Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:29

Саммит тугади! Ким ютди?


Сиёсатшуносларга кўра, Иссиқкўл саммитида энг катта ютуқни қўлга киритган президент Қурмонбек Бакиев бўлди.
Сиёсатшуносларга кўра, Иссиқкўл саммитида энг катта ютуқни қўлга киритган президент Қурмонбек Бакиев бўлди.

Қирғизистонда ўтган Коллектив хавфсизлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммити собиқ совет ўлкалари ўртасидаги муносабатлар мураккаблашиб бораётганига яна бир далил бўлди.

Россия матбуотининг хабар беришича, норасмий саммитда иштирок этган Белорус президенти Александр Лукашенко Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига раислик қилишдан бош тортди. У Ўзбекистон президенти Ислом Каримовни қувватлаб, КХШТ тезкор кучларини ташкил этиш тўғрисидаги ҳужжатни имзоламади.

Айни пайтда Дмитрий Медведев ва Қурмонбек Бакиев Қирғизистон жанубига Россия базасини жойлаштириш борасидаги меморандумни имзоладилар.

Бу базанинг ташкил этилишига эса Ўзбекистон томони ўз норозилигини билдирган эди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа фикрича, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги бундай зиддиятли ва мураккаб муносабатларнинг шаклланаётганига энг биринчи навбатда иқтисодий муаммолар сабаб бўлмоқда.

- Марказий Осиёда сув-энергетика муаммоси анча кучли. Бу борада Ўзбекистон ва Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида қарама-қаршиликлар бор ва бу зиддиятлар давом этмоқда, - деди Николай Бордюжа.

Бироқ минтақа давлатлари ўртасида мавжуд келишмовчиликлар, жумладан, Ўзбекистоннинг Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий базасининг очилишига нисбатан қарши муносабати, Дмитрий Медведев ҳамда Қурмонбек Бакиевга Ўш ёки Боткен шаҳрида рус ҳарбий базасини ташкил этиш борасидаги меморандумни имзолашга тўсқинлик қила олмади.

Меморандумда Россия ҳарбий базасини 1 ноябргача ташкил этиш назарда тутилган.

Иссиқкўлда ўтган президентлар учрашувини кузатиб борган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, бу саммитдан энг кўп фойда кўрган томон Қирғизистон бўлди.

- Ютган томон асосан Қирғизистон бўлди. Биринчидан, Ўзбекистондан бошқа қўшни давлатлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун замин яратилди.

Ўзбекистон билан таранг бўлиб турган муносабатларни юмшатиш уринишлари самара бермади. Буни президент Ислом Каримов 1 август куни Қурмонбек Бакиевнинг туғилган кунида иштирок этмаганидан ҳам англаса бўлади.

Иккинчидан, КХШТнинг ҳарбий базасини жойлаштиришга рухсат берган Қирғизистон томони бу базанинг молиявий ва иқтисодий жиҳатларини фақат у Россия томонидан қуриб бўлингандан кейингина муҳокама қилиш шартини қўйди. Бу билан эса Бишкек ўзида кўпроқ манёвр қилиш имкониятини сақлаб қолди,- деди Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда сиёсатшунос Ўзбекистон томонининг Қирғизистонда Россия ҳарбий базасининг очилишига қаршилик қилаётганига ҳам муносабат билдирди.

- Бунинг иккита сабаби бор. Биринчиси, Қирғизистон АҚШ ва Россия билан мувозанатли сиёсат олиб бормоқда. Бунинг натижасида АҚШ Қирғизистонга ўз ҳарбий базаси ижараси учун 17 миллион ўрнига 170 миллион доллар ҳақ тўлайдиган бўлди.

Қирғизистонда Россия базаси очилса, бу ҳам мамлакат бюджетига қўшимча даромад келтиради. Россия томони бу базани молиявий жиҳатдан таъминлаш мажбуриятини олмоқда.

Қирғизистон катта давлатлар билан мувозанатли сиёсат олиб бориб бунинг эвазига моддий кўмак ҳам олмоқда. Ўзбекистон эса бундай мададга эга эмас. Хаттоки кейинги йилларда минтақа давлатларига моддий кўмак кўрсатаётган Хитой ҳам бу борада Ўзбекистонни четлаб ўтмоқда. Бу эса Ислом Каримовнинг ғазабини келтираётган бўлиши мумкин.

Иккинчи сабаб, Ислом Каримов минтақада лидерликни даъво қилади. Бироқ минтақада юз бераётган сиёсий воқеалар эса бунинг аксини кўрсатмоқда. Демак, Ўзбекистон сиёсий жиҳатдан ҳам ютқазмоқда,-деди Тошпўлат Йўлдошев.

Айни пайтда бишкеклик сиёсатшунос Турат Акимов Ўзбекистон томони Кремлнинг минтақадаги таъсирини сусайтириш мақсадида Қирғизистонда Россия ҳарбий базаси ташкил қилинишига қаршилик кўрсатаётгани ҳақида гапиради.

- Россия оз бўлса ҳам воқеликка таъсир кўрсатиб, вазиятни назорат остида сақлашга ҳаракат қилади. Бу база мужоҳидлар, террорчиларга қарши кураш учун очиляпти, деган гап бир баҳона ҳолос. Асосий мақсад эса минтақани назоратга олишдир,- деди Турат Акимов.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий саммити Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида 31 июл ва 1 август кунлари бўлиб ўтган эди. Унда ташкилотга аъзо бўлган барча давлатлар, яъни Россия, Қозоғистон, Беларус, Ўзбекистон, Арманистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари иштирок этдилар.
XS
SM
MD
LG