Линклар

logo-print

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан йўлланаëтган SMS-хабарлар, бўлаëтган қўнғироқлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар "Эркин микрофон" рукнида жамланди.

Илк суҳбатдошимиз Москвада меҳнат қилаётган ўзбек муҳожирларидан бири. Асли Сирдарёнинг Боёвут туманидан бўлган бу суҳбатдошимиз Россияда уларга яратилган меҳнат шароитларидан қониқишини айтади.

- Мана мажбур оилани ташлаб¸ Ўзбекистондан чиқиб Россияга келиб юрибмиз.

Озодлик: Қийинчиликлар йўқми?

- Худога шукур, ишлаëтган жойимиз яхши. Катталарнинг инсофи бор. Биров ундай¸ биров бундай деяпти. Бизда Худога шукур яхши.

Озодлик: Қанча ойлик оласизлар?

- 400-500 доллар бераяпти¸- дейди сирдарëлик тингловчимиз.

Мардикорлар орасида иш шароитларидан қониқиш ҳолатлари жуда кам кузатилади.

Бизга қўнғироқ қиладиган ўзбек мардикорлари одатда, асосан, муаммолар кўплигидан нолишади.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Ҳамро ҳам ўзбек мардикорлари дуч келаётган айрим муаммоларни тилга олади. Ҳамро Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманидан бўлиб¸ ҳозирда Россияда мардикорлик қилаяпти.

Ҳамро: Россиядан Ўзбекистонга боришда проблема бор-да. Масалан¸ Россия таможнясидан яхши ўтамиз¸ аммо Қозоғистон таможняси ўзбек халқини талон-тарож қилиб ташлайди. Оилангиз аъзоларига сирға¸ узук ëки пул олиб бораëтган бўлсангиз ҳам иложи борича тортиб олишади.

Озодлик: Буни ким қилади? Қозоқ чегарачиларими ëки ўзбек чегарачиларими?

- Қозоқ чегарачилари ва милицияси қилади. Уларга ҳеч қандай қонун-қоида йўқ. Ë пул беришингиз керак ëки ўша нарсани бериб ўтишингиз керак¸ - дейди Россияда мардикорлик қилаëтган қашқадарëлик Ҳамро.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан бўлган Абдуллоҳ исмли ўзбек йигити ҳам бизга сим қоқиб, ўзини қийнаётган бир муаммони тилга олди.

Абдуллоҳ кейинги пайтларда ўзбек миллатининг шаъни ва обрўси тушиб кетаётганидан куйинади.

- Ўзбекистонда яшаëтган одамларнинг жуда қийналаëтганини¸ дардларини эшитиб бизда ҳам озгина қийналиш бўлаяпти-да. Одамлар у ëққа бориб мардикорлик қилаяпти¸ бу ëққа бориб мардикорлик қилаяпти. Ўзбек деган номнинг шунчалик пастга тушиб кетганига мен ўксияпман-да.

Биз ҳам ўзбекмиз. Биз ҳам Қозоғистонга бориб ишлаймиз. Ўша ерда айрим ўзбекларни кўрсангиз¸ ҳатто намоз ўқигани ҳам қўрқади. Олмаотада аëллар фоҳишалик қилиб юрибди. Бунга нима сабаб экан? Қирғизистоннинг Ўш шаҳри дейсизми¸ Бишкек дейсизми. Бу жуда ачинарли ҳолда. Биз ўзбекмиз. Бу одамни ич - ичидан эзадиган¸ йиғлатадиган нарса.

Инсонларнинг ўлиб кетаëтганини эшитаяпмиз. Мана кеча тўртта ўзбекни сўйиб кетибди. Ўзбеклар шунақа бўлиб юраверармикан ëки инсон ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши бўлармикан? Мусулмон дегани одам қийналиб қолаяпти-да. Тушунаяпсизми? Ўзбек энг охирги сорт бўлиб яшаши керакми?- дейди куйиниб Абдуллоҳ.

Алижон исмли тингловчимизни эса Орол денгизи тақдири ташвишга солаяпти.

- Бизда Орол денгизи бор-ку. Москванинг бир жойида лойиҳасини кўрдим. Шу даража мукаммаллик билан ишланган проект. Буни менга бир одам кўрсатди. Оролга сув олиб бориш проекти ишлаб чиқилган. Бу проект қолиб кетадими ëки амалга ошиши мумкинми – мен бу нарсага жуда қизиқдим. Орол денгизи тарихда қандай аҳамиятга эга бўлган¸ ундан кейин ҳозирги пайтда ундан қишлоқ хўжалигида қандай фойдаланишаяпти¸ Оролнинг кейинги тақдири мени жуда ҳам қизиқтиради¸ - дейди Алижон.

Шу ўринда Алижоннинг саволига жавоб тарзида Орол денгизи бўйича қисқа бир маълумотни келтириб ўтсак.

Халқаро "Экосан" жамғармаси маълумотига кўра, сўнгги 40 йил мобайнида Орол денгизи деярли икки баравар қуриган. Бугунги кунда Орол денгизи сатҳи бундан 40 йил бурунгидан 29 метр пасайган. Натижада денгиз атрофидаги ҳудудларнинг 60 фоизи яроқсиз ҳолга келган ва йилига 75 миллион тонна туз Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларига тарқалмоқда.

Экологик ҳалокат оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати Орол денгизи бўйидаги минтақаларда қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни етиштиришга киришган.

Алижон исмли суҳбатдошимиз яна ўзбек киносининг бугунги кундаги аҳволидан қониқмаслигини айтади.

- Бугунги кунда Ўзбекистонда қанча хусусий студиялар ишлаяпти¸ кинорежиссëрлар фильм олаяпти. Ҳаммаси ҳинд киноларидай бир хил мавзу такрорланаяпти. Бирорта режиссëр кўнгилга ëқадиган тарихий ўзбек киносини олмаяпти. Қандай тарихмиз бор ахир. Давлатни кино орқали спортдан кучли тарзда дунëга танитса бўлади¸ - дейди Алижон.

Алижоннинг бу фикрларини ўзбекистонлик режиссёрлар эътиборга олишса ёмон бўлмас.

Озодликка бўлаётган кундалик телефон қўнғироқларининг айримларинигина эътиборингизга ҳавола қилдик.

Муҳтарам тингловчи, Озодликнинг “Эркин микрофони” сизга мунтазир!

Марҳамат, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг. Қўнғироқ ва SMS хабарларингизни кутиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG