Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:05

Имомнинг аҳволи ўнгланмоқда


Гувоҳларнинг айтишларича, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг аҳволи яхши томонга ўзгара бошлаган.
Гувоҳларнинг айтишларича, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг аҳволи яхши томонга ўзгара бошлаган.

31 июл кечаси пичоқлаб кетилган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов касалхонада ўзига кела бошлади. Бу ҳақда Озодлик радиосига уни касалхонага бориб кўрган яқинларидан бири билдирди.

Тошкент шаҳар имом-хатиби Анвар қори Турсунов Тошкентнинг Янгиобод маҳалласидаги уйи олдида чавақланган.

Турсуновнинг маҳалладошларига кўра¸ имомни пичоқлаганлар оқ Матиз машинасига тушиб қочиб кетганлар.

Айни пайтда давлат автомобил назорати бу юзадан қидирув эълон қилган .

Бунинг баробарида Тошкент масжидларида ҳам тунги текширувлар бошлангани ҳабар қилинди.

Жума куни пичоқлаб кетилган ва касалхонага ëтқизилган имом Анвар қори Турсуновнинг энг сўнгги аҳволи ҳақида уни касалхонага бориб кўрган сафдоши, таниқли дин олими шайх Абдулазиз Мансур гапиради.

Абдулазиз Мансур: Ҳозирча даволанаяптилар¸ гапираяптилар. Кўзларини очганлар. Энди соғайиб кетсалар¸ Худо хоҳласа, шунинг дуосида бўлиб турибмиз. Одамлар шов-шув қилиб¸ ҳар хил гап тарқатиб юборибди. Унақа эмас. Жароҳатлари ҳозир даволанаяпти.

Озодлик: Қаерда даволанаяпти? Мен 16-шаҳар касалхонасига телефон қилсам, “бу ерда йўқ” дейишди.

Абдулазиз Мансур: Йўқ¸ 16-шаҳар касалхонасида эмас. У Янгиободдаги касалхонада. Бу нарса уйида бўлганда. Шунинг учун уйига яқинроқ касалхонага ëтқизишган. Муфтий ҳазрат ва бошқа ҳаммаларимиз бориб кўриб келдик. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳозир жиноятчини топиш билан шуғулланаяпти. Ҳозирча аҳволлари яхши. Ҳозирча бошқа янги гап йўқ.

Озодлик: Айни пайтда маълумотлар камлиги боис турли миш-мишлар урчимоқда. Масалан, Тошкентдан Темур исмли йигит Озодликка қўнғироқ қилиб¸ имомнинг 18 жойига пичоқ урилганини бизга маълум қилди.

Абдулазиз Мансур: Йўқ¸ биз уч жойига деб эшитдик. Ўзингиз биласиз-ку¸ нечта жойига пичоқ урилгани эътиборли эмас. Бу қайси нозик нуқтасига урилгани ва жароҳатнинг ҳажмига боғлиқ. "Жигаргача етиб борган", дейишаяпти. Шунинг учун кўп қон йўқотганлар. Қон берилди. Ҳозир аҳволлари яхши.

Озодлик: Аслида воқеа қандай бўлган?

Абдулазиз Мансур: Биз Янгиободдаги уйига “Худойига айтгани келдик” деб, уч киши келиб, шу ишни қилиб кетибди, деб эшитдик.

Озодлик: Мана шу тафсилотларни ўрганиш баробарида 16 июл куни Кўкалдош мадрасасининг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари Аҳрор исмли кишининг ҳам ўлдириб кетилганига доир маълумотлар олдик. Бу маълумотлар тўғрими?

- Ҳа. У ҳам ўзининг домида номаълум шахслар томонидан пичоқлаб кетилган. У ўша пайтнинг ўзида ўлган¸ дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Тошкентлик мустақил журналист¸ жонига қасд қилинган имомнинг маҳалладоши Абдураҳмон Ташанов шайхнинг маълумотларига қўшимча киритди.

- 31 июл куни кечаси соат 22.30 лар атрофида Ҳамза туманидаги Янгиобод маҳалласидаги¸ бу бизнинг маҳалламиз¸ имомнинг уйининг эшиги тақиллаган. Уч нафар шахс Анвар қорининг ўғлидан дадасини чақириб беришини сўраган. Ўғли уйига кириб¸ қори ташқарига чиққанда кўчанинг четига олиб чиқиб, тўққиз жойидан пичоқ урган, дейишаяпти. Пичоқнинг бештаси қўли билан кўкрагини тўсганлиги учун қўлига теккан¸ тўрттаси қорин бўшлиғига теккан деган қўни-қўшниларнинг гувоҳликлари бор. Кейин уч нафар номаълум шахс оқ Матиз машинасига ўтириб¸ номаълум томонга кетган. Бугун Тошкент шаҳар бош бошқармасининг йўл-патрул хизмати шаҳардаги оқ Матизларни тутиб¸ кўздан кечиришаяпти¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Таниқли имомга қилинган суиқасд юзасидан Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари қўмитасига ҳам телефон қилдик

- Таниқли уламодир ëки бошқадир¸ дин ишлари бўйича қўмита дин ва давлат ўртасидаги мувофиқлаштирувчи ташкилот ҳисобланади. Бирор-бир жиноий ишлар билан¸ бирор-бир қотилликлар билан¸ бирор-бир ноқонуний ишлар билан шуғулланадиган ташкилот эмас. Мен бу тўғрисида маълумотга эга эмасман. Менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ¸ дейди Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги диний ишлар қўмитаси вакили.

Абдураҳмон Ташановга кўра¸ айни пайтда имом жонига қасд қилганлар қидирилмоқда. Тошкентдан олинган маълумотларга кўра¸ ИИБ ходимлари масжидларда тунги текширувлар ўтказишмоқда.

51 ëшли Анвар Қори Турсуновга нима мақсадда суиқасд қилишди? Бу саволга жавоб берар экан, суҳбатдошларимиз турли тахминларни илгари суришди.

Биринчи тахмин. Ўч олиш. Таниқли имом иши маҳкамада бўлган маҳкумлар ҳақида судларга экспертиза маълумотларини бериб турган. Кўпинча бу маҳкумлар узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

Иккинчи тахмин. Мол-мулк ва иқтисодий сабаблар замиридаги жиноят. Анвар қори имомлик қиладиган "Ҳожа Аҳрор Вали" масжиди Тошкентда энг катта экани ва муридлардан тушадиган закот эҳсонлар тақсимоти юзасидан низо эҳтимоли ҳақида ҳам гапирилади.

Учинчи тахмин. Ҳукумат тарафидан атайлаб уюштирилган тажовуз. Суҳбатдошларимиз назарида¸ таниқли имомга суиқасд диндорларга қарши репрессиянинг янги тўлқини учун замин ҳозирлайди.

Бу тахминларнинг барчаси терговчилар тарафидан кўриб чиқилмоқда.

Шу ўринда Анвар қори шахсига ҳам бирров назар ташласак. Тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов назарида¸ Анвар қори ҳам дунëвий¸ ҳам диний илмларнинг билимдони.

- Анвар қори 1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Мутахассислигига кўра фололог. У киши навоийшунос олим сифатида ўзининг тадқиқотларига эга. У филологлар ўртасида анча таниқли одам. Бу одам мустақиллик йилларидан кейин динга кирган. 2000-йилларда Тошкент Ислом Олий Маъҳадини битириб¸ Тошкент шаҳар бош имом-хатиби бўлган. Бу одамни бошқа диндорлардан ажратиб турадиган бир қанча жиҳатлар бор. У бошқа қорилардан, биринчидан¸ кучли ораторлиги¸ иккинчидан, ҳар қандай аудиторияни ўзига жалб қила олиши¸ учинчидан, телебошловчилик қобилияти¸ замонавий билимларни чуқур билиши билан ажралиб турарди. Бу одамнинг ўзбек классик шеъриятига ҳурмати ниҳоятда баланд. У Рауф аканинг жанозасини ўтказаëтган пайтда шунақа гўзал ташбеҳлар айтганки¸ биз буни ҳатто бундайроқ филологлардан ҳам эшитганимиз йўқ эди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Анвар қорини яхши билган таниқли уламо Обид қори Назаров гапиради.

- Ҳа¸ мен бу воқеани эшитиб жуда ҳам таъсирландим¸ жуда ҳам қайғуга чўмдим. Бундай бўлиши умуман одамнинг хаëлига келмайдиган нарса. Мен бундан жуда ҳам қайғуга тушдим. Оллоҳ у кишига шифо берсин¸ дейди Обидхон қори Назаров.

Обидхон қори Анвар Турсуновни ўтган аср охирида танилганини айтади.

- Биз бу киши билан совет давридан бошлаб танишмиз. Ўша пайтда яхши инсон¸ биродар сифатида танишганмиз. У киши ихлосли¸ эътиқодли¸ динга қайғурадиган инсон. Ўша пайтларда ҳам бу кишининг шогирдлари кўп бўлган. Айниқса¸ институтда ўқийдиган ëшлар бу кишига шогирд бўлиб¸ дарс олишарди. Матбуотда ишлайдиганлар¸ ëзувчилар¸ шоирлар билан ҳам бу кишининг алоқалари яхши эди. Уларнинг кўпчилигининг ҳидоятга келишларига бу инсон сабабчи бўлган¸ ўқимишли киши¸ дейди Обидхон қори Назаров.

Анвар қори Турсуновнинг кейинги пайтда ҳукуматга яқинлашгани маҳкумлар тақдирини ҳал қиладиган хулосаларга қўл қўйиб, зулмга хизмат қилгани ҳам бугуннинг реаллиги.

Обид қори назарида олимлар зулмга хизмат қилмаслиги лозим.

- Албатта¸ дин аҳли¸ илм аҳли бундай нарсаларда эҳтиëт бўлиши керак. Инсонларнинг ҳаëтига¸ умрига¸ тинчлигига дахл қиладиган нарсаларда ниҳоятда эҳтиëт бўлиш керак. Шунинг учун фатво беришда ҳам қаттиқ огоҳлантирилади. Инсонларга баҳо беришда ҳукуматнинг ëнида туриб¸ давлат сиëсати нуқтаи-назаридан келиб чиққан ҳолда мусулмонларга зарар бўладиган ишни қилишдан одам эҳтиëт бўлиши керак¸ дейди Обидхон қори Назаров.
XS
SM
MD
LG