпайди, айни пайтда туғилишлар сони камайди.

Статистика қўмитаси маълумотида айтилишича, 2009 йилнинг 1 июлида Ўзбекистон аҳолиси сони 27 миллион 733 минг 800 кишини ташкил этган. Фоиз ҳисобида олганда аҳоли 0,7 фоизга, яъни 200, 4 минг кишига кўпайган.

Маълумотда айтилишича, 2009 йил биринчи ярим йиллигида табиий ўсиш 214, 9 минг кишини ташкил этган. Чақалоқларнинг 124,7 мингги, яъни 58 фоизи қишлоқ жойларида туғилган.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси тарқатган маълумотда айтилишича, аҳоли сонининг ўсиши билан бир қаторда мамлакатда туғилишнинг камайганини кузатиш мумкин.

2009 йилнинг январ-июн ойлари оралиғида 2008 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан туғилган чақалоқлар сони 25,1 мингга кам бўлган. Бу эса туғилиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,2 фоизга оз бўлганини кўрсатади.

Туғилиш сонининг камайиши асосан Наманган, Андижон, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида кузатилган.

Сирдарё вилоятида, шунингдек, ўлим ҳолатлари ҳам кўпайган. Статистика қўмитаси маълумотида айтилишча, ўлим сони кўплиги бўйича Ўзбекистондаги етакчи ўринни Тошкент шаҳри эгаллайди.

Ўзбекистон статистика қўмитаси ўз ҳисоботида ўлим сабабларини ҳам келтириб ўтади. Маълумотга ишонадиган бўлсак, қон айланишнинг бузилиши сабабли оламдан ўтганлар ўлганлар сонининг 60,1 фоизини ташкил этади.Шунингдек, нафас йўллари касалланиши оқибатида 6,6 фоиз, бахтсиз ходисалар ва жароҳатлар оқибатида 6,1 фоиз одам вафот этган.

Маълумотда январ-июн ойлари оралиғида Ўзбекистонда бир ёшгача бўлган 3600 гўдак вафот этгани айтилади. Бу эса ўтган йилга нисбатан анча оздир.

Ўтган йили гўдаклар ўлими 13,1 промиллени ташкил этган эди. Жорий йил олти ойида эса бу кўрсаткич 11,5 промиллега етган (промилле-лотинча “Мингга” деган маънони англатади ва мингдан бир бўлак, 1/10 фоиз маъносини беради-таҳририят).

Вафот этган гўдакларнинг 36 фоизи нафас олиш йўллари касалликлари билан оғриган. Статистика маълумотида бир ёшгача вафот этган гўдакларнинг 2,9 фоизи юқумли касалликлар билан оғригани қайд этилади.

Айни пайтда 2009 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда 95,5 минг оила қурилган ва 8400 оила ажрашган. Бу эса ҳар бир минг аҳолига 7 никоҳ ҳамда 0,6 ажралиш тўғри келганини англатади.

Ўзбекистон статистика қўмитаси 2008 йил якунида мамлакат аҳолиси 483,1 минг кишига кўпайгани ва 2009 йилнинг 1 январига келиб республика фуқаролари сони 27,555 миллион кишига етгани тўғрисида ахборот тарқатган эди.
XS
SM
MD
LG