Линклар

Тошкент эътироз билдирди


Ўзбек матбуоти Ислом Каримов ҳамкасби Қурмонбек Бакиев билан 31 июл куни Чўлпонотада бўлиб ўтган учрашувида Россия ҳарбий контингентининг Қирғизистон жанубида жойлаштирилиши юзасидан ўз эътирозини айтган-айтмагани юзасидан бирор расмий маълумот тарқатилга

Ўзбек матбуоти Ислом Каримов ҳамкасби Қурмонбек Бакиев билан 31 июл куни Чўлпонотада бўлиб ўтган учрашувида Россия ҳарбий контингентининг Қирғизистон жанубида жойлаштирилиши юзасидан ўз эътирозини айтган-айтмагани юзасидан бирор расмий маълумот тарқатилга

Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудида Россиянинг қўшимча ҳарбий контингенти жойлаштирилиши ғоясига қарши. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Жаҳон” ахборот агентлиги ёйинлаган баёнотда айтилади.

“Россия ҳарбий тузилмаларининг Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлишини мувофиқлаштирувчи ва Россия қўшимча ҳарбий контингентининг Қирғизистон ҳудудида жойлаштирилишини тартибга солувчи Россия Федерацияси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш ва такомиллаштириш ниятлари тўғрисида”ги меморандум 1 август куни Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ва Россия президенти Дмитрий Медведевнинг икки томонлама учрашувидан кейин имзоланганди.

Расмий Тошкент фикрича, Ўзбекистон томони мазкур меморандумда айтиб ўтилган “Қирғизистон жанубида Россия қуролли кучлари қўшимча контингентининг жойлаштирилиши борасидаги режаларни амалга оширишдан бирон бир зарурият ва мақбуллик кўрмаяпти”.

“Бу каби лойиҳаларнинг мураккаб ва олдиндан айтиб бўлмайдиган, Ўрта Осиёнинг учта республикаси чегаралари бевосита туташган ҳудудда амалга оширилиши ҳарбийлашув ва миллатчиликка асосланган турли зиддиятларни келтириб чиқарувчи жараёнлар, шунингдек, кенг минтақадаги вазиятнинг жиддий беқарорлашувига олиб келиши мумкин бўлган радикал экстремист кучлар чиқишларининг кучайишига туртки бериши мумкин”, дейилади “Жаҳон” ахборот агентлигида ёйинланмиш баёнотда.

Қирғизистон жанубида (Ўш ёки Боткен вилоятида) Россия ҳарбий контингенти жойлаштирилиши ҳақида анча вақтдан буён сўз юритилаётганди. Айни пайтда бу Россиянинг Қирғизистондаги иккинчи базаси бўлажаги (Қирғизистоннинг Қант шаҳридаги Россия ҳарбий базаси Асқар Ақаев президентлиги давридан буён фаолият кўрсатиб келади) ҳақида ҳам тахминлар айтилаётганди.

Бироқ ўтган ой бошида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев бунинг база эмас, халқаро террорчиликка қарши курашувчи аксилтеррорчилик маркази бўлиши ҳақида билдирганди.

- Бу марказда халқаро террорчиликка қарши кураш бўйича машқлар ўтказилади. Бундай таҳдид бугунги кунда Қирғизистон жанубида мавжуддир, деган эди президент Бакиев.

Қирғизистон жанубида Россия ҳарбий контингенти жойлаштирилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлиши биланоқ Ўзбекистоннинг турли даражадаги расмийлари тилидан бунга эътирозлар билдириб келинаётганди. Хусусан, Ўзбекистон Сенатининг ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси сенатор Сурайё Одилхўжаева Озодлик радиосига янги базанинг минтақа хавфсизлигига ҳисса қўшмаслигини таъкидлаганди.

- Мен шахсан сенатор сифатида Марказий Осиёда ҳарбий базалар қанча кам бўлса, шунча яхши деб ҳисоблайман. Хусусан, бу масалани муҳокама этмаганмиз ва менинг фикрим расмий позицияни акс эттирмаслиги мумкин.

Аммо бир нарсани айтмоқчиманки, Ўзбекистон ва минтақа хавфсизлиги кўплаб омилларга боғлиқ масаладир. Янги базанинг очилиши эса хавфсизликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшмайди, деган эди июл ойи бошида Ўзбекистон сенатори.

Аснода “Жаҳон” ахборот агентлиги сайтида пайдо бўлган баёнот бу фикр расмий Тошкент позициясини тўла акс эттиришини кўрсатиб турибди.

Ўз навбатида, Россия сиёсатчилари КХШТ доирасида Ўзбекистон ҳукуматининг позициясига очиқчасига эътироз билдирмоқда. Россия Давлат Думаси қошидаги МДҲ бўйича қўмита мутасаддиси Константин Затулин Қирғизистон жанубида янги база барпо этилишидан расмий Тошкент кўраëтган таҳдидларнинг асоссиз эканини билдиради.

- Ўзбекистоннинг ўзи айрим қўшни давлатларига таҳдид солаётганини инобатга олмасак, шахсан мен бу базанинг Ўзбекистонга қандайдир таҳдид қилишини кўрмаяпман. Каримов ҳатти-ҳаракатлари остидаги мантиқ ҳарбий-мудофаа соҳасидаги интергацион жараёнлар оёғига болта уришдир.

Россия Марказий Осиё давлатларининг КХШТдаги ўз аъзолигига жиддий танлов сифатида ёндошишини хоҳлайди. Аммо айримлар бир вақтнинг ўзида бир неча стулга ўтириш мумкин, деб ҳисоблайди. Лекин бунақаси кетмайди, дейди Ўзбекистон эътирозига жавоб бера туриб Россия сиёсатчиси.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG