Линклар

Озодлик радиосининг "Эркин микрофон" дастурига сим қоқаётган мухлисларимизнинг аксарияти Ўзбекистонда ўз дард ва шикоятларини эшитадиган амалдорларнинг йўқлигидан нолимоқдалар.

Илк суҳбатдошимиз Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида яшовчи Алишер Раззоқов. Собиқ орган ходими бўлган Алишер яқинда Бекобод қамоқхонасида жазо муддатини ўтаб чиққан.

Алишер Раззоқов Бекобод қамоқхонасида ўзи гувоҳ бўлган бир ҳолатни тилга олади.

-Тошкент вилояти Бекобод туманидаги 64/21 сонли жазони ижро этиш муассасасининг ҳожатхоналар ва бошқа умумий ифлос сувлари битта жойдан чиқади. Шу ерда сувни ифлослантириш даражаси жуда катта экан. Муассасанинг ҳамма ифлос сувлари оқар сувга тушар экан. Бу сув келиб Сирдарëга қўшилади.

Бир марта томни ëпиш мақсадида тепага чиққан эдик. Қараб турсам¸ ҳожатхоналарнинг сувлари катта труба орқали ариққа тушаяпти. Йўлнинг у ëғида аҳоли яшайди. Шу ердан бир келинчак чиқиб¸ ичишга сув олиб кириб кетаяпти. У ердан ахир ҳар хил касалликлар чиқади. Шуни бир текширадиган ташкилотлар борми ëки йўқми? Сув ахир бизнинг ҳаëтимиз манбаи-ку. Ҳамма ичади бу сувни.

600 кишилик бу муассасада бемор бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. СПИД бор¸ бошқа ҳар хил касалликлар бор. Шу муассасадан чиқадиган ҳамма ифлос сув тўппа-тўғри шу ариққа тушади. Айланиб бир кун келиб пастроғидан биз ҳам сув ичишимиз мумкин¸ қанчадан қанча касалликлар тарқаши мумкин¸ дейди куйиниб Алишер Раззоқов.

Биз Алишер Раззоқов тилга олган ушбу ҳолатни кейинги дастурларимиз давомида батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Сурхондарёлик Жумабой Очилдиев. Жумабой акага кўра, Ўзбекистоннинг бошқа жойларида бўлгани каби сурхондарёлик пенсионерлар ҳам пенсия пулларини ўз вақтида ололмаяптилар.

Жумабой Очилдиев: Мен Сурхондарë вилояти¸ Қизириқ туманиданман. Мен ўзим инвалид одамман. Икки ойдан бери пенсияни ололганим йўқ. Маҳалладан ун¸ ëғ ололмай ëтибман.

Озодлик: Қайси ойни ололмаяпсиз?

Жумабой Очилдиев: Июн ойиникини ололмаяпман. Ярмини берди¸ ярмини ҳали бергани йўқ.

Озодлик: Нимага ярмини берди?

Жумабой Очилдиев: “Пул йўқ. пул кам. Берсак¸ тўрт-беш киши билан тамом бўлади” дейди.

Озодлик: Ярмини бериш олдин ҳам бўлармиди?

Жумабой Очилдиев: Олти ойдан бери шунақа бўлиб келаяпти. Почтамизнинг раиси алмашибди. Шу бўлгандан бери бўлиб бераяпти. 25 минг¸ 15 минг¸ 5000 қилиб беради. Ҳеч нарса ололмайсизам.

Озодлик: Бирор жойга мурожаат қилдингларми?

- Ўзбекистондаги ҳамма ташкилотлар фақат номига бор-ку. Гапингизни ҳеч эътиборга олмайди. Прокуратурага неча марта арз қилдик¸ неча марта ҳокимнинг олдига кирдик. Улар яхши яшаш учун¸ Нексия олиш учун амалда ўтирибди. Халққа уларнинг ҳеч фойдаси йўқ¸ дейди Жумабой Очилдиев.

Кейинги суҳбатдошимиз эса Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам туманида яшовчи Абдуқодир Рўзматов.

У www.ozodlik.org сайтининг муштарийларидан бири. Абдуқодир Рўзматов Озодлик радиосини хорижлик ўзбекларни Ўзбекистон билан боғлаб турувчи рамзий кўприкка ўхшатади.

Абдуқодир Рўзматов: Мен сизларни интернетда ўқиб тураман. Керакли¸ тўғри маълумотларни асосан сизлардан оламан. Телевидениеда берилаëтганлар тўлиқ эмас¸ ҳаммаси юзаки. Сизларда тўғри маълумотлар очиқчасига берилади-да. Ўзбекистонда сизларнинг сайтга тўсиқ қўйилганку. Бизда очиқча. Ўқишга имконият бор.

Озодлик: Сайрамликлар бизнинг радиони эшитишадими?

- Эшитадиганлар кўп. Кўпчилик "янгиликларни Озодлик орқали эшитдик" деб юради. Биздаги миллат вакилларининг фикри ижобий. Қўллаб-қувватлашади¸ дейди Абдуқодир Рўзматов.

Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқларининг айримларинигина эътиборингизга ҳавола қилдик.

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG