Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:45

Рус базаси масаласи баҳсларга сабаб бўлмоқда


Россиянинг Қирғизистон жанубида қўшимча ҳарбий контингент жойлаштиришга оид режаси Тожикистон сиёсий доиралари ва таҳлилчиларини ҳам бефарқ қолдирмади.

Расмий Тошкент Қирғизистонда Россиянинг қўшимча ҳарбий кучлари жойлаштирилишига қаршилик кўрсатиб турган бир пайтда тожик расмийлари ҳозирча бу масала юзасидан ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Мавзу юзасидан Тожикистон ҳукуматининг муносабатини билиш мақсадда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига сим қоқдик.

Вазирликнинг ўзини таништирмаган ходими Тожикистон томонидан бу борада расмий баёнот тайёрланаётганини билдирди.

- Аммо, агар Россия ва Қирғизистон ўртасида бу борада имзоланган меморандум борасида дипломат сифатида ўз шахсий фикримни билдирадиган бўлсам, яхши иш бўлмапти, дея қўшимча қилди тожик дипломати ўзаро суҳбатда.

Россия ҳарбий контингентининг Қирғизистон жанубида жойлаштирилиши масаласи Тожикистондаги сиёсий доиралар ва мустақил таҳлилчилар орасида ҳам турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси ахборот-таҳлилий маркази бошлиғи Ҳикматулло Сайфуллозода Россия фақат ўз геосиёсий манфаатларини кўзлаган ҳолда минтақада янги ҳарбий база ташкил этишга уринаётганини таъкидлайди.

Сайфуллозодага кўра, бу масалада Ўзбекистоннинг ташвишларида асос бор.

- Россия ташкил қилмоқчи бўлаётган янги ҳарбий база Марказий Осиёдаги давлатларда тинчлик-барқарорлигини сақлаб қолиш ва бу давлатлар порлоқ келажагини таъминлаш учун халақит беради, десак муболаға бўлмас. Аввало шуни айтиш лозимки, ҳар қандай йирик давлат фақат ўз геосиёсий манфаатларини кўзлаган ҳолдагина ўз аскарларини у ёки бу минтақага жойлаштиради. Россия ҳам айни шу мақсадда, минтақада ўз ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида бу режасини амалга оширмоқда. Аммо минтақадаги хавфсизликка таҳдид масаласи руслар бўрттириб кўрсатаётган даражада эмас, дейди Сайфуллозода.

Таҳлилчи русларнинг Қирғизистон ҳудудида ҳарбий база ташкил қилишдан яна бошқа бир мақсади минтақа давлатлари ўртасида “катта ўйин”ни давом эттириш эканини ҳам таъкидлайди.

Бу ўринда у Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги гидроэнергетик иншоотлар ва сув заҳиралари масаласи атрофидаги минтақавий жанжалларга ва бунда Россия юргизаётган икки хил сиёсатга ишора қилади.

Тожикистон Социал-демократик партия раиси Раҳматулло Зоиров ҳам бу фикрларни қувватлар экан, Россия янги ҳарбий базасининг минтақада фаолият бошлаши, Марказий Осиёнинг бир неча қисмга парчаланиб кетишига олиб келади, дея мулоҳаза юритади.

- Марказий Осиёда русларнинг ҳарбий базасига умуман зарурат йўқ.
Сўнгги вақтларда Россия ва АҚШ муносабатлари Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида ўз аксини топмоқда. Ва ишонч билан айтиш мумкинки, Қирғизистоннинг Боткенида руслар ҳарбий базасининг ташкил топиши Ўзбекистон манфаатларига зид келиши мумкин ва шундай ҳам бўлади.

Бу ҳали муаммонинг бошланиши. Агар минтақа давлатлари ўзаро тил топиша олмасалар ва Марказий Осиё хавфсизлигини биргаликда, ҳамжиҳатликда таъминлай олмасалар, улар шу йирик давлатлар товони остида парчаланиб, йўқ бўлиб кетиши мумкин, дейди Зоиров.

Унга кўра, Марказий Осиё учун ҳеч қандай ҳарбий базанинг, аниқроқ айтганда, милитаризациянинг зарурати йўқ. Зоиров фикрича, минтақадаги хавфсизлик масалалари фақат ҳарбий воситалар билан ҳал бўлмайди, балки мавжуд экологик, иқтисодий, ижтимоий технологик масалаларга ечим топиш ортидан Марказий Осиёдаги хавфсизликни таъминлаш мумкин.

Аммо Тожикистон сиёсатшунослар миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимов Россия ҳарбий базасининг Марказий Осиёдаги фаолияти минтақа хавфсизлигини савол остига қўяётган ташқи кучлардан қалқон эканини таъкидлайди.

- Кўпинча Остона, Душанбе ёки баъзан Тошкент Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари бўйича минтақавий ҳамкорлик қилиш ташаббуси билан чиқади. Аммо бу ташаббуслар ҳар доим ҳам натижа бермаган. Афғонистон ва Покистондаги вазиятнинг минтақага таъсирини уччала давлат - Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда рўй берган террористик амалиётлар мисолида кўрдик. Бундай воқеалар такрорланмаслигига ким кафолат бера олади. Ўйлайманки, айни пайтда русларнинг минтақадаги ҳозирлиги фойдадан холи эмас, дейди Мамадазимов.

Мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов бу фикрларни тўлдирар экан, минтақада халқаро террорчиликка қарши кураш авжига чиққан айни пайтда Россия минтақа давлатларига бу масалада таянч сифатида зарур, деб билади.

- Аммо бу ўринда Ўзбекистоннинг Россия режаларига қаршилиги расмий Тошкент таъкидлаётгани каби руслар базаси минтақада беқарорлик ва милитаризацияни вужудга келтиришида эмас. Балки минтақада лидерлик даъвосини қилиб келаётган Ислом Каримовнинг шахсий амбицияси бу ерда устунлик қилаяпти. Ўзбекистонни кўпроқ Россиянинг Тожикистон ва Қирғизистон билан яқин ҳамкорлиги ташвишга солган, дейди Исмоил Раҳматов.

Унга кўра, Россия ҳарбий базасининг Марказий Осиёдаги фаолияти тўлалигича минтақа хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
XS
SM
MD
LG